БМТ Бош Котиби Ўзбекистонга сафар қилмоқда

Пан Ги Мун
Image caption Халқаро ташкилотлар Пан Ги Мунни Ўзбекистон раҳбарияти билан мулоқотларда инсон ҳуқуқлари масаласини қатъий бир шаклда қўйишга чақирганлар.

Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасига сафар қилган БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Марказий Осиё раҳбарларини минтақанинг экологик муаммоларини ечишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирган.

Ассошиэйтед Пресс хабар агентлиги Нукусга етиб борган БМТ Бош котибининг минтақа раҳбарларини "биргаликда ўтириб, муаммога ечим топиш" борасида огоҳлантирмоқчи экани ҳақидаги сўзларини келтиради.

1960-йилларга қадар дунёнинг тўртинчи йирик кўли ҳисобланган Орол денгизи ҳозирда тенг ярмига қисқарган.

Асосий сабаб бундан ярим аср муқаддам бошланган пахта культивацияси, деб билинади.

Мутахассисларнинг айтишларича, Орол денгизи минтақадаги атроф-муҳит фожиасининг эпицентри, холос. Экологик ҳалокат Орол атрофидаги минглаб километр ҳудудни қамраб олган.

БМТга кўра, ҳалокат минтақадаги уч ярим миллион аҳолининг ҳаёти, иш ва яшаш шароитларининг кескин ёмонлашиб кетишига сабаб бўлган.

Бир пайтлар Оролбўйида кенг ривожланган балиқчилик саноати ўрнини камқонлик, ўткир нафас йўли хасталиклари, болалар ва оналар ўртасидаги юқори ўлим даражаси эгаллаган.

Аммо сўнгги йилларда Оролбўйидаги ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ва минтақа аҳолисининг ҳаётини яхшилаш борасида ижобий ўзгаришларнинг кузатилаётгани ва бунда БМТ амалга ошираётган лойиҳаларнинг ҳиссаси катта экани айтилади.

Бирлашган Миллатлар мустақилликдан сўнг минтақа заҳиралари учун курашни бошлаб юборган Марказий Осиё давлатларини Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашда ўзаро ҳамкорликнинг муҳим эканига ишонтира олган.

Аммо БМТ Бош котибининг сафари минтақада сув заҳиралари юзасидан тортишувлар янгидан авж олган пайтга тўғри келмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўз энергетика эҳтиёжлари учун шўро даврида лойиҳаланган йирик гидро иншоотлар қурилишини амалга ошириш режалари дарёнинг қуйи оқимидаги давлатлар, хусусан минтақада сувни энг кўп истеъмол қиладиган Ўзбекистоннинг қаттиқ қаршилигига дуч келган.

Ўзбек томонининг фикрича, ушбу лойиҳалар Марказий Осиёда шундоқ ҳам долзарб бўлган сув муаммосини янада мураккаблаштиради ва минтақа экологиясини издан чиқариб юборади.

Ўзбекистон мавжуд лойиҳалар юзасидан мустақил халқаро экспертиза ўтказишни талаб қилган.

Шанба куни Қирғизистонда бўлган Пан Ги Мун Бирлашган Миллатлар минтақа давлатларига сув муаммосини ечишда воситачилик ролини бажариши мумкинлигига ишора этган.

"Мен минтақадаги табиий заҳиралардан биргаликда фойдаланиш Марказий Осиёнинг барча давлатлари манфаатларига мос, деган фикрдаман. Албатта, ушбу масалаларни муҳокама қилган пайтда гап мустақил давлатлар ҳақида кетаётганини инобатга олиш керак. Ва ҳар бир мамлакат мустақиллиги ҳурмат қилиниши шарт," -деб айтган Пан Ги Мун жаноблари.

Сув муаммоси БМТ Бош котибининг душанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашув кун тартибидаги асосий мавзулардан бўлиши кутилмоқда.

Расмий Тошкент жаҳон ҳамжамияти минтақада қурилиши режаланаётган янги гидро иншоотлар борасида ўзининг хавотирларига шерик эканини айтиб келади.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Пан Ги Муннинг Бишкекда қилган баёноти БМТ бу борада бетараф мавқеъни эгаллашга ҳаракат қилаётганини кўрсатади.

Инсон ҳуқуқлари

Ташриф арафасида халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пан Ги Мунни Ўзбекистон раҳбарияти билан музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини қатъий бир шаклда қўйишга чақирганлар.

Нью Йоркда жойлашган Хюман Райтс Вотч ташкилоти БМТ Бош котибига йўллаган мактубида ўзбек расмийлари билан мулоқот чоғида мамлакат қамоқхоналаридаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларни ҳеч қандай шартсиз, зудлик билан озод этишни талаб қилишга чақирган.

Ташкилот шунингдек, ҳукуматни қийноқлар ва диндорларга қарши таъқибларни тўхтатиш, болаларнинг мажбурий меҳнатига барҳам бериш юзасидан огоҳлантиришга чақирган.

Хюман Райтс Вотч Андижон қирғини учун жавобгарлик масаласи ўзбек ҳукуматининг ёдига солиниши кераклигини айтган.

Ўтган ҳафта БМТнинг 18 экспертдан иборат ҳайъати Андижон воқеалари юзасидан ўзининг илк ҳисоботини эълон қилган.

Ҳисоботда БМТнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил, ҳар томонлама текширув ўтказиш ҳақидаги чақириғи такрорланган.

Аммо ўтган ой БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг Нью Йоркдаги сессияси чоғида Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг бошлиғи Акмал Саидов Андижон воқеалари юзасидан текширув ўтказиш чақириқларини яна бир марта рад этган.

Жума куни Ашхободда бўлган БМТ Бош котиби Туркманистонни инсон ҳуқуқлари борасида олган мажбуриятларини бажариш ҳақида огоҳлантирган.

"Мен Туркманистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирдим", - деб айтган Президент Бердимуҳаммедов билан музокаралардан сўнг журналистларга гапирган Пан Ги Мун.

Аммо БМТ Бош котибининг Президент Каримов билан музокараларида инсон ҳуқуқлари кун тартибида қанчалик юқори ўрин эгаллаши қоронғу.

Айни пайтда Қашқадарёдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳи Қарши шаҳрида ораларида икки нафар ҳуқуқ фаоли бўлган уч аёл устидан маҳкама жараёни БМТ Бош Котибининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Гулшан Қораевага кўра, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова ва Шаҳло Раҳматовалар давлат тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.

12 мартда бошланган маҳкама жараёни бир неча марта қолдирилган.

Ҳуқуқ фаоллари маҳкама жараёнидаги танаффуслар БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистондаги вазият муҳокама этилган сессияси ва БМТ Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ эканини тахмин этишмоқда.