Президент Мирзиёев: Афғонистонни яккаламаслик керак O'zbekiston Mirziyoyev Afg'oniston Tolibon

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 76 сессиясидаги чиқиши

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Аксар Ғарб давлатлари ўзларининг Толибон билан сиёсатини қандай қуриш борасида бир қарорга келганлари йўқ, анъанавий босим йўлини танлаганлар ҳам топилаяпти, мулоқотни ўрнатганлар танқид қилинмоқда.

Шундай бир шароитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг янги раҳбариятига 1990 йиллардагидек муносабат яна оддий афғонларнинг аҳволини оғирлаштиришидан огоҳлантирди.

Президент Мирзиёев бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида гапирди.

"Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас", деди Президент Мирзиёев.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи деб кўрилиб тақиқланган Толибон ҳаракати билан Ўзбекистон раҳбарияти 2019 йили тўғридан-тўғри мулоқотларни бошлаган, Толибон ҳайъати Ўзбекистонда бўлиб музокаралар ҳам ўтказган.

Шу йил 15 августида Толибон пойтахт Кобул ортидан бутун Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритар экан, Ўзбекистонда дунёдаги илк давлатлардан бўлиб Толибоннинг муваққат ҳукуматини олқишлади.

Толибон ҳам Ўзбекистонни шеригимиз деб атади.

Ўзбекистон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари етказган жаҳондаги биринчи мамлакатлардан бўлди.

14 сентябр куни 1500 тоннадан ортиқ кийим-кечак, озиқ-овқат ва дори-дармонларни ортган 25 вагон Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Амударёни кесиб ўтиб Афғонистоннинг Ҳайратонига етиб борган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Ўзбекистон Афғонистон билан автомобил ва темир йўл алоқаларини тиклашни режалаштираётганини айтган.

"Албатта, биз ҳозирги пандемия даврида афғон халқи муҳтож бўлган озиқ-овқат ва дори-дармон етказилувчи Афғонистон билан автомобиль ҳамда темир йўл алоқаларини қайта тиклаймиз. Бу инсонпарварлик нуқтаи-назаридан амалга оширилади", деган Исматулла Эргашев.

Жаноб Эргашев Ўзбекистон чегарани ёпиш қарорини «бошқа сабаблар эмас, балки фақат коронавирус пандемияси» туфайли олганини таъкидлаган.

Шунингдек, Афғонистон бўйича махсус вакил ушбу чекловларнинг яна қанча вақт давом этиши, ҳозирча, номаълум эканини қўшимча қилган.

У чекловларнинг бекор қилиниши фақатгина мамлакатдаги эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши эмас, балки Афғонистондаги ҳокимият органларининг қанчалик тез шакллантирилишига боғлиқ эканини билдирган.

"Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир.

Шу боис, биз афғон халқига ҳамиша қўлдан келган ёрдамни кўрсатмоқдамиз.

Яқинда ўзбек-афғон чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик", деди Президент Мирзиёев БМТдаги чиқишида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek