Ўзбекистон яна Марказий Осиёда биринчи, олтин медаль билан яна президент Мирзиёевнинг ўзи қутлади - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистон

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Токиодаги Паралимпия Ўйинларини устма-уст ютуқ билан бошлади. Ўйинлар старт олган ўтган уч кун ичида учта медаль қўлга киритди.

Парадзюдочиси Учқун Қуронбоевнинг бугунги олтин медали билан Ўзбекистон медаллар жадвалидаги ўрнини янада яхшилади.

Ҳисобидаги битта олтин, битта кумуш ва битта бронза медали билан 45 совриндор жамоа орасидан 17-ўринга кўтарилиб олди.

Токио Паралимпия Ўйинларида ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу каби натижа қайд этишга муваффақ бўлмаган.

Қозоғистон ҳисобида битта олтин ва битта кумуш медали бор, қолган минтақа давлатлари эса, ҳалича Паралимпиаданинг бирор бир совринли ўринларига кўтарила олишмаган.

МДҲ давлатлари орасида эса, Ўзбекистон бешта энг яхши натижадан биттасини қайд этиб турибди.

Токио Паралимпия Ўйинлари 24 август куни тантанали очилган ва 5 сентябрга қадар давом этади.

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Ўйинларнинг дастлабки медалини Ўзбекистон паралимпия жамоаси ҳисобига пара-сузувчиси Ислом Асланов келтирган.

У пара-сузиш баҳсларида бронза медалини қўлга киритган.

Бунинг ортидан пара-енгил атлетикачиси Асила Мирзаёрова жамоа ҳисобидаги медаллар сонини яна биттага кўпайтирган.

У Т11 классида аёллар ўртасидаги узунликка сакраш баҳсларида Ўйинларнинг кумуш медалини олишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медаль эса, пара-дзюдочиси ҳисобига тўғри келган.

Унинг Ўйинлардаги ютуғи Навоий вилояти сафарида бўлган мамлакат президентининг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Шавкат Мирзиёев "Навоийазот"АЖда янги лойиҳаларнинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда экан, бу хушхабарни бошқалар билан бўлишган.

Токиодан олинган янгиликни шахсан ўзи ўқиб эшиттирган, ўтирган ўрнидан тик туриб, Ўзбекистоннинг ғалабасини қарсаклар билан олқишлаган.

"Бунинг ҳақиқий ғалаба эканини айтаркан, бу ғалаба билан ҳаммани табриклаган".

Ўзбекистон 8 та спорт тури бўйича Токио Паралимпия Ўйинларининг 55 та йўлланмасини қўлга киритган, бунинг рекорд сондаги экани айтилган.

Мамлакат Паралимпия жамоаси Токиога 20 август куни жўнаб кетган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ўзбекистон XV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларини тарихий натижа билан якунлаган

Токиодагиси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган тўртинчи Паралимпия Ўйинлари бўлади.

Сўнгги Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистонни рекорд сондаги спортчиси намоён этган.

Ўшанда жами ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи Ўйинларнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришган.

Бу каби катта сондаги паралимпиячининг Ёзги Паралимпия Ўйинларида беллашиши минтақа тарихида кузатилмагани айтилган.

Ўзбекистон XV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларини тарихий натижа билан ҳам якунлаган.

32 та паралимпиячиси Ўйинларнинг 31 та медалини қўлга киритган.

Бу медалларнинг 8 таси олтин, 6 таси кумуш ва 17 таси бронза бўлган.

Ўзбекистон Рио Паралимпиадасига қадар Марказий Осиё давлатлари орасидан Ёзги Паралимпия Ўйинларининг медалини қўлга киритган ягона мамлакат бўлиб келган.

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан ҳисобидаги медалларининг сифати бўйича Ўйинларни энг пешқадам мавқеъда якунлаган.

Жамоа Токио Олимпиадасининг жами 5 та - 3 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритган.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар эса, устма-уст Олимпиада рекордларини янгилашган.

Оғир атлетикачиларининг бу каби ютуқлари ортидан, Ўзбекистон Токио Олимпиадасида рекорд ўрната олган ягона Марказий Осиё давлати бўлган.

Бу жамоа Ўйинлар тарихида кўрсатган иккита энг яхши натижадан биттаси бўлган.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон совриндор 86 жамоа ичидан 32-ўринни эгаллаган.

Қолган бирор бир минтақа давлати Токио Олимпиадасининг олтин медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлмаган.

Ўзбекистонлик олимпиадачилар Токиода эришган ютуқлари ортидан катта миқдордаги пул, пойтахт Тошкентдан уй-жой, қимматбаҳо машина ва давлат мукофотлари билан тақдирланишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek