Қиз олиб, қиз берган икки юртдаги бугунги машмашалар

Тожикистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган ўн нафарга яқин аёл Ўзбекистондан чиқариб юборилган. Бу ҳақда бу аёлларнинг ўзлари айтишган. Уларнинг билдиришларича, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ҳужжат текшириш ўтказилиб, фуқаролик ҳужжатига эга бўлмаган одамлар аниқлана бошланган. Текшириш асносида фуқаролик ҳужжатини кўрсата олмаган аёлларни Ўзбекистондан чиқариб юборишга қарор қилинган. Аёлларнинг айтишларича, аслида Ўзбекистондан чиқариб юборилган аёлларнинг сони кўп бўлиши мумкин. Тожикистондан қўшни мамлакатга келин бўлиб тушадиган аёллар эса, беш-ўн йилгача, ҳатто, муваққат фуқаролик ҳужжати олишга муваффақ бўла олишмаётган экан. Айни пайтда Тошкент вилоятининг бошқа туманларида текширишлар давом этаётгани айтилади.

Тожикистонлик Фарҳод Хуррамовнинг айтишича, у Ўзбекистондан чиқариб юборилган ўн чоғли аёлни Хўжанддаги автовокзалгача келтириб, уларнинг ота-оналари яшайдиган қишлоқларга жўнатиб юборган. Уларнинг ҳатто тожик пуллари йўқ бўлиб, ўзбек пулини қаерда, қандай алмаштиришни ҳам билишмасди, дейди Фарҳод:

“Йўл-йўлакай аёллар ўзларининг ўн саккиз-ўн тўққиз ёшларида Ўзбекистонга келин бўлиб келганликларии, унгача ўзлари яшайдиган қишлоқдан четга чиқмаганликларини айтишди,” деб айтади у.

Қадим-қадимдан ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон тупроғида яшаб келган халқлар қиз олиб-қиз беришган. Гарчи мамлакатлар мустақилликка эришгач, қўшни мамлакатдан келин туширишлар бироз камайган бўлса-да, лекин ҳамон давом этмоқда. Тожикистонлик Мастура Комилованинг Ўзбекистонга келин бўлиб тушганига ҳали бир йил бўлган эмас. Мастура Бўка туманига келин бўлиб тушган бошқа тожикистонлик қизлар каби ҳозирда хавотирга тушиб қолган:

“Танишларим Бекободдаги текширишларни айтиб беришди. Энди мендан ҳужжат сўраб қолишса нима қиламан?” хўрсинади Мастура.

Қирқ ёшни қоралаб қолган Раънолар оиласи асли Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан. У ҳозир ўзи келин бўлиб тушган Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров туманидаги тоғли қишлоқлардан бирида яшайди:

“Ўзбекистонда ака-укам, опаларим, амма, тоға, амакиваччаларим бор. Фақат мен ўзим шу ерда қолдим. Ўзбекистонга божхона орқали борсангиз, ҳеч қанақанги қийинчиликка учрамайсиз. Бориб, қайтиб келоласиз. Лекин божхона бундан 3-4 ой олдин бекилгани учун, биз анча қийинчиликка учраб, Ўзбекистонга боролмадик. Лекин чекка йўлдан ўтиб борган одамлар борди, мен ҳеч бундай қилмаганим учун, борганим йўқ”.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистонда фуқаролик ёки вақтинчалик фуқаролик ҳужжати олиш бирмунча осон. Лекин бунга қарамай, бу мамлакатда ўтказилган текширишларда ҳам вақтида қўшни мамлакатдан келин бўлиб тушиб, Тожикистон фуқаролиги ҳужжатини ола олмаган аёллар чиқариб юборилиши ҳоллари юз берган.

Чегаранинг ҳар икки томонида яшайдиган аёллар, уларнинг ота-оналари, яқинлари тинч-тотув яшаб юрган оилаларнинг бузилмаслиги, фарзандларнинг тирик етим бўлиб қолмасликлари учун халқаро меъёрлар асосида қўшни мамлакатлар мавжуд қонунларига ўзгартишлар киритилишига умид қилишади.

Фикр ва мулоҳазаларингиз учун SMS рақамимиз:

+447786201124

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзили: uzbek@bbc.co.uk