Ўзбекистонда энергия ва йўл ҳақлари яна ошди

Image caption Аҳоли бозорда нарх-навонинг яна ошиб кетишидан хавотирда

1 апрелдан эътиборан Ўзбекистонда аҳолига етказиб берилаётган газ нархи 22, электр 8.8 фоизга ошиб, пойтахт Тошкентда жамоат транспорти нархлари 25 фоизга кўтарилган.

Нархларнинг ошиши, ҳар доимгидек аҳоли учун кутилмаган бўлган.

Шўро давридан одат бўлиб қолган ва аксар ёшлар ўртасида нишонланадиган 1 апрел - ҳазил ва мутойиба куни Тошкентда ўрта ва кекса ёшдагиларни жиғибийрон қилган.

Транспорт ва энергия нархларининг сезиларли даражада ошишини аҳоли ғазаб билан қарши олгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда нархлар ошиши ҳеч қачон аввалдан эълон қилинмай, нархлар ошганидан кейингина рўзномаларда кичик эълон берилади. Ўзбекистон телеканалларида эса бундай эълонлар умуман берилмайди.

Тошкентликлардан бири яшил рангдаги Мерседес автобусида чипта сотаётган ёш йигит "чипта нархи 500 сўм," дея қичқираркан, эрталабдан ишга шошаётган одамлар, аксарият аёллар ва кексалар чиптачини сўка кетганини айтади.

Биров "биринчи апрел ҳазилингни бориб уйингда қил," деса, иккинчи йўловчи "ҳўв, тумшуғингга бир солайми, хотинингга қил ҳазилингни" дея дўқ урган.

Ҳайдовчининг аралашувдан кейингина одамлар йўл кира ҳақи ошганига ишониб, чипта сотиб ола бошлашган, лекин аламини яна чипта сотувчидан олганлар.

Апрел ҳазили эмас

FM радиолари бошловчилари эса биринчи апрел экани ҳақида эслатар экан, "ҳазилни фақат ўз яқинларингизга қилинг, акс ҳолда ноқулай аҳволда қоласиз," дея огоҳлантиришган.

"Эрталаб йўловчиларнинг жамоат транспортида йўл кира ҳақи ошганига илк муносабати ҳам шу кўринишда эди", - дейди тошкентликлардан бири.

Пойтахт транспортида, жумладан метрода ҳам, йўл кира ҳақи 400 сўмдан 500 сўмга, яъни 25 фоизга оширилган.

Ҳукумат рўзномалари бу нарх ошишини одатдагидек, "ёқилғи-мойлаш ва бутловчи қисмлар" учун харажатларнинг ошиб кетгани билан изоҳламоқда.

Айни пайтда табиий газ нархи ҳам сезиларли даражада, 22 фоизга ошиб, бир куб метр газ учун аввалги 45 сўм ўрнига қарийб 55 сўм қилиб белгиланган.

Электр энергияси тўлови эса, бир киловатт/соат учун 64.8 сўмдан 70.5 сўмга кўтарилган.

10 апрелга қадар энергия учун эски нархда тўлаш мумкинлиги боис кўпчилик кассага, банкларга шошилгани айтилади.

Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, нархлардаги ўзгаришлар 5 ёки 10 сўм бўлса-да, қуруқ маошга яшайдиган аксар кишиларга жиддий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

"Аҳолининг энергиядан қарздорлиги кескин ошиб кетган. Бу ҳол айниқса, вилоятларда кенг тарқалган. Ойлаб тўланмай келинаётган газ ва электрдан қарздорлик маҳаллий ҳокимиятлар ва энергия тизими мутасаддилари учун энг катта муаммога айланган", - дейди журналист.

Тошкентлик аёллардан бирининг айтишича, хонадоннинг ўтган куздан бери тўпланиб ётган газдан қарзи 170 минг сўмдан ошиб кетган.

"Ҳозир эски нархда қарзни тўлашга ҳам пулимиз йўқ, энди нима қиламиз?" дейди у.

Кўп қаватли уйларда яшовчи ва фақат маошга кун кўрувчи кишиларнинг ҳам ташвиши ортгани айтилмоқда.

Бир ой аввал кўп қаватли уйларни иситиш, иссиқ ва совуқ сув тарифи ҳам 20 фоизга ошган эди.

Газ ва электр нархлари охирги марта ўтган йили оширилган.

"Ўзбекистонда одамлар йилда бир-икки марта энергия ва ёқилғи нархлари ошиб туришига аллақачон кўникиб кетган", - дейди кузатувчилардан бири.

Унга кўра, йўл кира ҳақи ошганидан сўнг, одатда бошқа маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат нархлари ҳам оша бошлайдики, бу жиддий хавотирларга сабаб бўлади.

"Одамлар "бозорга бир чўнтак пул билан бориб, бир халтани тўлдиролмай қайтаётганидан" бир-бирларига нолийди, холос", - дейди кузатувчи.

Сўмнинг қадрсизланиши

Ўзбекистонда расман инфляция қатъий жиловланган дейилишига қарамай, бу жараён аслида жуда тез бораётганини АҚШ долларининг "қора бозор" курсидан ҳам билиш мумкин.

Бугунги кунда бир АҚШ доллари расман 1533 сўм бўлса, унинг "қора бозор"даги нархи 2330 сўмга тенг.

Тошкентдаги "қора бозор"ни кузатиб келаётган кузатувчига кўра, шу кунларда айниқса, 1 апрел эрталабдан пойтахтдаги аксар "қора бозор"лар ҳувиллаб қолган, долларфурушлар қорасини кўрсатмайди.

"Пойтахт бўйлаб ялпи рейд ўтказилмоқда. Эҳтимол бунга сабаб нархлар ошиши туфайли қора бозорда доллар курсининг кескин ошиб кетишининг олдини олиш ва шу тариқа сўмнинг қадрини қайсидир даражада мажбуран ушлаб туриш бўлиши мумкин," -дейди исмини айтишни истамаган кузатувчи.

Тошкентлик мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, охирги йилларда Қозоғистон ва Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар ватанларига юборган пул-маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизини ташкил этади.

Аммо жаҳондаги иқтисодий инқироз муҳожирлар даромадларининг камайиб кетишига сабаб бўлган.

Худди шу туфайли ўзбек ҳукумати давлат ғазнасини тўлдиришнинг бошқа манбаъларини топишга уринаётгани айтилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россияга газ экспорти ҳажмини бир неча миллиард кубометрга оширган.

Бу ўз навбатида аҳолига етказиб бериладиган газ ҳажмининг камайиб кетиши ва нархларнинг ошишига сабаб бўлгани айтилади.

Ўзбекистон ҳозирда ўзининг электр қуввати учун ҳам ташқи бозорларни қидирмоқда.

Ўтган йили Афғонистонга экспорт қилинадиган электр энергияси ҳажми ортган бўлса, ҳозирда Ўзбекистон Покистонга электр қуввати сотишни таклиф қилмоқда.

Мамлакат экспорт салоҳиятининг ошиши қисман ички истеъмолчиларнинг ҳисобидан қопланаётгани айтилади.