Ўзбекистон: Давлат хизматчиси ҳижобда бўлолмайдими? - Адлия вазирлиги жавоби video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Мирзаёев ва аёллар

Сурат манбаси, President.uz

"Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унда динга муносабатини акс эттирувчи либосларда давлат идорасида ишлашга тақиқ қўйилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Шунингдек, давлат хизматчиларининг совға қабул қилиш тартиблари ва тадбиркорлик ҳуқуқлари жамоатчилик орасида турли саволлар ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Би-би-си лойиҳани ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган Адлия вазирлиги мутахассиси Темур Сафаров билан суҳбатлашди.

Сафаровдан аввало ушбу кодексга қанчалик эҳтиёж борлигини сўрадик.

Алоқадор мавзулар:

Темур Сафаров: Ўзбекистон Республикасида ҳам одоб-аҳлоқ қоидалари 2016 йил Вазирлар Маҳкамасининг 62-сон қарори билан шу намунавий одоб-аҳлоқ қоидалари тасдиқланган. Бу албатта, айрим турдаги давлат хизматчиларига тадбиқ этилган бўлиб ва бошқа турдаги давлат хизматчилари ўзларининг одоб-аҳлоқ қоидаларини тасдиқлаб келган. Бу тарқоқликни келтириб чиқарган ва шу муносабат билан биз ягона бир стандартлаштириш, ягона ҳужжатга бирлаштириш мақсадида давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодексини ишлаб чиқдик.

Би-би-си: Кодексда совға қабул қилиш борасида алоҳида банд кўрсатилган. Аммо у ерда яқинда шов-шувларга сабаб бўлганТошкент шаҳар ҳокимлигига тадбиркор томонидан қимматбаҳо автомобил совға қилишга ўхшаган ҳолатлар акс этмаган. Сиз кодексда бу очиқ кўрсатилиши керак, деб ўйламайсизми?

Темур Сафаров: Сиз айтиб ўтган мисолда, биз ҳокимиятни бир шахс сифатида, яъни ҳоким фаолиятида кўришимиз нотўғри. Чунки совға ҳокимиятга бериляпти. Яъни шахсга эмас. Шуни ҳам инобатга олишимиз керак. У машина ҳокимиятнинг балансига ўткaзиляпти. Бунда бир қандайдир одоб-аҳлоқ, этика масаласи эътиборга тушмаса ҳам керак, қоидалари доирасига тушмайди. Чунки бу ерда предмет давлат ташкилоти ва юридик шахс томонидан ўртасида бўлаётган муносабат. Чунки бугунги кунда давлат ташкилотларининг бутунжаҳон амалиётии ўрганиб чиқадиган бўлсак, ҳар қандай давлат ташкилоти ўзини молиявий шакллантириш базасига эга. Яъни унда жисмоний ва юридик шахслардан келаётган ҳадя бўладими, ёрдам бўладими ўшаларни олиш имконияти белгиланган бўлса, бошқа талаблар белгиланмаган бўлса албатта қабул қилади.

Би-би-си: Мана шу модданинг давомида давлат хизматчиси совға олиш ва меҳмондўстлик талабларини бузса, фақат интизомий жазо кўрсатилган. Жазо юмшоқ эмасми? Фикр билдираётганлар иккинчи марта такрорланса, қаттиқроқ жазо қўлланиши кўрсатилиши керак эди, дейишмоқда.

Темур Сафаров: Совғанинг қийматига келадиган бўлсак, қимматбаҳо, бошқа турдаги совғалар бўладиган бўлса ва бунда жиноий ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, жиноий жавобгарликка тортиш масалалари ҳам келиб чиқиши мумкин.

Би-би-си: 24-моддада давлат хизматчисининг одоб-аҳлоқ мажбуриятлари кўрсатилган. Унда давлат хизматчиси расмий ОАВ вакилларига ҳурмат билан муносабатда булиши керак, дейилган. Расмий ОАВ киму, норасмийлари ким? Бундан норасмийларни ҳурмат килмаса бўлаверадими, деган маъно чиқмаяптими?

Темур Сафаров: Йўқ, бу маънода ёзилмаган. Расмий деганимиз, шу давлат ташкилотидан рўйхатдан ўтган, расман аккредитация олган ОАВ назарда тутиляпти. Мисол учун, ҳеч қандай аккредитацияга эга бўлмаган. ОАВ вакиллари агар ташкилотдан ёки давлат хизматчисидан интервью келадиган бўлса. Лекин ўша субъектнинг ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса, унга холис интервьюни бериш масаласи ҳам давлат хизматчиси олдида қийин бир вазиятга тушишнинг олдини олиш мақсадида талаб сифатида белгиланмоқда.

Би-би-си: Ҳозир Ўзбекистонда блогерлик соҳаси оммалашди. Кўплаб блогерларнинг миллионлаб мухлислари бор, лекин улар расман рўйхатдан ўтмаган. Ёки Ўзбекистондаги хориж нашрлари рўйхатдан ўтмаган. Улар мурожаат қиладиган бўлса, уларга ҳурматсизлик қилиб, жавоб бермаслик мумкин, деган йўл очмайдими бу жумла?

Темур Сафаров: Агар шундай маъно англатаётган бўлса, албатта, мазкур нормага тегишли тартибда жамоатчилик томонидан таклифлар бериладиган бўлса, яхши бўларди. Шунақа тушунмовчиликлар келиб чиқаётган бўлса, бериладиган таклифлар асосида кўриб чиқишилиши мумкин.

Би-би-си: 21-моддада давлат хизматчисининг тадбиркорлик фаолияти ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланиши кўрсатилган. Унда давлат хизматчиси акциялари оммавий муомалада бўлган акциядорлик жамиятларининг 10 фоизгача акцияларига эгалик қилиш ҳуқуқи бериляпти. Бу моддага фикр билдирган ҳуқуқшунослардан бири бу манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга олиб келишини билдирди. Сиз нима дейсиз?

Темур Сафаров: Албатта, бу масалада илғор Европа давлатларининг, хорижий давлатларнинг барча қонуний ҳужжатларини ўрганиб чиқдик. Ўрганиб чиққанимизда Польшада ўша давлат хизматчиларининг хўжалик бошқарувидаги иштироки тўғрисидаги қонунда белгилаб ўтилган. Яъни парламент аъзолари ва давлат хизматчилари ўзларининг фаолиятида тадбиркорлик фаолиятларида иштирок этиш умуман тақиқланган. Шу билан биргаликда фақатгина 10 фоиз акцияга эга бўлиш ҳуқуқи белгилаб ўтилган. Бундан ташқари бошқа давлатларда бу масалада алоҳида бир талаблар белгиланган. Яъни акцияга эгалик қилиш мумкин. Лекин бу акцияларни ишончли вакилларга бериш ёки ўша акцияларни қайсидир миқдорда ўзида сақлаб қолиш, ҳар хил шаклда кўрсатиб ўтилган. Акцияга эгалик қилиш мумкинда, фақат ўзининг назорати остидаги хўжалик юритиш объектлари акцияларига эгалик қилиш мумкин эмас, деган талаблар турли хил белгиланган. Акцияларга эгалик қилиш, албатта, бу акциялар ҳар бир давлатда асосий қонунда ҳам конституцияда ҳам белгилаб қўйилган. Ҳар бир шахс мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

Би-би-си: Лекин бу ерда гап давлат хизматчиси ҳақида боряпти. Ўзингиз айтаяпсиз, ўрганиб чиққан давлатларингизда тийиб турувчи омиллар алоҳида кўрсатилган. Лекин ҳозирги лойиҳада бу кўрсатилмаган. Бу очиқдан очиқ коррупцияга етакламайдими?

Темур Сафаров: Шу масалада алоҳида норматив ҳужжат ишлаб чиқаяпмиз. Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан шу лойиҳани тегишли тартибда жамоатчиликка муҳокамага берамиз. Шу лойиҳада мазкур сиз айтиб ўтган масалалар тўлиқ қамраб олинган. Яъни акцияларга эгалик қилса ҳам, ўша эгалик қилиш тўғрисидаги декларацияларни тўлдириб бериш масалалари ёритиб берилган.

Би-би-си: 42-моддада давлат хизматчиси фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органи ва жамоат ташкилотлари билан алоқасида моддий наф олмаслиги керак. Лекин фуқаролик-ҳукукий шартнома тузилган бўлса мумкин дейилган. Бу нимани англатади?

Темур Сафаров: Бугунги кунда давлат хизматчиларининг фаолиятини ўрганиб чиққанимизда асосий ишдан ташқари турли лойиҳалар доирасида давлат хизматчилари иштирок этишади. Албатта, лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларига қўшимча ҳақ тўланади. Яъни бу ишдан ташқари қўшимча иш. Лекин бу лойиҳалар бошқа халқаро ташкилотлар, шу жумладан, ўзимизнинг маҳаллий ташкилотлар томонидан ҳам ташкил этилади. Шу лойиҳалар доирасида давлат хизматчилари шартнома асосида хизмат кўрсатишлари, ортиқча наф олишлари мумкин.

Би-би-си: Бу коррупцияга йўл очмайдими? Бошқа лойиҳаларни тўхтатиб ўзлари фойда кўрадиган лойиҳаларга киришиб кетмайдими?

Темур Сафаров: Бу масалада Меҳнат қонунчилигида ҳам белгиланган, албатта, бундай шартномалар иш берувчи билан келишган ҳолда амалга оширилади. Давлат хизматчиси асосий иш вақтидан ташқари бошқа ишларни бажариши ички тартиб-қоидалар ва меҳнат қонунчилигида ўз аксини топган. Бу иш берувчи билан келишган ҳолда амалга оширилади.

Би-би-си: 32-модда муҳокамаларга сабаб бўляпти. Давлат ташкилотларида барча ходимларга иш жойида бир хилда уларнинг сиёсий ва мафкуравий қарашларини ёки динга муносабатини акс эттирувчи либосларда бўлиш ёки бошқа белгиларни тақиб юриш тақиқланади. Аниқлик киритасизми, бу қандай либослар?

Темур Сафаров: Сиёсий қарашларни акс эттирувчи деганимизда, албатта, шу партияга мансублиги. Мисол учун қайсидир партиянинг аъзоси бўлса, иш жойида белгиларини тақиб юриши. Албатта, бунга истисно қиляпмиз. Давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланганлар, яъни депутатлар.

Диний қарашлар акс эттирувчи либослар бўлиши белгиларини, хусусан, бу буддавий динида мисол учун будда ҳайкалини акс эттирган либос бўладими шунга оид белгилар бўладими? Ёки христианлик динини мисол учун, пайғамбарларнинг, авлиёларнинг, черковларнинг акси туширилган либос бўлиши мумкин.

Би-би-си: 32-моддани ижтимоий тармоқдагилар рўмол ёки ҳижоб билан давлат хизматчиси бўлиш тақиқланади, деб талқин қилиняпти. Тўғрими шу?

Темур Сафаров: Тўғри, сиз айтаётган саволингиз ўринли. Лекин биринчи навбатда шуни ҳам билишимиз керак. Бу нарсани қонунчилигимизда мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳам, мисол учун, рўмол ўзи диний либосми ёки йўқ деган савол ҳеч қайси давлатда қонунчиликда ҳам, бизнинг қонунчилигимизда ҳам таъкидланмаган. Хусусан, Ислом динида ҳам, муқаддас Ислом динимизда ҳам , шу дин ишлари қўмитаси томонидан ҳам либос ҳисобланадими, тушунтириш берилмаган. Аниқ белгилаб берилмаган. Лекин, ўз навбатида, бу каби масалаларни аниқроқ очиб бериш мақсадида ҳам лойиҳада давлат органи ташкилотлари ходимларининг ташқи кўриниши ва кийиниш услубига оид намунавий талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Би-би-си: Яъни мана шу кодекс қабул қилингандан сўнг давлат хизматчиси ҳижобда ишхонага борса унга муаммо бўладими, йўқми?

Темур Сафаров: Шунинг учун ҳам мазкур масала аниқроқ ёритиб бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан намунали одоб-аҳлоқ қоидаларида ўз аксини топади. Қайси либосларда бўлиш, бўлишмаслиги. Мана ҳаммага маълум, инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳам барча давлатларга ўзида истиқомат қилувчи инсонлар, фуқароларнинг ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш мақсадида, ҳамма ташкилотлар фуқароларнинг ҳуқуқларини чекламаслиги, айирмачилик бўлмасликларини таъминлашлари керак. Давлат деганимизда биз кимни тушунишимиз керак. Албатта, давлат хизматчилари. Ўша давлат хизмати ташкилотига фуқаролар келар экан, у ерда дини ва ирқидан қатъиназар ўзининг муаммоларини ҳал қилишга келади. Агар, ўзингиз ўйланг, давлат ташкилотида бир либосда ўтирган бўлса, будда дини ҳайкалини қўйиб қўйган бўлса, орқасига хоч илиб қўйган бўлса ёки мафкуравий коммунистик, нацистик белгилар осиб қўйган бўлса…

Би-би-си: Жавобларингиздан яна саволлар пайдо бўляпти. Ўзбекистонда сиз айтаётган бошқа масалалар унча устун эмас. Яъни буддавийлик, чунки Ўзбекистоннинг асосий қисми Ислом динига амал қилади ва аниқ савол ҳижоб борасида қўйиляпти. Бунга аниқлик киритилиши кераклиги айтиляпти. Сиз бу масала кодексда эмас, Вазирлар Маҳкамасининг яна бир ҳужжатида акс этишини айтаяпсиз. Шу ерда аниқ кўрсатиб кетса бўлмайдими?

Темур Сафаров: Сиз айтаётган масала ҳам кўп масала-да. Мисол учун, рўмол диний либосми ёки салла диний либосми? Кийиниш одоб-аҳлоқ қоидалари ичини ўрганиб чиқдик. Алоҳида бир китоб шаклида ташкил қиладиган бир ҳужжат кўринишида ҳам чиқади. Чунки бу кодекс ичида алоҳида қамраб оладиган бир кўринишда айтиб ўтолмаймиз. Бу ерда ҳам бир фуқаронинг ҳуқуқлари мавжуд. Мисол учун, давлатга юклатилган халқаро конвенциялар, пактлар томонидан юклатилган вазифа давлат томонидан таъминлаб бериш керак деган вазифа, албатта, бу давлат хизматчилари томонидан амалга оширилади. Яъни ташкилотда мафкуравий, сиёсий қарашлардан қатъиназар, уларга тўғри муносабатда бўлиш, яъни фуқаро келиб ўзини камситилгандек ҳис қилиши керак эмас, давлат ташкилотига киргандан кейин.

Би-би-си: Виждон эркинлиги тўғрисида қабул қилинган янги таҳрирдаги қонунда диний либос тушунчаси чиқариб ташланди...

Темур Сафаров: Шу-шу. Ўшанинг учун ҳам айтиб ўтаяпмизки, фуқароларимиз нотўғри тушунчага эга бўлмаслиги учун ҳам бу нарсани олдин ҳам англаган. Диний либосни, ибодат либослари тушунчаларини қонундан чиқариб ташлаганмиз. Янги қонун қабул қилганимизда, бу талаблар белгиланмаган.

Би-би-си: Вазирлар Маҳкамаси ҳижобда келмасликка талаб қўйиши мумкинми?

Темур Сафаров: Бундай талаб, албатта, тегишли ваколатли органлар билан келишган ҳолда белгиланади. Бу ўзимизнинг фуқароларимизнинг ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш мақсадида белгиланадиган масала. Буни тўғри тушунишимиз керак. Давлат халқаро конвенциялар, конституциямизда белгиланган талабдан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаронинг тенглигини таъминлаш мақсадида ҳам, фуқароларимизни камситмаслик мақсадида ҳам шу нарсани чуқур ўйлаган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасида аниқ бир ечимини беради. Чунки сабаби, бу биринчи навбатда қўйилаётган талаб асосли. Сабаби давлат ташкилотларида биринчи навбатда бу ҳолат манфаатлар тўқнашувини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Чунки сиёсий партияга мансублиги ёки диний конфессияга мансублиги сабабли фуқарога ён босиши ёки бошқа ҳолатларни келтириб чиқиш ҳолатларини инобатга олиб, бундай талабларни чекловчи бир рамкаларини ушбу қоидаларда белгилаб ўтишимиз тўғри.

Би-би-си: Лойиҳани ўрганиб чиққан ҳуқуқшунос ушбу модда кўплаб низоларга йўл очади. Диний либосда давлат хизматчиси бўлишни тақиқловчи модда Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 31-моддасига ва Ўзбекистон имзолаган халқаро шартномаларга ҳам зидлигини айтяпти. Сизнингча ҳам бу модда жуда баҳсли эмасми?

Темур Сафаров: Давлат хизматчилари томонидан ўзларининг устки кўринишида ҳам ифодаси намоён бўлиши керак. Яъни ҳеч қайси бир конфессияга ёки динга бўладими, сиёсий партияга тегишлилик нуқтаи назардан намоён бўлмаслиги керак. Фуқаролар давлат ташкилотига мурожаат қилганида, ўзининг муаммосини ҳал қилиш нуқтаи назаридан мурожаат қилади. Шу сабабли ҳам давлат хизматчилари ўзларини холис тутишлари керак. Холис ўзларининг одобларида ҳам белгиланиши лозим.

Би-би-си: Кўпчилик бу модданинг олиб ташланиши ёки ўзгартириш тарафдори бўляпти. Мана шу таклифлар вa эътирозлар эътиборга олинадими?

Темур Сафаров: Албатта, ҳар бир фуқаронинг фикри эътиборга олинади. Агар лойиҳада шу масалалар тушунарсиз чиқаётган бўлса, тузатишлар киритилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek