Маҳкама қийноқ даъволарини текширмоқда

Ўзбекистон герби
Image caption Ўзбекистон дунёга қийноқ кўп қўлланувчи мамлакатлардан бири сифатида танилган

Жиззахда сиёсий диний фаолиятда айбланиб, маҳкамага тортилган 25 нафар судланувчининг деярли ярми тергов жараёнида қийноққа тутилганларини айтишган.

Жиззахнинг Пахтакор туманидан бўлган айбланувчилар тергов пайтида уларни сув тўла баклашка ва резина таёқлар билан дўппослашгани, бошларига уришгани ҳақида билдирганлар.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Ўзбекистон маҳкамаларида ўта кам учрайдиган ҳолат рўй бериб, ҳакам тўрт нафар судланувчининг қийноққа тутилган ё тутилмаганини аниқлаш учун тиббий текширув ўтказишга буюрган.

"Текширув ўтказилган, лекин натижалари бизга ҳали аниқ эмас" - дейди жараённи кузатаётган жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Унинг айтишча, жараёнга мустақил фаоллар киритилмаяпти.

"Барча маълумотлар маҳкамага кирган айрим қариндошлар ҳамда ҳимоячиларнинг гапларига асосланади" - дейди фаол.

Қоралов тарафи судланувчиларга "Биродарлар" диний гуруҳини тузиш, хотин-қизларни ҳижобга киришга ундаш, жиҳодга даъвати ва конституцион тузумга тажовуз қилишга оид айбловлар қўйилаётгани айтилади.

Бироқ судланувчилар айни айбловларни рад этишган.

Айбланувчилар фақат икки йил илгари биргаликда намоз ўқишгани, диний гаштаклар ўтказиб, волейбол ўйнашганини айтишади.

Аксариси ишсиз ва камбағал оилалар вакиллари, дейилаётган 25-35 ёшлар орасидаги судланувчилар ўз оилалари қашшоқлиги, айримлари яқинлари вафот этгани ё ака-укалари ичкиликка рўжу қўйишгани учун ҳам таскин ва нажот излаб динга мурожаат қилишганини қайд этганлар.

Айни дамда, Бахтиёр Ҳамроев кейинги пайтлари Ўзбекистонда диндорлар устидан кечаётган айрим маҳкамаларда енгилроқ жазолар бериш ва ҳатто айбланувчиларни озод қилиш ҳоллари ҳам учраётганини айтмоқда.

Маҳкама Наврўз байрамидан кейин, 23 март куни ўз ишини давом эттиради.