Хайрулло Ҳамидов маҳкамаси шу ҳафта бошланиши мумкин

Хайрулло Ҳамидов
Image caption Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистонда ўзининг диний-маърифий радио эшиттиришлари билан танилган эди

Таниқли журналист Хайрулло Ҳамидов устидан маҳкама иши шу ҳафта ичида бошланади, деб айтди журналист яқинлари Би-би-си билан суҳбатда.

Бироқ, Хайрулло Ҳамидов рафиқасининг унинг ҳимоячисига иқтибосан маълум қилишича, маҳкаманинг ҳафтанинг айнан қайси кунида бошланиши аниқ эмас.

Таниқли футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан танилган таниқли журналист Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

У дастлаб "ноқонуний диний ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш"да айбланган эди.

Аммо Хайрулло Ҳамидовга қўйилган дастлабки айблов тергов жараёнида олиб ташланиб, унинг ўрнига "жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш" айблови қўйилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг маълум қилишларича, журналистга нисбатан қўзғатилган иш юзасидан "ҳаммаси бўлиб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан яна 21 одам терговга тортилган.

Ушбу айблов маҳкама чоғида ўз исботини топгудек бўлса, журналист беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Барча айбланувчилар ҳозирда "Тоштурма"да сақланмоқда.

Журналистнинг ҳимоячиси дастлабки тергов жараёнида уни ҳибсдан озод этишни сўраб, маҳкамага мурожаат этган.

Бироқ Хайрулло Ҳамидовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги сўров маҳкама томонидан рад этилган.

Ҳозирга қадар кўплаб халқаро ташкилотлар 35 ёшли Хайруллло Ҳамидовни ҳибсдан озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, "ўзбек расмийларининг Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олиш учун қўйган важлари шубҳали ва ҳар бир мустақил инсонни экстремист сифатида кўрсатишга қаратилган".

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуоти энг қаттиқ цензура қилинадиган дунё давлатлари қаторига киритган.

Бу мавзуда батафсилроқ