Ўзбекистон: Ҳаво кескин совийди, ҳайвонлар нима қилишади? O'zbekiston dunyo yangiliklar
- Бахтиёр Турсунов
- Мустақил журналист

Сурат манбаси, courtesy
Шу кунларда Ўзбекистонда ҳаво яна кескин совиши кутилмоқда.
Совуқ шундоқ ҳам мамлакатда кўпчиликни ўйлантирган муаммо бўлади.
Аммо қишнинг қаҳратонида ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар тақдири нима бўлади?
Мамлакатнинг довруғи дунёга кетган зоопаркида қишда ҳам ҳайвонларга мазами?
Алоқадор мавзулар:
Муаллифдан:
Термиз ҳайвонот боғи
Сурат манбаси, courtesy
"Бизда иқлим иссиқ, қиш унчалик қаттиқ кечмайди. Лекин барибир жониворларни имкон борича авайлашга ҳаракат қиламиз,"-дейди Термиз ҳайвонот боғи илмий ходими Мусулмон Бекхонов.
Бунга ноябрь ойидаёқ киришилади. Бунинг учун биринчи навбатда маймунлар ва ноёб нозик қушлар алоҳида жойга кўчирилади. Бу уларнинг қишки павильони, улар ёзги ҳолатидан кўра томошабинларга ўзларини шу ерда намойиш этишади. Совуққа тоқатсиз судралиб юрилувчилар махсус эътиборга олинади.
Баъзи ҳайвонлар эски ўзгармас жойида қоладилар. Чунки бир қадар гоҳида бўладиган қаҳратон совуқни айтмаса улар шундай табиатни маъқул кўрадилар.
Биз борган куни қўнғир айиқ қуёш чарақлаб тургани учун ўзининг чуқурликда жойлашган кенг майдонида деярли сув кечиб юрганди.
"Бизда айиқлар қиш уйқусига кетишмайди. Агар қор ёғиб, фавқулодда аёз ҳаво бўлса, инларига беркилиб оладилар. Кейин яна ҳовлисига чиқадилар. Уларга шу мақбул"- дея тушунтиради зоопарк матбуот котиби Дилноза Чоршанбиева.
Ҳайвонот боғида 25 та тур йиртқич жониворларнинг 47 та сони сақланади.
Арслон, йўлбарс, бўри, чиябўри, тулкилар ҳамда бургут, лочин каби йиртқич қушлар маҳаллий табиатга мослашган, ҳатто шундай иқлимни ёқтирадиган ва чидамли ҳисобланишади.
Бироқ шундай эса-да, улар сақланадиган қафаслар қиш мавсумини инобатга олган ҳолда шароит билан таъминлангани айтилади.
"Ҳудудимиздаги иқлим жониворларнинг кўпайишига қулайлиги билан бошқа жойлардаги зоопарклардан кўра эътиборлидир. Биз ўзимизда туғилган ҳайвон боласини бошқа ердаги боғлар билан алмашиб, ҳайвонлар сонини кўпайтиришга эришяпмиз. Шу тарзда туғилган морхўр кийиги боласига Тошкент ҳайвонот боғидан 27 та жонивор алишиб, ҳайвонлар сони кенгайишига муваффақ бўлдик." -дейди боғ илмий бўлим мудири Ойимхол Пардаева.
Боғ ташкил этилганига саксон йилдан ошган. Шу вақтнинг ичида у собиқ иттифоқ ва социалистик Европа давлатлари зоопарклари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, камтарона кўринишдаги боғ нуфузини жаҳонга ёйишга эришган.
Сўнгги ўн йилликларда у ўз аҳволи ва жониворлар ҳолати билан гоҳида бўҳронли, инқирозли қиёфани ҳам намойиш этгандек бўлди.
Сўнгра маълум расмий диққат-эътибор ва жамоатчилик назоратига тушиб, бир қадар эпақага келди. Яъни тўла маънода ўз мақомида ва суръатида эндиликда у тарихий ва жонли ёдгорлик сифатида мавжуддир.
Сурат манбаси, courtesy
"Зоопарк фаолиятига алоҳида бизнес деб ёндашиб бўлмайди. Чунки томошабинлардан тушадиган фойда ҳаминқадар. Буни ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги, маънавиятимиз устуни деб қараш тўғрироқдир. Кўпроқ ҳомий, бадавлат ташкилот ва кишилар бунга савоб ўлароқ муносабат билдириб, кўмак кўрсатишса айни муддао ва мақсадга ҳам мувофиқдир,-дейди О. Пардаева.
Замонавий дунёқарашда зоопарклар фаолиятига бозор муносабати муштарак эмас, деган фикрни матбуот котиби Д. Чоршанбиева ҳам билдиради.
"Ҳайвонот олами бу ёввойиликка уйқаш. Сўнгги вақтда эшитиб қоляпмиз, одамлар уй шароитида ҳам йиртқич ҳайвонларни боқишаётган экан. Мен буни йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайман. Чунки ёввойи жониворлар алоҳида парвариш чоралари билан бирга ўз тартибига ва илмий муносабатга муҳтож. Шу йили деновлик бир киши ўзи тоғда ушлаган айиқ боласини бизга бериб кетди. У бир неча ой ҳайвонни ўзи боқишга уринган, бироқ унинг фарзандларига ҳамласидан чўчиб, барибир боғга топширишга мажбур бўлди."-дейди Д. Чоршанбиева.
Сурат манбаси, courtesy
Боғ ходимларининг айтишича, йиллар сайин замон ўзгаришларига ҳамоҳанг тарзда боғ ҳаёти ҳам ўзгармоқда. Қайсидир жиҳатдан янги бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти, лекин у тўхтаб қолмаган бўлмаса ҳам, ишнинг бориши суст.
"Сўнгги вақтда янги ғоялар, янги режалар билан бандмиз. Менинг орзуим қачонлардир бу ерда боқилган фил ва бегомотларни қайтадан боғда кўриш. Эсимда, уларга меҳримиз бўлакча эди, алоҳида аҳволларини кузатиб парвариш қилардик. Ҳатто бегемотнинг тиши оғриганда ўзим чўтка билан тозалаб, малҳам қўярдим, "- дейди О. Пардаева.
Ҳозирда бегемот ва филлар учун махсус жой ҳозирланиб, ўз жониворини кутмоқда.
Илмий ходимнинг сўзларига кўра, барибир бор шароитни ҳамда бозор тартибларини инобатга олган ҳолда жониворлар сақланишига диққат қаратилган.
Йиртқич ҳайвонларни камайтириб, бошқа турдагиларни кўпайтириш мақсадни оқлайди.
Чунки моддий жиҳатдан йиртқичларни боқиш қимматлидир, бир кунда уларнинг ҳар бирига 10 кило гўшт сарфланади.
Боғ ходимлари табиий иқлим жониворлар туғилишига таъсир этишига янада умид қилишган ва бу боғ ривожини кенгайтиришига хизмат қиладиган чора сифатида кўрилмоқда.
"Мана бу туянинг ёши 25 да. Яна бир кексароқ ёшдаги жониворимиз- 30 ёшдан ошган Ҳинд буқамиз ҳам бор. Бу биздаги шароит жониворлар учун яшовчанликни таъминлайдиган омил эканини тасдиқлайди. Узоқ даврда олдингидек йироқ ўлкалардан ҳайвонлар келтириш имкони бўлмади. Ҳозир ЕвроOсиё ҳайвонот боғлари ассоциациясига аъзо бўлиш ниятида амалий ҳаракат олиб боряпмиз. Бу маълум қоидаларни, божхона тартибларини осонлаштиради. Бир қатор хориж давлатлари мутахассислари боғимизга келиб кўриб, фаолиятимиздан қониқиш ҳосил қилишди,"- дейди М. Бекхонов.
Деярли бир асрга яқинлашаётган, 2623 хилдаги 8402 та жонивор сақланаётган Термиз ҳайвонот боғи яна бир жиҳати билан диққатга алоҳида молик.
У Афғонистон билан чегарадош манзилда жойлашган.
Узоқ йиллар давомида зоопарк ҳовлисидан кўриниб турган ўзга юрт ҳудуди, ястанган адирликлар бир неча йилдан буён нигоҳдан холи.
Боғнинг бу тарафи улкан ва баланд деворлар билан ўралган.
Аммо айни ҳолатида ҳам ёввойи ва ажойиб жониворларга маскан кишида сокин ва завқли кайфиятни уйғотади.
Боғ ходимларнинг фикрича эса, уларнинг унинг ривожига нисбатан саъй-ҳаракатлари илдам, қарашлари эса хушбиндир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek