'Хайрулло Ҳамидов иши қайта терговга жўнатилди'

Хайрулло Ҳамидов
Image caption Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистонда диний-маърифий мавзудаги радио эшиттиришлари билан танилган эди

Ўзбекистонда мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов устидан қўзғатилган жиноят иши қайта терговга юборилган.

Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг Тошкент вилоят маҳкамаси ходимига иқтибосан маълум қилишича, Хайрулло Ҳамидов дохил 39 айбланувчига боғлиқ "жиноят иши икки кун муқаддам қайта терговга жўнатилган."

Футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан танилган журналист Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

Аввалроқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари журналист билан бирга яна камида 25 одам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини айтган эдилар.

Сурат Икромовнинг илова қилишича, барча айбланувчилар, жумладан Хайрулло Ҳамидов, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244 моддаси 1-банди билан айбланмоқда.

Ушбу айблов банди "жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"ни назарда тутади.

Ушбу айблов маҳкама чоғида ўз исботини топгудек бўлса, журналист беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.