Шифокорларнинг хориж сафарларига чеклов

Шифокор
Image caption Янги фармойишдан шифокорлар мамнун эмас

Ўзбекистон ҳукумати ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг чет элга чиқишларини чеклашга қарор қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармалари махсус фармойишлар чиқариб, унга кўра, хорижга чиқаётган тиббий муассаса раҳбарлари ва шифокорлар вазирликдан рухсат олишлари керак.

Шу қаторда, сафар мақсади ҳамда бирон илмий даргоҳда ўқийдиган лекцияларини ҳам мутасаддиларнинг кўригидан ўтказишлари керак бўлади.

Бу борада хабар тарқатган Тошкентдаги норасмий эксперт ишчи гуруҳига биноан, врачлар ҳатто мамлакатга қайтганидан кейин ҳам ҳисоб беришга мажбурлар.

Айни чекловлар норасмий бир шаклда ҳукумат ташкилотларида ишлайдиган мулозимлар учун бир неча йилдан бери амалда экани айтилади.

“Чиқиш визаси” баҳона...

Би-би-си билан суҳбатда ўз номини очиқлашни истамаган Ўзбекистон матбуот нашрларидан бирида раҳбар бўлиб ишлаётган журналистнинг айтишича, у Туркияга таътилга чиқиш учун ҳам Президент девонидаги мутасадди шахс билан маслаҳат қилишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон собиқ Шўролар маконида ўз фуқаролари учун “чиқиш визаси”ни сақлаб қолаётган ягона мамлакатдир.

Ҳар икки йилда янгиланадиган бу рухсатномани олиш учун камида икки ҳафта вақт талаб қилинади.

Ички ишлар вазирлигига қарашли идоралар Тошкент шаҳри туманлари ва вилоят марказларида фаолият кўрсатиши маълум.

Чиқиш визаси олган аксарият ўзбекистонликлар мулозимларнинг очиқдан очиқ пора олишгани, пора берилмагани тақдирда “паспортингиз СНБдан қайтмади” каби баҳоналар билан ҳафталаб овора қилишларини айтишади.

Кузатувчилар, ҳар ҳолатда ҳам ҳукуматнинг назорат воситаларидан бирига айланган айни тизимда Ички ишлар вазирлиги, Миллий Хавфсизлик хизмати фаол иштирок этиши ортиқ сир бўлмай қолганига эътибор қаратишади.

“Дўхтурдан ким қўрқади?..”

Image caption Ўзбекистон шифокорлари энди ким билан тажриба алмашишади?

Кузатувчиларга кўра, шифокорлар учун янги чекловлар ортида турган сабаблар қаторида ҳукуматнинг мамлакатдаги манзарани хорижда “ жаннатмакон” қилиб кўрсатишига “ доғ “ тушиб қолишмаслик ҳаракати бўлиши мумкин.

Аммо иқтисодий вазият тобора оғирлашиб бораётган Ўзбекистонда юз минглаб ўрта ва олий таълимга эга бўлган фуқароларнинг яқин хориж, асосан Россияга иш излаб чиқиб кетаётгани ҳам айни чеклов жорий этилишига ҳисса қўшгани муболаға эмас.

Россия шаҳарларида ўзбек шифокорлари сони ой сайин ортиб бораётгани ҳақида турфа интернет нашрлари хабар қилишмоқда.

Малакали, билимдон шифокорлар Ўзбекистон тиббиёт тизимларида ишлаш билан рўзғор тебратиш деярли имконсиз эканлигини айтишади.

Шифокорларнинг хорижга чиқишларига ўрнатилган чеклов тиббиёт соҳасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг чет элдаги ҳамкасблари билан тажриба алмашишлари йўлида катта тўсиқ бўлади, дейди Тошкентдаги норасмий эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Россиядан тортиб Яманга қадар йўл олган шифокорлардан бирининг айтишича, Ўзбекистон Шўролар даврида Марказий Осиёдаги тиббиёт ривожланган энг илғор республикалардан бири бўлган.

Ўзбекистонда бугунга келиб мамлакатдаги бошқа қатор тизимларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам тобора юпун ҳолатга тушмоқда.