'Ўзбек қамоқхоналарида янги қийноқ ҳоллари қайд этилган'

Қамоқхона
Image caption Ўзбекистон қамоқхоналари маҳбусларга ноинсоний муомала туфайли дунёга танилган.

Ўзбекистондаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Бухородаги қамоқхонадан 49 ёшли маҳбуснинг жасади Тошкентдаги яқинларига қайтарилган.

Ташаббус гуруҳи тўплаган маълумотларга кўра, маҳбус қийноқлардан оламдан ўтган, унинг жасади Тошкент шаҳридаги Собир Раҳимов тумани Қуёш кўчасида истиқомат қиладиган оиласига 27-март куни қайтарилган.

Милиция ходимларининг талаби билан майит 28-март куни дафн этилган.

Тошкентдаги норасмий инсон ҳуқуқлари гуруҳи Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида ўнлаб диний-сиёсий айблар билан тутқунликда сақланаётган шахслар охирги бир ой мобайнида шафқатсиз қийноқларга тутилаётгани ҳақида хабар қилади.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, қамоқхонага феврал ойининг охирида комиссия борганидан кейин диний эътиқоди учун қамалган ўнлаб маҳбус жарима изоляторига ташланган.

Бу гуруҳдаги маҳбуслардан ўзлари содир этмаган қонун ёки тартиб бузгани борасида тилхат ёзиб бериш талаб қилинган.

"Жисмоний тазйиқлар билан бир маҳбусдан иккинчи маҳбусга қарши кўрсатма беришни талаб қилишган. Бундай тилхатни ёзиб берганлар жарима изоляторидан чиқариб юборилган, рози бўлмаганларга эса сохта айбловлар қўйилаяпти", дейди Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Инсон ҳақлари фаоли фикрича, бундай сохта айбловлар маҳкама томонидан чиқарилган жазо муддати якунланиб қолаётган маҳбусларни озодликка чиқармаслик мақсадини кўзлаши мумкин.

Ушбу янгилик БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида жамоатчиликка ошкор бўлди.

Image caption БМТ Бош котиби Пан Ги Мундан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши масаласини кўтаришни талаб қилганлар

Инсон ҳақлари гуруҳлари Жаноб Пандан Ўзбекистон раҳбарияти олдида ҳам инсон ҳуқуқлари поймол этилиши масаласини кўтаришни талаб қилганлар.

Хусусан, халқаро Human Rights Watch ташкилоти Пан Ги Мунга очиқ мактубида ундан минтақага сафари чоғида "овозсизларнинг овози" бўлишни сўраган.

'Тошкент инсон ҳуқуқларини қоғозда яхшилаган'

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳбусларга ноинсоний, шафқатсиз муомала туфайли дунёга танилган.

2003 йилда БМТнинг махсус маърузачиси Ўзбекистонни қийноқлар мунтазам қўлланадиган мамлакат сифатида таърифлаган.

Бир неча йил мобайнида БМТ қаршисида ҳисобот берган Ўзбекистон расмийлари қийноқларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида кўп ишлар амалга оширилгани ҳақида гапирганлар, шу йил март ойида ҳам Ўзбекистон ҳисоботи Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши муҳокамасида бўлди.

Бироқ БМТнинг ҳақ тўланмайдиган 18 экспертидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси хулосасидан охирги йилларда Ўзбекистонда бу борадаги аҳвол яхшиланмагани аёнлашган.

Қарийб беш йил олдинги Андижон қирғини бўйича расмий Тошкент муфассал текширув ўтказмаганидан таассуф билдирган БМТ экспертлари "маҳбусларнинг қийноққа тортилиши борасида хабарлар давом этаётгани, бунга жавобгар бўлган шахсларнинг камдан-кам жазога тортилиши"дан хавотир билдирган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси хулосасида Ўзбекистонда фуқароларни ноқонуний ушлаб туриш давом этаётгани ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамон эскича қоидалар бўйича фаолият юритаётгани қайд этилган.

Тошкент қоғозда ўзгартиришларни қилган эса-да, амалда инсон ҳақлари фаоллари, журналистлар ва сиёсий диссидентларни таъқиб этишни давом эттирмоқда, дейилади қўмита ҳисоботида.

Бу мавзуда батафсилроқ