Ўзбекистон ҳали ҳеч бир Марказий Осиё давлати қилмаган ишни қилди - Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Кобулдан эвакуация этилаётганлар

Сурат манбаси, VERTEIDIGUNGSMINISTERIUM / TWITTER

Расмий Тошкент Толибон қудратга қайтган бир манзарада Кобулдан авиаташувларга рухсат берди. Ўзбекистон томонининг бу қарори билан аллақачон 300 га яқин одамнинг хавфсизлиги таъминлангани айтилди.

Ўзбекистон ва Германия президентлари фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш масаласида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.

Афғонистонда якшанба куни амалдаги ҳукумат қулаган.

Пойтахт Кобулни Афғонистон Толибон ҳаракати эгаллаган.

Исломий Амирлиги қулашидан 20 йил ўтиб, яна қудратга қайтган, ҳозир янги ҳукумат тузиш ҳаракатида.

Ҳаракатнинг Исломий Амирлиги қудратда бўлган пайтда Афғонистонда Шариатнинг улар талқинидаги қатъий шакли амал қилган.

Хотин-қизларнинг бурқада юришларини шарт қилган, кўчага эркак ҳамроҳсиз чиқишлари, ишлаш ва таҳсил олишларини маън этган.

Тошбўрон, қўлни кесиш каби жазо чоралари амалда бўлган, мусиқа, телевизорни тақиқлаган.

Афғонистоннинг амалдаги дунёвий президенти қочган, ҳукумат ҳалича тинч йўл билан ҳеч кимга топширилмаган.

Толибонни мамлакатни "яшин тезлигида эгаллаши" кўпчиликни шошириб қўйган.

Бу ҳатто ҳаракат "тарихий битим"га эришган ва Афғонистонда сўнгги 20 йил ичида ҳозир бўлган АҚШнинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган.

Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши ортидан, ўн минглаб одам Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида.

Ҳатто дунёнинг етакчи давлатлари ҳам Афғонистондан ўз дипломатлари ва фуқароларини олиб чиқиб кетишга улгуришмаган.

Уларнинг хавфсиз эвакуацияси учун ҳатто АҚШ ва Буюк Британия Афғонистонга юзлаб ҳарбийсини юборган.

Кобул халқаро аэропорти кетиш илинжида бўлган одамларга тўлиб кетган.

Тасвирлар дунё бўйлаб кўпчиликни шокка ҳам солмай қўймаган.

Улар учаётган самолётга ёпишиб бўлса-да, Афғонистонни тарк этишга уринаркан, инсоний фалокатларга оид хабарлар олинган.

Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари эса, Кобулдан АҚШга келиб қўнган самолётдан одам жасади қолдиқлари топилгани ҳақида ҳам ёзишган.

Сурат манбаси, Getty Images

Афғонистонлик қочқинлар кун тартибида

БМТ Афғонистонга қўшни давлатларни афғон қўшинларига ўз эшикларини очишга устма-уст чақириб чиққан.

Толибон ҳам Афғонистондан кетмоқчи бўлаётган ҳеч кимга тўсқинлик қилинмаслигини айтган.

Аммо ҳаммани "афв этгани", "ҳеч кимдан қасос олиш", бирор бир кишини "сўроқ" қилиш нияти йўқлигини айтган.

Ҳаракат матбуот воизи кеча, сешанба куни пойтахт Кобулда матбуот анжумани берган.

Ўзбекистон ва Германия президентларининг телефон мулоқотига оид хабар худди ана шу даъват ва баёнотлардан қисқа вақт ўтмай олинган.

Германия Афғонистондан афғонлар ва бошқа хорижий давлат фуқароларидан иборат 10 мингга яқин кишини олиб чиқиб кетиш ҳаракатида.

Худди шу мақсадда Ўзбекистон билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қарор қилган, кеча, 17 август куни томонлар бу масалада бир тўхтамга келишгани маълум бўлган.

Германиядаги Ўзбекистон элчихонасининг билдиришича, шу пайтгача 260 дан зиёд инсоннинг хавфсизлиги таъминланган.

Элчиликнинг билдиришича, энди уларнинг барчаси Ўзбекистондан Германияга учишлари мумкин бўлади.

Хабарларга кўра, Германия Қуролли кучларининг иккинчи эвакуация самолёти кеча, 17 август куни Афғонистондан пойтахт Тошкентга келиб қўнган.

Сурат манбаси, Verteidigungsministerium / Twitter.

Ўзбекистондан ҳаво кўприги очилган

Шу соатларда бортида Кобулдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 139 нафар йўловчи бўлган илк самолётнинг Германияга бориб қўнганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистон элчихонаси ўз хабарида Тошкент ва Кобул ўртасидаги ҳаво кўпригининг аҳамиятини алоҳида урғулаган.

Мазкур ҳаво кўприги Афғонистон пойтахтида хавфсизлик вазияти имкон бергунига қадар эвакуациянинг жадал давом этишини таъминлашини айтган.

Икки давлат ўртасидаги келишув кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Афғонистондаги инсоний инқироз фонида ижобий талқин ва баҳоларга сабаб бўлган.

Шу соатларда Ўзбекистон пойтахтидан эртага, 19 августдан бошлаб, Тошкент-3 аэропорти ёпилишига оид хабарлар ҳам олинган.

Мазкур қарорнинг техник сабабларга кўра олингани айтилган.

Бу аэропортдан, одатда, маҳаллий авиақатновлар амалга оширилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати расман маълум қилган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳам билдиришнома билан чиққан.

Вазирлик Тошкентдаги аэрпортнинг маҳаллий терминали Кобулдан Тошкент орқали транзит қилувчиларнинг тўхтовсиз эвакуациясини таъминлаш учун ажратилганини маълум қилган.

Улар сирасида Германия, Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар ва Афғонистон фуқароларини тилга олиб ўтган.

Маълум бўлишича, эвакуация қилинганларнинг барчаси Германияга жўнаб кетгунларига қадар мазкур аэропортнинг транзит ҳудудида бўлишади.

Шу соатларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия канцлери билан ҳам телефон мулоқотига оид хабарлар олинган.

Бу мулоқотлар чоғида ҳам Афғонистон масаласи кун тартибида бўлгани айтилган.

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон каби Афғонистонга чегарадош.

Толибон Афғонистонни деярли тўлиғича босиб олган сўнгги икки ой ичида давлат чегараси бир неча бор бузилган.

Толибларнинг ҳужумидан қочиб, ўнлаб афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуроллилар ҳудудига қочиб ўтган.

Расмий Тошкент лозим расмиятчиликдан сўнг уларнинг барчасини ортга - Афғонистонга қайтарган.

Афғон томонини бундай қилмаслик билан устма-уст бир неча бор расман огоҳлантирган.

Қарийб икки ойдирки Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси ҳам бир томонлама ёпиқлигича қолмоқда.

Аммо Ўзбекистон томони бунинг сабабини Афғонистонда ковид билан боғлиқ кескин ёмонлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Минтақа давлатлари орасидан ҳозирча Тожикистон ўн минглаб қочқинларни қабул қилиш истагидаги ягона Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида худди шу мақсадда махсус лагерь барпо этиш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳам олинган.

Қирғизистон фақат 500 нафар афғон ёшларига виза бериш таклифи билан чиққан.

Ўзбекистон эса, Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта (35 млн.га яқин) давлати бўлади.

Афғонистондан, бундан ташқари, узоқ йиллар давомида минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг сафларидан ажралиб чиққан айрим кичиклари ҳам бошпана топиб келишган.

Яқинда Толибон сафларида минглаб хорижий жангарилар борлиги ҳақида хабарлар олинган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашида эса, толиблар билан бирга Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари ҳам жанг қилишгани далолати кучайиб бораётганига оид хавотирлар ҳам янграган.

Сурат манбаси, Getty Images

Афғон қочқинлари Марказий Осиё давлатларидаги вазиятни издан чиқариб, беқарорлаштириши мумкинлиги сўнгги ойларда ҳатто Россиянинг жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Минтақа ва Афғонистон

Ўзбекистон Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари таъминотида муҳим ўрин тутиб келган.

Ўзбекистон ва Афғонистонни халқаро аҳамиятга молик, стратегик жиҳатдан ўта муҳим Ҳайратон кўприги боғлаб туради.

Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл ҳам узанган.

Автомобил қатнови ҳам фаолиятда бўлиб келган.

Ўзбекистон Шимолий Таъминот тармоғининг муҳим узви бўлган.

АҚШнинг "террорга қарши уруши"га ҳам бош қўшган.

Ўз вақтида Американинг ҳаво базасига ҳам мезбонлик қилган.

Ўзбекистон ҳозирга қадар Афғонистондаги қайта тиклаш ишларида муҳим ўрин тутиб келаётган саноқли минтақа давлатларидан бири бўлади.

Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ҳозир ҳам ишлаб турибди, ҳали ҳам ёпмаган.

Ўтган ой бошида айрим Ғарб нашрларида АҚШ уч Марказий Осиё давлатидан 9 мингга яқин афғонга вақтинча бошпана бериб туришини сўрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Сўз Афғонистонда АҚШ кучлари билан бирга ишлаган, дейлик, уларга таржимонлик, ҳайдовчилик қилган 9 мингга яқин афғон ҳақида кетаётгани маълум бўлган.

АҚШ ҳукумати уч Марказий Осиё давлатидан Нато Афғонистонни тарк этгунга қадар уларга вақтинча бошпана бериб туришларини сўрагани айтилган.

Уларнинг энди Толибоннинг "қасосидан қўрқишаётгани" бунинг асосий сабаби ўлароқ келтирилган.

Бунинг ортидан, Қозоғистон АҚШ ҳукумати бу масалада ўзларига расман мурожаат қилмаганини баён қилиб чиққан.

Аммо ўшанда расмий Тошкент ва Душанбенинг айни мазмундаги хабарларга муносабати ноаён қолганди.

Расмий Тошкент кеча, 17 август куни "Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини ҳам қўллаб-қувватлаши"ни баён қилган.

"Афғонистонда ҳокимият транзитининг халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилиши"га умид қилаётганликларини таъкидлаган.

Шу соатларда Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий лидерларининг пойтахт Кобулга келишлари кутилмоқда.

Аммо Афғонистоннинг вице-президенти вазифасини бажарувчиси мамлакат Конституциясига мувофиқ ўзининг муваққат президент эканини айтиб чиққан.

Амруллоҳ Солиҳ ҳеч қачон Толибонга таслим бўлмаслиги ва уруш ҳали тугамаганини билдирган.

Ҳозирча дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek