Тожикистон президенти Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини айтди, ўзбекларни ҳам тилга олди, расмий Тошкент-чи? Афғонистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Тожикистон президенти ва Покистон Ташқи ишлар вазири

Сурат манбаси, official

Покистон Ташқи ишлар вазири Толибон қудратга қайтган бир манзарада минтақага сафар қилди. Афғонистонга чегарадош Тожикистон ва Ўзбекистонда бўлди. Покистон Толибонга катта таъсирга дунёдаги ягона давлат сифатида кўрилади.

Маҳмуд Қурайший кеча, 25 август куни ҳар икки Марказий Осиё давлатлари президентлари қабулида бўлди, улар билан юзма-юз мулоқот қилди.

Ҳам Душанбе ва ҳам Тошкентда кечган музокараларга оид расмий хабарлардан Афғонистондаги бугунги вазият - кун тартибидаги энг асосий масалалардан бири бўлгани англашилди.

Худди шу манзарада Тожикистон президенти ва Покистон Ташқи ишлар вазири ўртасидаги мулоқот тафсилотлари кибер фазода кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортгани бўлгани кўрилди.

Маълум бўлишича, Душанбедаги ўзаро мулоқот чоғида Афғонистондаги бугунги вазият минтақа хавфсизлигига асосий таҳдидлардан бири экани қайд этилган.

Фактлар толибларнинг Афғонистондаги бошқа сиёсий кучларни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли муваққат ҳукумат тузиш ҳақидаги олдинги ваъдаларидан воз кечиб, исломий амирлик тузиш ҳаракатидаги эканига яққол далолат қилаётгани айтилган.

Душанбедаги учрашув

Сурат манбаси, official

Тожикистон президенти ва Покистон Ташқи ишлар вазири учрашувига оид айни мазмундаги хабар кеча, 25 август куни Тожикистон президентининг расмий веб саҳифасида чоп қилинган.

Унда Тожикистон томони афғон халқига, жумладан, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралагани айтилган.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Узоқ йиллик урушлар боис, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.

Аммо Тожикистон президентининг Покистон Ташқи ишлар вазири билан учрашуви чоғида нега ўзбеклардан ҳам ном тутгани сабаби номаълум.

Маълум бўлишича, худди шу мулоқот чоғида Тожикистон томони Афғонистондаги сиёсий муаммоларга зудлик билан барҳам берилиши учун мамлакатдаги барча миллий озчиликлар вакилларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат тузилиши шарт эканини таъкидлаган.

Ўз ўрнида, Тожикистон президенти матбуот хизматининг расмий хабарида этник тожиклар Афғонистон аҳолисининг 46 фоизини ташкил этиши ҳам тилга олинган.

Бунинг ортидан эса, Тожикистон Афғонистонда бутун афғон халқи, айниқса, барча миллий озчиликларнинг мавқеини инобатга олмай, зулм ва таъқиблар асосида қурилган бошқа ҳар қандай ҳукуматни тан олмаслиги расман ва ошкора баён қилгани билдирилган.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Тожикистон президенти ва Покистон Ташқи ишлар вазирининг учрашуви чоғида этник тожикларнинг янги афғон ҳукумати таркибида муносиб ўрин эгаллаши зарурлиги урғуланган.

Тожикистон халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мураккаб сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни музокаралар йўли билан барқарорлаштириш учун шошилинч чоралар кўришга ҳам чақирган.

Расмий хабар сўнггида Тожикистон президенти бу борада ўзининг таклифларини ҳам Қурайший билан ўртоқлашгани айтилган.

Толибон қудратга келган ўтган 10 кун ичида қолган бирор бир Марказий Осиё давлатининг Афғонистондаги вазият муносабати билан қилган расмий баёнотларида бу каби оҳанг ҳалича кўзга ташланмаган.

Тошкентдаги учрашув

Сурат манбаси, official

Покистон Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон президенти билан Тошкентда кечган учрашувига оид расмий хабарда эса, "Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда янада илгари суришга интилиш қатъий эканининг тасдиқлангани энг муҳим нуқталардан бири сифатида тилга олингани кўрилган.

Айнан Афғонистон жўғрофий жойлашуви назарда тутилганда, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаши мумкин бўлган оралиқ давлат сифатида кўрилади.

Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат ўлароқ эътироф этилади.

Ўзбекистонга Афғонистонда ҳали АҚШ ва Нато кучлари ҳозир бўлган 2019 йилги сўнгги амалий ташрифи чоғида эса, Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъати расмий Тошкентни мамлакатда бошлаган лойиҳаларини ниҳоясига етказишга чақирган.

Улар сирасида Ўзбекистоннинг Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларини тилга олиб ўтган.

Толибон ҳайъати ўшанда бу ишлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.

Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашларини ҳам баён қилганди.

Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешавор темир йўли лойиҳаси ўтган ой Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида ҳам алоҳида эътибор қаратилган мавзулардан бири бўлган.

Ўшанда Покистон нашрлари пойтахт Тошкентда томонлар янги темир йўл лойиҳасини айнан Марказий Осиёни Афғонистон ва Покистон орқали денгиз йўлларига боғловчи муҳим ташаббус сифатида баҳолаб, яна бир бор уни қўллаб-қувватлашларини билдиришгани ҳақида ёзишган.

Имрон Хон бу лойиҳа ортида нафақат ҳукумати, балки "ўзи" туриши, "кўмакчи" бўлишини айтгани ҳам маълум бўлганди.

Шавкат Мирзиёев орада бу лойиҳани "аср лойиҳаси", деб атаган. Ўзбекистоннинг бу лойиҳа ижросига ўта иштиёқманд экани ҳам англашилган.

Расмий Душанбе мавқеи

Сурат манбаси, official

Расмий Душанбе сўнггига қадар Афғонистонда расмий Кобулни ягона қонуний ҳукумат сифатида кўришларини баён қилиб келган.

Толибон билан ҳеч қачон учрашмаганликлари ва музокаралар ҳам олиб бормаганликларини айтган.

Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун ва яхши қўриқлаш имконсиз чегара чизиғига эга давлати бўлади.

Толиблар Афғонистон назорати учун ўз ҳужумларини шиддатлаштирган ўтган икки ой ичида давлат чегараси энг кўп бузилгани, минглаб қочқин қочиб ўтган ва энг кўп, 100 мингга яқин афғон қочқинига бошпана бериш истагини билдирган ягона минтақа давлати экани кўрилади.

Жорий пайтда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош барча ҳудудлари, икки давлат ўртасидаги халқаро, минтақавий аҳамиятга молик портлар, савдо, транзит йўллари ва чегара назорат-ўтиш нуқталари толибларнинг назорати остида.

Толибон илова Афғонистондаги қатор жангари гуруҳлар сафида Тожикистон фуқаролари ҳам жанг қилиб келишгани маълум.

Афғонистонда амалдаги бўлган қонуний ҳукумат 15 август куни қулаган, мамлакатда қудратни яна Толибон эгаллаган.

Ҳокимият тинч йўл билан бирор бир томонга ўтмаган, толиблар Кобулга кирган куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган.

Орада ўзининг яна Афғонистонга қайтиш ниятида эканини маълум қилган, аммо бунинг аниқ санасини ҳалича очиқламаган.

Толибон сўнгги ўн куннинг ичида устма-уст икки бор матбуот анжумани берган.

Ҳозир янги ҳукумат тузиш устида "жиддий" иш олиб бораётганликлари, уни тез орада эълон қилишларини айтган.

Бу ҳукуматнинг ҳам исломий, аммо "инклюзив" бўлишини билдирган, бу хусусда Афғонистондаги қолган жиҳодий лидерлар ва сиёсатчилар билан музокара олиб бораётганини ҳам маълум қилган, аммо ҳалича унинг таркибини халққа очиқламаган.

Сўнгги кунларда эса, Толибоннинг аллақачон муҳим ҳукумат лавозимларига ўз одамларини тайин этганига оид хабарлар ҳам олинган.

Расмий Тошкент мавқеи

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 26 август куни Афғонистон масаласидаги бугунги мавқеъларини яна бир бор такрорлаган.

Олий Мажлис Сенатининг 18 ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йил биринчи ярим йиллик фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилган.

Хабарларга кўра, бунинг ортидан бўлиб ўтган савол-жавобда вазирнинг биринчи ўринбосари, "Афғонистонда барча сиёсий кучларнинг манфаатини эътиборга оладиган, ўзаро тинчлик музокаралари натижасида эришиладиган ҳукумат шаклланиши тарафдори" эканликларини айтган.

Афғонистонда қуролли куч ишлатиш йўли билан афғон муаммоси ҳал бўлади, деган ёндошувдан доим йироқ бўлганликларини таъкидлаган.

Фарҳод Арзиев, ўз ўрнида, Толибон ҳаракати билан бир неча йиллардан бери мулоқот қилиб келаётганликларини тилга олган.

Толибонга "Афғонистон жамиятининг инкор этиб бўлмайдиган фактори сифатида ёндошишлари"ни айтган.

У, "бундан кейинги ёндошувларида ҳам айнан мана шу принциплар ўзлари учун асосий йўналиш бўлиб қолиши"ни билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, "Афғонистон ён қўшни, жон қўшнилари".

"Қолаверса, бу давлатга "Марказий Осиёнинг ҳам ажралмас қисми сифатида қарашади".

Ўзбекистон ҳозир минглаб одамни Афғонистондан эвакуация қилиш ишларига бош қўшган, бу масалада дунёнинг қатор давлатлари билан ҳамкорликка киришган.

Шу кунларда Термизда бўлиб қайтган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбирига эса, Афғонистондан келган ўзбекистонликлар Толибон ўзбекларга яхши муомала қилаётганини айтишган.

Толибон Ҳайратонда чегара назоратини ўз қўлига олгани, Ўзбекистонга чегарадош шимолий Афғонистонда ҳозир вазият тинч эканини билдиришган.

Уларнинг сўзларига кўра, Толибон визаси бор афғонистонликларни аллақачон Ўзбекистонга ўтказишни ҳам бошлаган.

Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири ўзаро чегарадаги вазиятни яқиндан кўришга имконли бўлмаган.

Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини билдирган.

Агар расмий баёнотларига таянилса, Покистоннинг ўзи ҳам Афғонистонда Толибон ҳокимиятини қонуний, деб тан олиш-олмаслик масаласида шошмоқчи эмас.

Расмий Исломобод Афғонистондаги янги ҳокимиятни қонуний, деб тан олишдан аввал минтақа ва дунёдаги етакчи давлатлар билан маслаҳатлашиб олмоқчи. Кейин бу борада бир қарорга келмоқчи.

Ҳозирча Ўзбекистон илова дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.

Аммо қудратга келиши ортидан эълон қилган дастлабки видеомурожаатларидан бирида этник ўзбек Толибон музокарачиси сиёсий лидери ҳозирлигида ўзларининг Афғонистондаги барча миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини айтган.

Ўтган 20 йил ичида Афғонистонда етакчи куч ва сўзга эга бўлиб келган АҚШ ҳарбийлари эса, 31 августгача мамлакатни тарк этишлари лозим.

Толибон ҳаракати АҚШ Президенти Жо Байден белгилаган бу якуний муҳлатни узайтиришга рози бўлмаган.

Аммо катта сондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг шунча йиллик ҳозирликларига қарамай, афғон можароси ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

15 август куни президент саройини эгаллаши ортидан Толибон вакили афғон уруши тугаганини эълон қилиб чиққан.

Ўтган 10 кун ичида Афғонистондан бирор бир йирик теракт ёки портлашга оид хабар олинмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek