Ўзбекистон иқлим исишига тайёрланиши керак

Қирғизистондаги музлик
Image caption Ўзбекистон сув таъминоти учун муҳим бўлган Қирғизистондаги музликлар жадал эримоқда.

Минтақа музликлари эриётгани боис Ўзбекистон ўз энергия соҳасини ислоҳ қилиб, янги технологияларни жорий этиши зарур бўлади.

Бу борада таъкидлаган тошкентлик академик Бек Тошмууҳаммедовга кўра, Сирдарё ҳамда Амударёни сув билан таъминловчи музликлар жадал кичраймоқда ва келаси ярим аср ичида буткул эриб кетиши тахминлари ҳам йўқ эмас.

"Ҳозир энергетика тизими буткул нефть ва газга боғланган. Лекин бу бойликлар вақт сайин тугайди" - дейди академик Тошмуҳаммедов Би-би-си билан суҳбатда - "Биз ана шу ҳолатга тайёр бўлишимиз зарур".

Олимга кўра, Ўзбекистонда йилнинг учдан икки қисми қуёшли ва шу боис қуёш энергиясини ишлатиш истиқболлари катта.

Ҳозир Ўзбекистон жойлашган кенгликдаги мамлакатлар айни энергия манбаидан фойдаланишни бошлашган. Бироқ Марказий Осиёда нефть-газ мўллиги боис янгича энергия борасида чуқур ўйлаб кўрилмагани айтилади.

Айни дамда, Ўзбекистон катта миқдорда уран заҳираларига эга ва аллақачонбу маҳсулотни четга сотаётир.

Бек Тошмуҳаммедовнинг ўйлашича, Ўзбекистон атом энергиясини ишлаб чиқариш борасида ҳам ўйлаши лозим.

Энергия кўп, сув кам

Марказий Осиё энергия заҳираларига бой эса-да, лекин минтақада сув манбалари катта эмас. Иқлим исиши ва аҳоли ўсиши эса сув тақчиллигини янада кучайтиради.

Бироқ жаҳонда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши қайтага кўпроқ ёғингарчиликларга етаклаши ҳам кутилади.

"Ўзбекистоннинг 80% ҳудуди саҳро. Лекин иқлим исиса, буғланиш ва булутлар кўпайиб, Ўзбекистонда ҳам кўпроқ ёмғир ёғиши мумкин" - дейди Бек Тошмуҳаммедов.

Лекин айни фикр умидли башоратга ўхшайди. Денгизлардан жуда узоқда ва саҳроларга туташ Марказий Осиёга булутлар етиб келмаслигини ҳам назарда тутиш керак.

"Шундай ҳолатда Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдиришни йўлга қўйиш мумкин" - дейди академик Тошмуҳаммедов -"Бу жуда самарали усул ва замонавий технологиялар имкон беради".

Олимнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда иқлимни ўрганадиган кучли олимлар гуруҳи ишлаган. Улар ёғингарчиликни қандай кўпайтириш мумкинлиги устида ҳам иш олиб боришган.