Ўзбекистон: Қарийб 1,5 триллион сўмлик мега-лойиҳани сенатор ўғли тендерсиз қўлга киритдими? O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Sanginov

Сурат манбаси, official

Сентябрда Сурхондарёда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаши кўзда тутилган умумий қиймати $138 миллионли йирик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган.

Энди сизиб чиқа бошлаган маълумотларга кўра, ушбу лойиҳани сенатор Абдуғани Сангиновнинг ўғлига тегишли кўрилган компания ҳеч қандай тендерсиз қўлга киритган бўлиши мумкин.

Бу хабар Сардоба фожиаси ортидан жамоатчиликка танилган Сангиновларнинг давлат билан шерикчилик ришталарига нисбатан яна саволларни юзага келтирган.

Алоқадор мавзулар:

Сўрови қаттиқ лойиҳа

Сурат манбаси, official

Шу йилнинг июнь ойида Сурхондарёга борган президент Шавкат Мирзиёев Тўпаланг сув омбори ҳисобидан вилоятдаги ичимлик суви таъминотини яхшилашга кўрсатма берган эди.

Ўшанда, президент яқин 2-3 йилда сув омборидан узунлиги 400 чақирим магистраль сув тармоқлари тортиш орқали 1,5 миллион сурхондарёликларнинг ичимлик суви муаммосини тўлиқ бартараф этиш зарурлигини таъкидлаган.

Ташрифни ёритган маҳаллий нашрлар президент бўлажак лойиҳа учун ажратилажак «ҳар бир сўмнинг сўрови қаттиқ бўлиши»ни гапиргани ҳақида ёзганлар.

Август ойига келиб, президент кўрсатмаси асосида лойиҳа ишлаб чиқилган.

Лойиҳани президентга "Ўзбекгидроэнерго" бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов тақдим этган.

Сангинов тақдимотида қиймати $138 миллионга баҳоланган лойиҳа бўйича Тўпаланг сув омборидан узунлиги 361 чақирим магистраль қувур тортиш эвазига 1,7 миллион аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш режалари ҳақида сўз боради.

Лойиҳани қўлга киритган маҳаллий компания

Сурат манбаси, official

Сентябрь ойи бошида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расман "Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш» номини олган лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланганини хабар қилган.

Ҳокимлик хабарида лойиҳа маҳаллий To'palang HPD Platinum компанияси томонидан 2021-2023 йилларда босқичма-босқич ишга туширилиши тилга олинади.

Декабрь ойига келиб эса, ушбу компания триллион сўмлик лойиҳани ҳеч қандай тендерсиз қўлга киритганига ишора қилувчи маълумотлар юзага чиққан.

Давлат харидлари порталига жойлаштирилган лойиҳага алоқадор ҳужжатлардан бош лойиҳачи ва бош пудратчи тендерсиз танлаб олингани англашилади.

Ҳужжатлар 6 декабрь куни бош буюртмачи ва бош пудратчи ўртасида 527,4 миллиард сўмлик шартнома имзоланганини кўрсатади.

Сурат манбаси, Screenshot

Очиқ маълумотларга қаралса, To'palang HPD Platinum компаниясининг ягона таъсисчиси раҳбари Ислом Абдураҳмонов бўлган To'palang HPD Holding ҳисобланади.

Абдураҳмонов, шунингдек, таъсисчи ўлароқ To'palang HPD Holding компаниясининг 61,6 фоиз улушига ҳам эгалик қилади.

Ислом Абдураҳмонов тилга олинаётган йирик лойиҳани шахсан президентга тақдим этган сенатор Абдуғани Сангиновнинг ўғлидир.

Муаммо нимада?

Сурат манбаси, Screenshot

Мавжуд қонунчиликка кўра, бундай йирик давлат лойиҳалари юзасидан тендер ўтказилиши талаб этилади.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 64-моддасида товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМнинг йигирма беш минг баравари (2021 йил декабрь ҳолатига кўра - 6,7 миллиард сўм)дан ортиқ бўлганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур қонунда тендер мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши ва тендер ғолиби билан тузилган шартнома тўғрисидаги ахборот уч кун ичида махсус ахборот порталига жойлаштирилиши таъкидланади.

Сангиновлар ҳақида нималар маълум?

Сурат манбаси, official

Сенатор Абдуғани Сангинов мамлакатдаги сув-энергетика ресурслари, ГEСларни бошқарувчи "Ўзбекгидроэнерго" компаниясини 2017 йилдан буён бошқариб келади.

Унга қадар Сангинов «ТўпалангсувГEСқурилиш» компанияси бошқаруви раиси бўлиб ишлаган.

Кейинроқ To'palang HPD Holding номини олган компания раҳбарлигига Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмонов келган.

Ота-бола Сардоба сув омборида юз берган фожиа ортидан жамоатчилик назарига тушган.

To'palang HPD Holding таркибидаги компаниялар сув омбори қурилишида қатнашгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлган.

Бир вақтнинг ўзида To'palang HPD Holding ва унга алоқадор тузилмалар ГЭСлар, ГЭС каскадларидан иборат умумий қиймати миллиард доллардан ошувчи қатор йирик давлат лойиҳаларида ҳам иштирок этаётгани маълум бўлган.

Лойиҳаларнинг айримлари тендерсиз қўлга киритилгани айтилган бундай хабарлар ортидан Сангиновлар оиласининг давлат билан ҳамкорлиги турли саволлар остига олинган.

Бироқ, ҳозирча, расмийлар бу саволларни атрофлича изоҳлагани кўзга ташланмаган.

Сангиновлар ҳам матбуот ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган турфа хабарларга муносабат билдиргани маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз Би-би-си бу ва бошқа мавзуларда барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун очиқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek