Daimler 22 мамлакат давлат мулозимларига пора берганини тан олди

Тошкент кўчасидаги "Мерседес-Бенц" автобуси
Image caption Daimler можаросидан кейин Тошкент кўчаларидаги "Мерседес-Бенц" автобуслари шартномалари борасида ҳам саволлар юзага келган.

ОлмониянингDaimler автомобилсозлик ширкати раҳбарияти Ўзбекистон дохил дунёнинг 22 мамлакати давлат мулозимларига пора берганини тан олди.

АҚШ Адлия вазирлиги Daimler-ни йирик давлат шартномаларини қўлга киритиш мақсадида, ҳаммаси бўлиб, 56 миллион доллар миқдорида пора беришда айблаган эди.

Daimlerни мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш қонунларини бузганликда айблаган Америка Адлия вазирлиги ширкатни поранинг бир қисмини АҚШда жойлашган бўлинмалари орқали ўтказганини даъво қилганди.

Коррупцияга қарши кураш қонуни Америка биржаларида ҳиссаларга эга бўладиган ҳар қандай ширкатга татбиқ этилиши мумкин.

Айни қонун Адлия вазирлигига Олмониянинг автомобил ширкатига тегишли тўловларни дунё бўйлаб текшириш ҳуқуқини беради.

АҚШ ҳукумат прокурорлари олмон автомобил ширкати 1998-2008 йиллар мобайнида "юзлаб ножоиз тўловларни" амалга оширганини даъво қилишган.

Ширкат "хурсанд қилган" 22 мамлакат расмийлари орасида собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан яна Россия ва Туркманистон давлат мулозимлари ҳам бор.

"Совға-саломлар" улашиш рўйхатида Туркманистон мисоли келтирилади.

Daimler Туркманистон бозорига кириш учун камида 550 минг еврога тенг иккита зирҳланган автомобилларини юқори туркман мулозимига тортиқ қилган.

Ширкат, шунингдек, бу мулозимнинг китобини олмончага ўгиришни бўйнига олгани айтилганди.

Ҳужжатларга биноан, ширкат бу каби ноқонуний тўловлардан 50 миллион доллар фойда кўрган.

Daimler ширкати "Mercedes-Benz" ва "Smart" русумидаги автомобилларни ишлаб чиқаради.

Қўйилган айбловга иқрор бўлган Олмон ширкати ҳозирда иш юритиш услубини ислоҳ қилганини айтган.

"Тегишли сабоқ чиқардик"

Daimler ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги эришилган келишувга мувофиқ, автомобилсозлик ширкати 185 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.

Ўтган икки йил ичида Daimler ўзининг пора беришга алоқадор 45 ходимини ишдан бўшатган.

Daimler раиси Dieter Zetsche "олинган тажрибадан тегишли сабоқ чиқардик," деб айтган.

"Бугун, биз яхшироқ ва кучлироқ ширкатга айландик," - дея қўшимча қилган у.

Daimler ширкати ўтган йил 3.5 миллиард доллар зарар кўрди.

185 миллион доллар жарима АҚШнинг икки идораси ўртасида тақсимланади: 93,6 миллион доллар Адлия вазирлигига ва 91,4 миллион доллар Биржалар устидан назорат қилувчи ташкилотга берилади.

2008 йилда Олмониянинг Siemens ширкати Аргентина, Бангладеш, Ироқ ва Венесуела ҳукумат мулозимларига пора бергани ҳақидаги айбловлар маҳкамада кўрилмаслиги учун 800 миллион доллар жарима тўлаган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ