Сергей Иванов бошчилигидаги ҳайъат Тошкентга сафар қилмоқда

Сергей Иванов
Image caption Сергей Ивановга юздан ортиқ мутасадди ва ишбилармонлар ҳамроҳлик қилмоқда

Россия матбуотининг хабар қилишича, ҳукуматлараро комиссия раисдоши Сергей Иванов бошчилигидаги Россия ҳукумати делегацияси 30 март куни кечқурун Ўзбекистонга борган.

Мазкур делегация таркибида юздан ортиқ мутасаддилар ва Россия ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда Россиянинг етакчи газета ва телеканаллар журналистлари бор.

Олдинроқ Тошкентдаги мустақил Узметроном вебсаҳифаси томонлар имзолайдиган ҳужжатлар кўлами катталиги, аммо улар ҳақида тафсилотлар маълум эмаслиги ҳақида хабар берганди.

Москвалик журналист Санобар Шерматованинг айтишича, Россия бош вазири муовинига қатор бизнесменларнинг ҳамроҳлик қилаётгани ўзбек тарафи билан музокаралар мавзуси кўпроқ иккитомонлама бизнес алоқаларини ривожлантириш бўлган деб тахмин қилиш мумкин.

Унга кўра, Ўзбекистонда Россия билан ҳар икки томонга манфаатли бўлган бизнес алоқаларини кенгайтиришга сиёсий хоҳиш бор эса-да, мамлакатдаги шарт-шароитлар буни йўлга қўйишга халақит беради. Яъни, мамлакатда сўмнинг эркин конвертация қилинмаслиги, бюрократия, коррупциянинг кенг кулоч ёйгани айниқса, ўрта ва кичик бизнесни йўлга қўйишга тўсқинлик қилувчи омиллар саналади.

"Ўзбекистонда икки ҳукуматнинг кучли дастагига эга бўлган "Лукойл" ва "Газпром" ширкатлари бизнес қила олади, аммо ўрта ва кичик хусусий ширкатлар бирон фойда топмоқчи бўлса, мулозимларнинг ўзбошимчалиги ва рейдерлик амалларига дуч келишади," - дейди Санобар Шерматова.

Россия матбуотининг хабар қилишича, Ўзбекистонда сафарда бўлган Россия делегацияси ўзбек тарафидан иқтисодий ва савдо муносабатларига халақит қилаётган муаммоларни бартараф этишни сўраши кутилаётганди.

Сўнгги хабарларга кўра, Иванов раҳбарлигидаги делегация ҳукуматлараро комиссия мажлисини ўтказган. Йиғин ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Шу билан бирга Сергей Иванов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашиши кутилмоқда. Унинг Тошкентга сафари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг келаси ойининг иккинчи ярмида Москвага боришига ҳозирлик сифатида ҳам кўрилмоқда.

Каримов жаноблари Россия раҳбарияти билан учрашуви чоғи яна минтақада гидроэлектр станциялари қурилиши масаласини кўтариши тахмин этилади.