Пан Ги Мун Ўзбекистонни инсон ҳуқуқларини яхшилашга чақирди

Пан Ги Мун
Image caption Пан Ги Мун БМТ Бош котиби сифатида Марказий Осиёга илк бор сафар қилмоқда

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари шароитини яхшилашга чақирди.

Жаноб Пан Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга берган "ваъдаларини ижро этишда жиддий эканини кўрсатиш фурсати етди," деб айтган.

Ғарб Ўзбекистонни узоқ йиллардан буён инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблаб келади.

Бироқ президент Каримов инсон ҳуқуқлари соҳасида "жиддий" бузилишлар борлигини рад этган.

Аммо у мамлакатида инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилашга жиддий эътибор қаратишини айтган.

Ўзбекистонга илк бор сафар қилган БМТ Бош котиби "Тошкент учун ҳақиқий ўзгаришларни кўрсатиш фурсати етди," деб айтган.

"БМТнинг умумжаҳон шартномаларида сиз муҳум ўринга эгасиз," деб айтган Пан Ги Мун Тошкентдаги Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетида 200 га яқин одам ўнгида қилган маърузасида.

"Буларни амалда кўрсатиш фурсати етди," деб айтган Пан Ги Мун.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари БМТ Бош котибининг Марказий Осиёга сафарини яқиндан кузатиб боришмоқда.

Баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ғарбни минтақа давлатлари билан бўлган алоқаларида хавфсизлик ва нефтни демократиядан устун қўйишда айблашади.

Ўзбекистонга қадар Панг Ги Мун Туркманистон ва Қирғизистонда бўлди.

Унинг Ўзбекистондан сўнгра Тожикистон ва Қозоғистонга сафар қилиши режалаштирилган.