Жаки Ҳорсвуд:'Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда'

Жаки Ҳорсвуд
Image caption Жаки Хорсвуднинг айтишича, Каримов бошқаруви остида Ўзбекистон "барбод бўлмоқда"

Лондонда жойлашган Британия-Ўзбекистон жамиятининг собиқ аъзоси Британияни ўзининг савдо ва стратегик манфаатлари йўлида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига кўз юмаётганликда айблади.

Шу йил бошида жамият "Ўзбекистондаги вазиятга танқидий ёндошмагани" учун истеъфо берган Жаки Ҳорсвуд Би-би-си билан суҳбатда Британия-Ўзбекистон жамиятини ўзининг савдо шериги билан шартсиз ҳамкорликдан воз кечишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон авторитар ва ёпиқ давлатлигича қолмоқда ва ўзбек халқи кундан-кунга қашшоқлашиб бораётир.

Ҳорсвуд хонимга кўра, савдо ва маданиятни тарғиб қилувчи Британия-Ўзбекистон жамияти вазиятни ўзгартириш йўлида ўзбек ҳукуматига таъсир кўрсатиш имконига эга.

Аммо Ҳорсвуд хоним жамият бу имкониятдан фойдаланмаяпти, деб ҳисоблайди.

'Иккиюзламачи сиёсат'

Жаки Ҳорсвуд террорга қарши урушда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилаётган ғарбни иккиюзламачиликда айблади.

"Биз инсон хуқуқлари ва демократия ҳақида баёнотлар қилсак-да, Каримов биз учун ўта муҳим бўлгани учун бу йўлда амал қилмаймиз. Бу иккиюзламачи сиёсат", - деб айтди Ҳорсвуд хоним.

Унга кўра, инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақидаги баёнотларга қарамай, ғарб Каримов каби диктаторлар билан ўзи манфаатдор бўлгани учунгина ҳамкорлик қилади.

Асли мутахассислиги иш жойида хавфсизликни таъминлаш бўйича масъул бўлган Жаки Хорсвуд жамиятга 2007 йилда аъзо бўлиб кирган.

У Ўзбекистонга кўпроқ сармоялар жалб этиш билан унинг дунёга кўпроқ очилиши ва халқнинг фаровонлигини ошириш мумкин, деб ишонганини айтади.

Аммо ўзининг сўзларига кўра, Британия-Ўзбекистон жамиятидаги фаолияти давомида у Президент Каримов "ғарбни ўйинчоқ қилмоқда", деган хулосага келган.

"Менимча, Каримов сохта очиқлик ва муваффақиятларини кўз-кўз қилиш учун Британия-Ўзбекистон жамияти билан ҳамкорлик қилаётгандек. Ўзим каби бошқа аъзолар ҳам шунга бехосдан аралашиб қолганмиз", - дейди Ҳорсвуд хоним.

У диктаторлар билан очиқ мулоқот самарали бўлишига ишонишини айтиб, Ўзбекистон мисолида бунинг иш бермагани учун ғарбни айблайди.

"Мен қаттиқ ишонаман, агар диктатор хукумат билан очиқ алоқа қилсангиз, бора-бора тўсиқлар йўқолиб боради. Лекин шуни уят билан тан оламанки, вақт ўтиб бораётган бўлса-да, Британия савдо ва бойлик учун ўз принципларидан воз кечмоқда", - дейди Жаки Ҳорсвуд.

Унинг сўзларига кўра, Британия Ўзбекистондаги абгор инсон хуқуқлари ва иқтисодий вазиятга эътибор бермаяпти.

'Муҳим мавқеъ'

Британия-Ўзбекистон жамияти икки давлат орасида савдо ва маданий алоқаларни тарғиб қилиш мақсадида тузилган бўлиб, унинг аъзолари қаторига "Oxus Gold", "British-American Tobacco", "INJ Finance" каби йирик ширкатлар ҳамда нуфузли арбоблар, шунингдек, минтақага катта қизиқиш билан қарайдиган мутахассислар киради.

"Британия-Ўзбекистон жамиятидан фойдаланиш орқали савдо алоқалари баҳонасида Ўзбекистонга бир ялтироқ устки қатлам яратиб берилаётгандек туюлди менга. Мен бу сохта қатламнинг бир қисми бўлолмайман, деб истефога чиқдим", - дейди Ҳорсвуд хоним.

Унинг айтишича, Президент Каримов бошқаруви остида улкан заҳираларга эга бўлган Ўзбекистон "барбод бўлмоқда".

Ҳорсвуд хоним Британия-Ўзбекистон жамиятининг асосий вазифаси савдо-маданий алоқаларни тарғиб этиш бўлгани ҳолда, жамият янги шартларни қўйиш каби муҳим мавқеъга эга, деб ҳисоблайди.

"Ўзбек халқи кундан кунга қашшоқлашиб бормоқда ва уларни ўйлаш керак. Баландпарвоз гаплар қилиб, кутиб ўтиришга вақт йўқ", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Британия-Ўзбекистон жамиятининг собиқ аъзоси.