Ўзбекистон: Соқолимни қиртишлаб ташлашди – “Малика”да яна соқолга қарши рейд бўлдими? - Видео O'zbekiston Din

Рустам Усманов

Сурат манбаси, BBC Uzbek

"Соқолини олдирмаганларни 15 суткага обориб тиқ!"

Рустам Усманов "Малика" савдо мажмуасидаги рейд ортидан ўнлаб инсонлар ички ишлар бўлимига олиб кетилиб, соқоли мажбуран қиртишлаб ташланганига гувоҳ бўлганини иддао қилади.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқда пойтахтдаги электротехника маҳсулотлари сотиладиган "Малика" савдо мажмуасида ички ишлар ходимлари махсус рейд ўтказганига оид хабарлар пайдо бўлган.

Бозорда ишловчи Рустам Усманов Би-би-сига ушбу рейд давомида ўзи дохил ўнлаб инсонларнинг соқоли мажбуран олиб ташланганини гапириб берди.

Унинг иддао қилинишича, ҳодиса 15 сентябрь куни юз берган.

Бозордаги сотувчилар 10 соатга яқин вақт давомида Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимида мажбуран ушлаб турилган.

Усманов соқолни олдириш жараёни руҳий босимлар остида бўлганини даъво қилади.

"Буни ҳам олиб кир!"

Сурат манбаси, Social media

"15 сентябрь куни соат чамаси 10:00 да бозорга келиб, дўконимга кирдим. Қарасам, ёнимиздаги танишимни милиция ходимлари олиб кетишган экан", бўлган воқеани хотирлайди Рустам.

У, шундан сўнг, танишини излаб бозордаги профилактика инспектори жойлашган бино томон йўл олганини айтади.

"У жойга бориб, инспектор билан саломлашиб, энди саволга тутмоқчи эдим, у ёнидаги формали инсонларга "Буни ҳам олиб кир!" деб қолди".

"Малика" бозорида дастурий таъминот билан муаммоси бор мобил қурилмаларни тузатиш билан шуғулланишини айтган Рустам Усманов бу бинода ўнлаб инсонлар тутиб турилганини кўргани ҳақида сўзлайди.

"Адашмасам, уларнинг 90 фоизи соқолли эди. Улар нега ушлаб турилганликларини билиш учун савол беришар, аммо ходимлардан тайинли жавоб олишолмаётган эди".

РОВД

Сурат манбаси, Social media

12 сентябрь куни "Малика" номи билан танилган бозорда сотувчилар ўртасида пичоқбозлик бўлгани, оқибатда бир инсон оламдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқалган.

Кейинроқ эса бозорда Ички ишлар вазирлигининг махсус кучлари томонидан рейд ўтказилганига оид маълумот чиққан.

Расмийлар Шайхонтоҳур туманида "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ижроси доирасида жамоат тартибини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилганини билдирганлар.

Рустам Усманов ҳам, аввалига, ўзларининг ушбу жиноятга алоқадор равишда ушлаб турилганликларини тахмин қилгани ҳақида гапиради.

"Саволларимиз жавобсиз қолди. Ходимлар РОВДга бориб, озгина суҳбат ўтказамиз, дейишди. Албатта, агар жиноятни очиш учун боришимиз керак бўлса, биз борамиз", таъкидлайди у.

У бироздан сўнг барча йиғилганлар автобус ва ички ишлар ходимларининг хизмат машиналарида Шайхонтоҳур ички ишлар бўлимига олиб кетилгани ҳақида гапиради.

Рустам ҳали автобусда бўлган пайти уларнинг олиб кетилиши соқол билан боғлиқ эканини англаганини айтади.

"Автобусда "Соқолни олдирар экан", деган гаплар пайдо бўлди.

РОВДга бордик. Тушишимиз билан ҳеч қандай расмийлаштиришсиз телефонларимизни йиғиб олишди", давом этади у.

Рустам шундан сўнг улардан 12 сентябрдаги пичоқбозлик бўйича тушунтириш хатлари олинганини айтади.

Қиртишланган соқоллар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

"Тушунтириш хатларини ёзиб бўлгунимизча орадан икки соатча вақт ўтди. Кейин ходимлар "Соқолни олдирасанлар", деб гапира бошлашди".

"Беш-олти кишидан иккинчи қаватга кўтарилдик. Маскадаги ходимлар назорат қилиб туришибди. Биринчи хонада телефонда бизни расмга олишди. Ювиниш ёки кийим алмаштириш хонасига ўхшаш жойга ойна қўйиб қўйишган экан. Чақирилган сартарош болалар соқолларни олишаётганини кўрдим", ҳикоя қилади у.

Рустам сартарош йигитлар олиб келинганлар юзидаги норозиликни кўриб, кетиб қолгани ҳақида сўзлайди.

"Улар "Олмаймиз!" деб бош тортиб кетиб қолишди. Сўнг ходимлар электрон устарада ўз соқолимизни ўзимизга олдиришди".

Рустам Усманов жисмоний тазйиқларга гувоҳ бўлмаган бўлсада, соқол олдириш жараёни руҳий босимлар остида ўтганини таъкидлайди.

"Бизни олиб келишган пайти ҳали тушлик ҳам бўлмаган эди. Орамизда нонушта қилмаганлар кўп, ҳамма тезроқ кетишни истар эди".

Рустам соқолини мажбуран қиртишлаб ташланишига қарши чиққанлар ҳам бўлганини айтади.

"Бир йигит ҳуқуқлари бузилаётганини айтиб, соқолини олдиришдан бош тортди. Шунда ходимлар у билан алоҳида гаплаша бошладилар. Орада "Олдирмаса, 15 суткага тиқ буни!" деган гапларга ҳам қулоғим чалинди".

Усманов соқоллар қиртишлаб ташлангандан сўнг уларни яна бир бор суратга олишгани, шундан сўнг телефонлар текшира бошланганини сўзлайди.

"Соат кечки 17 ларга яқин соқолимизни олиб бўлишгандан кейин бизни алоҳида суҳбат қилишди. Телефонларимизни кодини сўраб, яхшилаб текширишди".

У на соқоллар олингани, на телефонлар текширилгани бўйича ҳеч қандай баённомалар тўлдирилмаганини таъкидлайди.

"Ортингизда ниқобли турган пайт…"

"Мен ходимлар қилаётган ҳаракатлар бозордаги жиноятга қанчалик алоқадор эканини ҳеч англай олмадим.

Соқолни нима дахли бор, деб савол бергим келди. Лекин тасаввур қилинг, орқангизда ниқобли ходим турган пайт бундай саволларни қандай берасиз? Тўғриси, савол бериб, уларнинг рўйхатига тушиб қолишдан чўчидим".

Усманов бундан икки йил аввал ҳам "Малика" бозорида айни ўхшаш ҳолатга дуч келганини эслайди.

"Аммо унда бизни РОВДга олиб бориб, соқолимизни олдириб, 20 дақиқадан сўнг қўйиб юборишган, у қадар ёмон муомала қилишмаган эди.

Бу сафар бизни кеч соат 20.00 га қадар ушлаб туришди".

"Норозилар мурожаат қилсин"

2019 йил август ойида "Малика" савдо мажмуасида ишловчи ўнлаб соқолли инсонларнинг тутиб олиб кетилгани ижтимоий тармоқни том маънода ларзага солган эди.

Ўшанда Би-би-си суҳбатлашган блогер Жамолиддин Муҳаммад ўзини "Малика" бозоридан ушлаб кетган ички ишлар ходимлари унинг соқолини мажбуран қиртишлаб ташлаганини сўзлаб берган эди.

Би-би-си Рустам Усманов даъво қилган ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати ўша кунлари Шайхонтоҳур туманида "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ижроси доирасида профилактик тадбирлар ўтказилганини билдирди.

Аммо 15 сентябрь куни фуқароларнинг соқоли мажбуран қиртишлаб ташлангани ҳақидаги иддаолардан вазирлик қанчалик хабардор, деган савол очиқ қолдирилди.

"Агар бирор фуқаро ИИО ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлса, 1102 ишонч телефонига ёки назорат қилувчи органларга мурожаат қилиши мумкин. Шикоят ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади", дея жавоб қайтарди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Би-би-си саволларига.

Соқолни имидж учун қўйиб юриши ва ўз ҳуқуқлари топталганини билдирган Рустам Усманов айни ҳолат юзасидан тегишли жойларга шикоят қилиш ниятида эканини айтади.

"Агар жавобдан қониқмасам, юқори турувчи органларга мурожаат қиламан. Конституциявий ҳуқуқларимни тиклаш йўлида ўз ҳаракатимни бошладим".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek