Мирзиёев Толибон билан мулоқотда бўлишлари 'табиий' эканини айтди, Ўзбекистон Ҳайратон кўпригини очди Афғонистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Тошкентдаги музокаралар

Сурат манбаси, official/arxiv

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирди. Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош яна бир минтақа давлати бўлади.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, хавотир олишга ўрин йўқ.

"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр ва Афғонистонда вазиятни назорат қилиб туришибди".

Kun.uz нинг ёзишича, Ўзбекистон президенти амалий ташриф билан Навоий вилоятида экан, бу ҳақда тўхталиб ўтган.

Вилоятга ташрифи доирасида фаоллар билан учрашув ўтказган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон президенти худди шу чиқиши чоғида "ҳали ҳеч бир давлат бу ишни қилмаган бир пайтда" ўзининг нега толиблар билан мулоқот олиб боришга топшириқ бергани сабабини ҳам очиқлаган.

Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

Толибон билан мулоқотларини ҳали бундан икки йил олдин бошлаганликларини билдирган.

Шавкат Мирзиёев ўзлари учун халқнинг тинчлиги, осойишталиги кераклигини айтган.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг "тинчлигига қандайдир таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, "Афғонистонда шундай ҳолат бўлишига бундан икки йил олдинги таҳлиллари далолат қилган".

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати сўнгги бор 2019 йилда Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб қайтган.

Тошкентда музокаралар олиб борган, Ҳайит намозини ўқиган, қадим Самарқандни зиёрат ҳам қилган.

Уларнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи "қалин" кечгани мазмунида ўшанда расмий Кобулнинг ошкора эътирозига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.

Расмий Тошкент Афғонистонда Толибон Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх вилоятини эгаллаган ва Кобулга, қудратга қайтган сўнгги уч кун ичида устма-уст уч бор баёнот билан чиққан.

Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 17 август кунги расмий баёнотида ҳам Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганлигини айтган.

Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" Ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.

"Мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади", деган умидда эканликларини билдирган.

"Қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқликлари"ни яна бир бор қатъий баён қилганди.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган ташқи чегараларининг ичида энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.

Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.

Бу йўллар орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши ҳам айтилган.

Афғонистон Ўзбекистоннинг энг муҳим ташқи бозорларидан бири сифатида ҳам кўрилади.

Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.

Ҳаракат сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистондан чиқишни бошлаган ўтган икки ой ичида шимолий Балх вилоятига ҳам кириб борган.

Вилоят маркази Мозори Шариф пойтахт Кобул билан бирга Толибон энг сўнггида Афғонистонда босиб олган икки йирик шаҳардан биттаси бўлган.

Афғонистон шимолидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида, ҳали июнь ойидаёқ Ўзбекистон ўз чегарасини бир томонлама ёпган.

Аммо расмий Тошкент ўшанда бунинг сабабини Афғонистонда ковид билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бораётгани билан изоҳлаганди.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон

Сурат манбаси, Screenshot

Лекин, шунга қарамай, толибларнинг шиддатли ҳужумлари билан кечган икки ой ичида Ўзбекистон Тожикистон билан бирга афғон қочқинлари томонидан чегараси энг кўп бузилган иккита минтақа давлатидан биттасига айланган.

Ўзбекистон орада ўз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган юзлаб афғонларни ортга қайтарганини ҳам билдирган.

Бу хусусда устма-уст баёнот билан чиқиб, Афғонистон томонини бундай қилмаслик билан қатъий огоҳлантирган.

Толибон Мозори Шариф ва пойтахт Кобулни эгаллаган кунлари Афғонистон шимолида катта қудратга эга ўзбек маршали Абдулрашид Дўстум, Балхнинг собиқ ҳокими, таниқли афғон сиёсатчиларидан бири Атто Муҳаммад Нур ва Афғонистон президенти ўзининг ҳам Ўзбекистонга қочиб ўтишганига оид хабарлар олинган.

Аммо Ўзбекистон томони буни тасдиқламаган, расман раддия билан чиққан.

Толибон қудратга келиши ортидан ҳам, "Афғонистонда барча сиёсий кучларнинг манфаатини эътиборга оладиган, ўзаро тинчлик музокаралари натижасида эришиладиган ҳукумат шаклланиши тарафдори" эканликларига оид мавқеъларини яна бир бор такрорлаган.

Ҳозирча Ўзбекистон илова дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.

"Жонажон қўшни"

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини ортидан, президент Шавкат Мирзиёев ҳам Афғонистон ўзларининг "жонажон қўшнилари" эканига тўхталган.

"Ўзини худди шу нарса ўйлантириши, улар ҳам, ўзлари ҳам кўчиб кета олмасликлари"ни айтган.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон раҳбари худди шу сўзлари ортидан, "кечадан бошлаб, Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширганликлари"ни маълум қилган.

Кўрилишича, Шавкат Мирзиёев бунинг сабабини "жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсади" билан изоҳлаган.

"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни айтган.

Президент Мирзиёевга кўра, бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатларни поездлар орқали Афғонистонга етказиб беришади, ўзлари ҳам бунга ҳисса қўшишади.

"Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темир йўл Ўзбекистон орқали ўтади", - деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Покистон Ташқи ишлар вазири билан пойтахт Тошкентдан кечган мулоқотлари ортидан икки кун ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталиб ўтган.

Покистон дунёнинг Толибонга катта таъсирга эга ягона давлати сифатида кўрилади.

Икковлоннинг учрашувларига оид расмий хабарда эса, "Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда янада илгари суришга интилиш қатъий эканининг тасдиқлангани энг муҳим нуқталардан бири сифатида тилга олингани кўрилган.

Айнан Афғонистон жўғрофий жойлашуви назарда тутилганда, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаши мумкин бўлган оралиқ давлат сифатида кўрилади.

Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат ўлароқ эътироф этилади.

Ўзбекистонга Афғонистонда ҳали АҚШ ва Нато кучлари ҳозир бўлган 2019 йилги сўнгги амалий ташрифи чоғида эса, Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъати расмий Тошкентни мамлакатда бошлаган лойиҳаларини ниҳоясига етказишга чақирган.

Улар сирасида Ўзбекистоннинг Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларини тилга олиб ўтган.

Толибон ҳайъати ўшанда бу ишлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.

Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашларини ҳам баён қилганди.

Чегарадаги сўнгги вазият

Куни-кеча Термизда бўлиб қайтган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбирига ҳам Афғонистондан келган ўзбекистонликлар Толибон ўзбекларга яхши муомала қилаётганини айтишган.

Толибон Ҳайратонда чегара назоратини ўз қўлига олгани, Ўзбекистонга чегарадош шимолий Афғонистонда ҳозир вазият тинч эканини билдиришган.

Уларнинг сўзларига кўра, Толибон визаси бор афғонистонликларни аллақачон Ўзбекистонга ўтказишни ҳам бошлаган.

Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири ўзаро чегарадаги вазиятни яқиндан кўришга имконли бўлмаган.

Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини маълум қилган.

Шу ҳафта чоршанба куни эса, мамлакат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаётганини расман маълум қилган.

Ўзбекистон президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.

Ўтган 20 йил ичида Афғонистонда етакчи куч ва сўзга эга бўлиб келган АҚШ ҳарбийлари 31 августгача мамлакатни тарк этишлари лозим.

Аммо катта сондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг шунча йиллик ҳозирликларига қарамай, афғон можароси ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

15 август куни президент саройини эгаллаши ортидан Толибон вакили афғон уруши тугаганини эълон қилиб чиққан, орада янги ҳукуматни тузиш устида "жиддий" ишлаётгани, унинг исломий, аммо очиқ, иклюзив бўлишини айтган, аммо ҳозирча таркибини очиқламаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзининг сўнгги баёнотида, "Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилган.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek