Ўзбекистонда кечиккан Наврўз тантанаси

Наврўз айёми
Image caption Ҳар йилги расмий Наврўз тантаналари совуқ об-ҳаво туфайли бу йил Ўзбекистонда уч кунга кечикиб кетган

Бугун Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов иштирокида Наврўз байрамига бағишланган анъанавий расмий байрам тантанаси 3 кун кечикиш билан ўтказилган ва пойтахт Тошкент ва ҳамда Алишер Навоий номли боғ атрофида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган.

Ҳар йили Наврўздан бир кун аввал ўтказиладиган ва ҳукумат амалдорлари, дипломатлар ва "минг бир чиғириқдан" ўтган талаба ҳамда маҳалла активлари қатнашадиган бу тадбир 20 ва 21 март кунлари қор ёғиши туфайли кечиктирилган эди.

23 март куни эрталаб қуёш ҳар замон кўриниб турганига қарамай, ҳаво ҳамон етарли илиқ эмасди. Президент Каримов яқин икки соат давомида кутишга мажбур бўлган байрам қатнашчилари олдида нутқ сўзлаб, халқни Наврўз билан табриклади.

Унинг гулдурос қарсаклар билан бўлиниб турган нутқи ўтган йилгидан кўра қисқа, қарийб уч-тўрт дақиқа давом этди холос.

Тадбирда қатнашган кишилардан бирининг айтишича, Президент Ислом Каримовнинг кайфияти яхши бўлиб, у доимгидек одамлар орасига кириб рақсга тушган, сўнг дипломатлар қаршисида туриб ҳам рақсини давом эттирган.

Ҳар доимгидек қарсаклар

Байрам ва қувноқ кайфият юзага келтириш учун барча қатнашчилардан рақсга тушиш ва президент нутқ сўзлаганда астойдил қарсак чалиш сўралган, бир-икки марта қандай қарсак чалиш лозимлиги машқ ҳам қилинган.

Кейин у бутун саҳнани четини айланиб, биринчи қатордагилар билан қўл бериб кўришган.

Концерт якунида президент саҳнага чиқиб, қатор тизилиб турган қўшиқчилар билан қўл беришиб кўришди, баъзиларини бағрига босди.

Ватанпарварлик қўшиғи остида юз бераётган бу манзарадан руҳланган қўшиқчи аёллардан бири президент билан саломлашар экан, кўзидан дув ёш оқизиб, ҳиқиллаб йиғлаб юборди, дейди байрам қатнашчиси.

Махсус тайинланган қизлар дипломатларни ҳам рақсга тушишга ундаган.

Ўрнидан туриб, мусиқага мос ҳолда муқом қилишга уринган бир неча дипломатлар орасида АҚШ элчиси ҳам кўзга ташланган.

Концерт дастурида аксар ўртамиёна ва ёш ҳофизлар чиқиб, халққа танилган юлдуз қўшиқчилар кўринмаган.

Хавфсизлик чоралари

Ҳамма томонни фуқаро кийимида ва елкасидаги сумкага қурол жойлаб олган ҳарбийлар босиб кетган.

Байрамга илк марта таклиф этилган кишига кўра, уни хавфсизлик чоралари ҳайратга солган.

У ҳамма томонни фуқаро кийимида ва елкасидаги сумкага қурол жойлаб олган ҳарбийлар босиб кетгани, ичкарига кириш учун тўрт марта текширувдан ўтгани, мобил телефон тугул, сигарет ва гугуртни ҳам ўтказишмаганини айтади.

Ўзбекистонда байрамнинг кечиктирилгани аҳолига маълум этилмаганидек, бугун ўтказилиши ҳам оддий халққа аввалдан билдирилгани йўқ.

Шу боис жонли эфирда берилган концертни аксарият одамлар кўра олмаган.

Эрталаб эса ҳеч нарсадан хабарсиз ҳайдовчилар Тошкент марказига элтувчи йўллар орқали ўтиш учун йўлга чиқар экан транспорт тирбандлигига юз келиб, асосий чорраҳалар тинимсиз чалинган ғазабнок гудоклар ва миршабларнинг ҳуштагига тўлиб кетган.

Ўзбекистоннинг аксар қишлоқ ва шаҳарларида Наврўзни нишонлаш ўтган ҳафтада ўтказилгани учун бугунги байрам умумий манзарадан узилиб қолгандек кўринган.

Фикр ва мулоҳазаларингиз учун SMS рақамимиз:

+447786201124

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзили: uzbek@bbc.co.uk