Пан Ги Мун Ўзбекистонни мустақил кузатувчиларни мамлакатга қўйишга чақирди

Пан Ги Мун Орол денгизи бўйида
Image caption Пан Ги Мун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳақида эҳтиёткорлик билан гапирган

Президент Ислом Каримов билан музокаралари якунлангандан сўнг Тошкент аэропортида журналистлар билан учрашган Пан Ги Мун ўзбек ҳукуматини инсон ҳуқуқлари борасида халқаро конвенциялар доирасида зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга чақирганини айтган.

"Мен президент Каримов ва ўзбек ҳукуматини БМТ билан тўла ҳамкорлик қилиш, халқаро инсон ҳуқуқлари қонунлари талабларини бажаришга чақирдим," деб айтган Пан Ги Мун.

Шунингдек БМТ Бош котиби Ўзбекистонни Женевадаги Инсон Ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши билан тўла ҳамкорлик қилишга, жумладан, унинг мамлакат бўйича даврий маърузасидан кейин қилинган тавсияларини бажаришга даъват этган.

"Мен шунингдек, халқаро мустақил кузатувчиларнинг мамлакатга ташриф буюришига рухсат берилишини сўрадим," дер экан, БМТ бош котиби ўз сўзида бу кузатувчиларнинг кимлардан иборат бўлиши ва ёки аниқ мақсади ҳақида тўхталмаган.

Яқинда БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2005 йили йили Андижонда юз берган қонли воқеалар юзасидан тўлақонли текширув ўтказилмади, деган хулосага келган ва БМТ экспертлари Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, қуроллардан қачон фойдаланиш борасидаги тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ва қурбонларнинг яқинларига товон пули тўлашга чақирган эди.

Экспертлар гуруҳи маҳбусларнинг қийноққа тутилиши бўйича хабарлар давом этаётганидан хавотир билдириб, журналистлар ва инсон хуқуқлари фаолларига бўлган тазйиқлар борасида ҳам ташвиш изҳор этганди.

Пан Ги Мун бу каби масалаларни четлаб ўтиб, анчайин умумлашган ҳолда гапиришга уринган ва ҳар гал инсон ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, аввало, Ўзбекистонда эришилаётган ютуқларга диққат қаратган.

Журналистлардан бирининг инсон ҳуқуқлари борасидаги БМТ чақириқларига Ўзбекистон томонининг жавоби қандай бўлгани ҳақидаги саволига:

"Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим чораларни амалга оширган, жумладан, ўлим жазосини бекор қилган, халқаро криминал ҳайъатга аъзо бўлган ва инсон ҳуқуқлари бўйича барча йирик халқаро ҳужжатларга қўшилган," деб жавоб қайтарган.

Бироқ, айни пайтда бу ҳужжатларнинг "амалга оширилиши муҳим эканини" таъкидлаган бош котиб.

Пан Ги Мун Женевадаги Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг тавсияларини бажаришда техник кўмак ёки маслаҳат бериш учун махсус маърузачи ёки махсус экспертларни мамлакатга таклиф этиш мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб, бу борада ўз умидворлигини изҳор қилган.

БМТ Бош котиби минтақа мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув тўғони бўйича юзага келган зиддиятга ҳам тўхталмаган ва умуман, Орол денгизи ва минтақадаги табиий заҳиралардан фойдаланиш туфайли юзага келаётган муаммоларни қисқача "минтақавий муаммолар минтақавий ҳамкорлик"ни талаб қилади, дея изоҳлаган.

Аксар кузатувчиларга кўра, бу тобора "ўз қобиғига ўралиб бораётгани" айтиладиган Ўзбекистонга нисбатан ишорадир.