Олмония жазо чораларини бузганини рад этмоқда

Андижон
Image caption Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари ўзбек ҳарбийлари Андижонда намойишчиларни ўққа тутиши ортидан жорий этилганди

Би-би-си билан суҳбатда Олмония мудофаа вазирлиги воизи Бундесвер Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари амалда бўлган пайт ўзбек ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказганини тасдиқлаган, аммо жазо чоралари бузилганини рад этган.

Аввалроқ Uznews.net мустақил ахборот нашри Олмония Қуролли кучлари 2005-2009 йиллар давомида ўзбекистонлик аскарларни ҳарбий уловларни бошқариш соҳасида тайёргарликдан ўтказгани ҳақида хабар тарқатганди.

Uznews.net хабарига жавоб бераркан, Олмония Мудофа вазирлиги воизи Би-би-сига, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Мудофа вазирлигининг 35 нафар аъзоси тайёргарликдан ўтказилганини тасдиқлади.

Аммо унинг таъкидлашича, машғулотларда эътибор ҳарбий жиҳозларни ишлатишга қаратилмаган.

Мудофа вазирлиги вакилига кўра, ўзбекистонлик ҳарбийлар халқаро ҳамкорлик дастури доирасида олмон ҳарбийлари билан бирга одатий машғулотлар ўтказишган.

У, шунингдек, ўзбек ҳарбийлари "Мардер" русумли зирҳли уловларга ўтқазилган эса-да, уларга ушбу уловларни ҳайдаш ва ўт очиш сирлари ўргатилмаганини маълум қилган.

Олмония Мудофа вазирлигининг айтишича, ҳарбий ҳамкорлик дастуридан "НАТОга аъзо бўлмаган ҳамкорларда демократик маданиятни шакллантириш" мақсади кўзланган.

'Инсон ҳуқуқларига ҳурмат'

Би-би-сининг Марказий Осиё ва Қафқос хизмати муҳаррири Йоханнес Деллнинг ёзишича, Олмония ўзининг зиддиятли ўтмиши туфайли "жамиятга интеграция бўлган армия" концепциясига таяниб, иш тутади.

Ушбу концепцияга мувофиқ, ҳарбий либосдаги фуқаронинг хатти-ҳаракатлари асосида конституция ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат ётади.

Аммо, бундай идеалларнинг мутлақо ўзгача ҳарбий маданият асосида тарбияланган одамларга махсус машғулотлар орқали ўргатиш ёки ўргатмаслик масаласи баҳслидир. Олмония Мудофа вазирлигининг Би-би-сига маълум қилишича, ўзбекистонлик аскарлар учун машғулотлар 2005-2009 йиллар мобайнида армия, ҳаво кучлари, тиббий бўлинмалар ва Бундесвер Ҳарбий Академиясида ўтказилган.

Ҳозирда охирги ўзбек зобити ҳарбий-ўқув машғулотларини тугатмоқда.

Олмония Мудофаа вазирлиги сўзчиси ҳарбий машғулотлар Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган жазо чораларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилганини айтди.

Унинг таъкидлашича, ўзбек ҳарбийларига техник ёрдам мутлақо кўрсатилмаган.

Аммо бу изоҳ Берлинни Термездаги ҳарбий базасини ушлаб туришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётганликда айблаётган Олмония танқидчиларини қониқтирмаслиги аниқ.

Уларнинг ишонишича, Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларининг олиб ташланишида Олмония ҳал қилувчи рол ўйнаган.