Ўзбекистон:интернет ва қўл телефонларининг "сокин инқилоби"

Image caption Кетдик...виртуал оламга!

21 ёшли талаба Восит интернетга яқинда ошно бўлган. Ҳафтада бир курсдошларидан эшитган олди-қочди гаплар, қочирим сурат ва видеолавҳаларни кўриш учун интернетга кириб туради.

"2012 йилда қиёмат-қойим бўлармиш, ҳозир ҳамманинг оғзида шу гап. Ўзим бунга ишонмасам-да, тагида бир гап бордир, деб икки кундан бери интернетда бу ҳақда нима ёзишаётганини қидиряпман," дейди у.

Бугун Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксари Восит каби талаба ёшлардир.

Ўзбекистон дунёда "интернет душманлари" рўйхатининг олдинги қаторидан ўрин олган, лекин мамлакатда ундан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу аввало, молиявий инқироз туфайли компютерларнинг нархи нисбатан арзонлиги ва интернет провайдерларининг кўпайиши туфайли интернетга уланиш хизматининг ҳам қисман арзонлагани билан боғлиқ.

Эътироф этиш ҳам лозимки, мухолиф ва барча мустақил интернет манбаларига тўсиқ қўйган Ўзбекистон интернет цензори сифатида минтақада Туркманистон билан деярли бир қаторда турса-да, кейинги йилларда ҳукумат таъбир жоиз бўлса, "назорат қилинадиган интернет тармоғи"ни ривожлантириш учун жиддий амалларга қўл уриб, қишлоқлардаги мактабларни ҳам интернетга улаш тадоригида.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотларига кўра, 2009 йилда интернетдан фойдаланувчилар сони 2.7 миллион кишига етган. Бу ҳар минг кишидан 96 нафари интернетдан қайсидир даражада фойдаланди деганидир. Лекин соҳадаги мустақил мутахассисларга кўра, бу рақам 3 миллиондан ошиқ бўлиши мумкин, чунки, одатда интернетга уланган бир компютердан бир неча киши фойдаланади.

Ҳукумат интернетдан қандай фойдаланмоқда

Image caption fergana.ru дан ташқари Ўзбекистонтонда bbcuzbek.com, uzbekistanerk.com ва яна ўнлаб саҳифаларга "қулф солинган"...аммо орқаваротдан қаловини топаётганлар кўп.

Вазирлар Маҳкамаси 2007 йилги қарори билан "Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив давлат хизматлари ҳақидаги Низом" ва "Базавий интерактив давлат хизматлари реестри"ни тасдиқлаганидан сўнг интернат орқали интерактив давлат хизматини яратиш учун саъй-ҳаракат кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда UZ зонасида рўйхатга олинган доменлар сони яқин мингга етиб қолгани ва 61 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг деярли барчаси интернетда ўз вебсаҳифаларига эга экани айтилади.

Расмий манбаларга кўра, интернетдан фойдаланувчиларнинг тахминан 9 фоизи ҳеч бўлмаганда бир марта давлат органлари интерактив хизматидан фойдаланган. Бироқ соҳа мутахассисларига кўра, ҳукумат вебсаҳифалари гарчанд интерактив дейилса-да, аслида унда бир томонлама ахборот берилади холос ва аксарияти жуда кам янгиланиб турилади.

"Яъни, вебсаҳифанинг ўзида керакли ариза ёки ҳужжатни тўлдириб, онлайн режимда тақдим этиш имкони йўқ," дейди исмини айтишни истамаган соҳа эксперти.

Тошкентлик мазкур соҳа эксперти бизнинг сўровга кўра вебсаҳифаларнинг статистик маълумотини қисқача таҳлил қилган.

2003 йилда такшил этилган ҳукуматнинг расмий портали www.gov.uz бугун Ўзбекистонда энг кўп кириладиган расмий вебсаҳифа ҳисобланади. Бу саҳифага журналистлар маъмурий ва статистика маълумотлари олиш учун кирса, уқувли талабалар ҳуқуқ ва иқтисоддан реферат ёзишга маълумот қидиради.

Экспертга кўра, gov.uz порталига кунига 1500 дан зиёд, ойига эса 22 мингдан кўпроқ киши кирган.

"Бошқа бирор ҳукумат вебсаҳифаси бунга яқин ҳам келолмайди," дейди у. Ташқи ишлар вазирлигининг mfa.uz вебсаҳифасига эса ойига 10 минг ўқувчи кирган. Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ойига 6 минг, Солиқ қўмитаси 5.5 минг, Тошкент шаҳар ҳокимияти 5.4 минг интернет ташрифга эга бўлган.

Қолган ҳукумат вебсаҳифларига кунги 150 нафардан кам киши кирадики, бугунги интернет асри учун бу ўта кам, дейди эксперт. Унга кўра, ҳукумат вебсаҳифаларига кирувчиларнинг аксар кўпчилиги ҳукумат ходимларининг ўзларидир.

Вилоятлар орасида Бухоро ҳокимиятининг bukhara.gov.uz вебсаҳифаси нисбатан машҳурлиги айтилади.

Матбуот ва интернет

Ўзбек матбуоти тўла давлат назоратида остида қолиб, фақат ютуқлар ва мажлислар ҳақида хабарлар берар экан, одамлар ўз ҳаётларига тегишли ахборотни ҳамон гапу гаштаклардан олади ва жуда кам сонли киши интернетга мурожаат қилади. Хорижий радиолар ва интернетдан олинган хабар аҳоли орасида оғизма-оғиз тарқалади.

Ўзбекистонинг ўзида мавжуд бўлган расмий ва бир қадар мустақил ахборот тарқатувчи интернет саҳифалари орасида бугунги кунда энг кўп ташриф буюриладигани gazeta.uz вебсаҳифадир. Маълум бўлишича, таҳлил ўтказилган кунда gazeta.uzга 3800 киши ташриф буюрган.

Ўзбекистон ҳукумат ахборот агентлигининг беш тилдаги uza.uz вебсаҳифасига эса кунига 2500 киши, Миллий телерадио компаниясининг mtrk.uz вебсаҳифасига 2000 киши кирган. Ҳукумат қарашларини баён этадиган яна бир қанча вебсаҳифалар борки, уларга жуда оз киши киради.

Ўзбекистондаги йирик рўзномалар ҳам ўз вебсаҳифалирга эга, бироқ соҳа экспертига кўра, деярли ҳеч ким уларга ташриф буюрмайди.

Ўзбекистонда хориждаги мухолиф партиялар ҳамда Би-Би-Си ва "Озодлик" каби радиостанцияларнинг ўзбек ва худди шунингдек инглиз тилидаги вебсаҳифалари ҳам ёпиб қўйилган. Аксар русийзабон аҳоли орасида машҳур бўлган ferghana.ru, uzmetronom.com ва uznews.net каби вебнашрларга ҳам тўсиқ қўйилган.

Расмийлар вақти-вақти билан Россиядаги ва оврўпадаги вебсаҳифаларга тўсиқ қўйиб туради. Умумий аҳоли сонига нисбатан жуда кам сонли киши бу саҳифаларга турли прокси хизматлари орқали кириб туради.

Ўзбекистонлик журналистлардан бирининг айтишича, шу йил бошида хориждаги harakat.net вебсаҳифаси Ўзбекистон телерадиокомпаниясида "қозонида қайнаётган" гапларни ёзгани учун ҳамкасблари орасида машҳур бўлиб кетган, ҳатто бу вебсаҳифага қўл телефони орқали ҳам кирилгани айтилади. Бироқ WAP саҳифасига эга бўлмаган бу вебсайтга телефон орқали кириш имконсиз бўлиб чиқди.

Интернетга ким нима учун киради?

Image caption Интернетгача бир қадам...

Интернетдан фойдаланиш учун аввало компютерга эга бўлиш керак.

БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамкорлигида 2006-2008 йиллар давомида ушбу йўналишдаги илк тадқиқотни ўтказган. Турли ёшдаги шаҳар ва қишлоқ аҳолисини қамраб олган таҳлилга биноан, сўровда иштирок этган хонадонларнинг 16 фоизида компютер бўлган ва шуларнинг 7 фоизи интернетга уланган. Аксар кишилар, 62 фоиз, компютердан иш жойида фойдаланишини айтган.

Тадқиқотга кўра, шаҳарда 15 фоиздан ошиқ, қишлоқларда эса 8 фоиз аҳолини шахсий компютердан фойдаланади, деб айтиш мумкин. Бунинг қанчалик кам ёки кўп экани мутахассисларга ҳаволада, биз қуруқ бўлсада, қизиқарли рақамларга мурожаат этамиз.

Маълум бўлишича, сўралганларнинг деярли 70 фоизи компютердан ҳордиқ чиқариш, яъни, ўйин ўйнаш, мусиқа тинглаш, филмлар ва суратлар томоша қилиш учун фойдаланар экан. Яқин 40 фоиз атрофидагилар турли ҳужжат ва матн тайёрлаш учун компютерга мурожаат қилса, атиги 17 фоиз киши интернетга уланиш учун компютер ёнига ўтирар экан.

Қишлоқ жойларида эса компютер ёнига 71 фоизда ўйин ўйнаш, мусиқа тинглаш ёки филм кўриш учун, 6 фоиз ҳолларда эса интернетдан фойдаланиш учун ўтирилар экан.

16 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар орасида компютердан ҳордиқ чиқариш учун фойдаланиш 72 фоиз бўлса, интернетдан фойдаланиш 18 фоиз экан. Интернетда энг кўп ишлайдиганлар 45 ёшдан ошганлар экан.

Сўров иштирокчиларининг 90 фоизи интернет ҳақида эшитганини айтган бўлса, шахсий компютерга эга бўлганларнинг 67 фоизи ҳеч қачон интернетда ишламаганини билдирган.

Тадқиқотга кўра, интернетдан доимий тарзда фойдаланиб туришини айтганларнинг аксарияти бу мақсад учун ойига 5 минг сўмдан пул сарфлар экан, камроқ бўлган иккинчи гуруҳ ойига 10 минг сўмдан сарфласа, яна бир гуруҳ умуман пул сарфламасдан ўқиш ёки иш жойида интернетдан фойланади.

Бироқ интернетдан доимий равишда фойдаланиш ҳам мунтазам тус олган эмас. Шаҳарларда интернетдан фойдаланиши аниқланганларнинг 63 фоизи, қишлоқларда эса 35 фоизи ҳафтасига камида бир марта интернетга кириб турар экан.

Ушбу тадқиқот 2008 йилда якунланган бўлсада, мутахассислар бу соҳада кескин ўзгаришлар юз бермай, айрим рақамларда бироз янгиланиш бўлсада, умумий манзара сақланиб қолганини таъкидлашади.

"Сенсиз ҳаёт зерикарли...интернет!"

Image caption "Сенсиз ҳаёт зерикарли..."

Шахсий компютерларнинг камлиги туфайли Ўзбекистонда интернет-кафелар ёшлар учун энг оммавий жой бўлиб қолмоқда. Мамлакатда интернетдан фойдаланувчиларнинг ярмидан кўпи айнан интернет-кафелардан фойдаланади, қолганлари кунда бўлмасада, ҳафтасига бир-икки марта иш ёки ўқиш жойида интернетга кириш имконига эга.

Шаҳар ва қишлоқларда деярли бир хилда фойдаланиладиган интернет имкониятларидан бири бу интернет-сўзлашувлардир. Skype ва Agent.ru хизматлари энг машҳур. Аксарият кишилар хорижда ишлаётган яқинлари билан видеосўзлашувлар учун интернетга мунтазам мурожаат этиб туришади.

Чет тилларини биладиган ўзбек йигитлари хорижда ўқиш ва ишлаш йўлларини қидирса, қизлар хорижга турмушга чиқиш имкониятларини синаб кўради. Бугун халқ орасида интернет орқали танишиб бу томони Америкаю у томони Жанубий Кореягача эрга тегиб кетган ўзбек қизлари ҳақидаги гапларга сира тиним йўқ.

Тошкентлик талабалардан бирининг айтишича, интернет-кафеларда билим савияси турли даражадаги ёшлар тўпланади ва мақсад ҳам билим ва қизиқиш доирасига яраша бўлади.

"Тошкентдаги аксар интернет-кафеларда йигитлар онлайн ўйинлар ўйнайди ёки турли чатларда бўлар-бўлмағур гапларни ёзиб ётишади. Чатларда фақат қочирим гаплар ёзилади ва болалар шунга қизиқади, лекин битта сўзни бешта хато билан ёзади," дейди у.

У яшайдиган талабалар ётоқхонасида ҳам интернет-кафе бор. Бу ердаги талабалар ҳам аксар ҳолларда бошқа олий ўқув юртларидаги қизлар билан онлайн чат ва ўзаро сурат алмашиш билан овора бўлар экан.

"Менинг дўстларим соатлаб интернетда ўтиради, фақат чатда қизлар ва бошқа талабалар билан суҳбат билан овора. Сессия бошланганда эса ҳамма реферет.уз сайтига ўзини уради," дейди у.

Университет, коллеж ва лицей талабалари орасида машҳур бўлган ref.uz вебсаҳифасидан турли мавзулардаги тайёр рефератларни кўчириб олиш мумкин. Бу ерда диплом иши ёзиб бериш ҳақидаги эълонларни ҳам кўриш мумкин.

Ёшлар энг кўп кирадиган чат вебсайтлари булар mail.ru, odnoklassniki.ru, moymir.ru кабилардир. Кейинги йилларда энг машҳур бўлган arbuz.com сайтига кириш Ўзбекистонда аксар ҳолларда ёпиб қўйилади.

"Hudoga shkur Arbuz joyida. Hali juda ko'pchiliyni motam kuyini chalishgayam ulgursa kerey.... Shu O'zbekistondan pryamoy kiradigan qilish kereyde shu saytga. A to hadeb proksi bilan cheklov qip qo'yishgandan beri, odam qiynalvotti.

A tak ziyoni bonusiyam shu bo'sa kerey. Dostup bemalolchiligi," деб ёзади тошкентлик арбуз мухлисларидан бири ziyouz.com вебсайтида.

Мазкур иқтибосда айтилган ziyouz.com вебсаҳифаси зиёлилар ва талабалар орасида машҳур бўлиб, жуда кўп фойдали манбаларга эга. Лавҳамиз бошида тилга олинган Восит ҳам қиёмат-қойим ҳақидаги миш-мишларга ziyouz.com вебсаҳифасидан жавоб топганини айтади.

Ижтимоий медиа ва телефон

Image caption Мобил телефонлари "яшин тезлигида" кўпаймоқда

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг нисбатан жуда камлиги туфайли ижтимоий медиа ривожини мобил телефонлари таъминламоқда. Мамлакатда мобил телефон эгалари сони 17 миллионга етиб қолгани айтилади.

Хитойдан келаётган телефонларнинг нисбатан арзонлиги айниқса қишлоқ аҳолисининг мобил телефонларига эга бўлиши учун қулай имконият туғдирди. Хитой телефонлари арзон бўлсада, барча медиа ва коммуникация турларига эга ва ғарбда ишлаб чиқарилган энг олди телефонлардан деярли қолишмайди.

Ўзбекистоннинг қайси бурчагига борманг, тўрт-беш ёш-яланг йиғилса, дарҳол ўзаро сурат ва видео тасвир алмашади.

Талабалар лекцияларни телефонга ёзиб олади, сўнг дарсда бўлмаган ўртоқлари билан баҳам кўради ёки дарс пайти яширин тарзда ўзаро сурат ва видео алмашиб ўтиради. Мобил телефонлар ўта оммалашган эсада, ундан интернетга киришда фойдаланишни оммавий тус олган деб айтиш қийин.

Водийлик кузатувчининг айтишича, Ўзбекистонда мобил телефон эгалари сони аксар қишлоқ аҳолиси ҳисобига кескин ошиб кетди. Бироқ унинг айтишича, бу уларнинг мобил телефон имкониятлари, жумладан интернетдан фойдаланишини англатмайди.

"Тан олиш керакки, қишлоқ аҳолиси қашшоқ. Мобил телефон кўтариб юрсада, ундан жуда кам фойдаланади. Телефон учун кўпчилик минг сўм пул ташлайди," дейди у.

Лекин бу "кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа муҳрланган видео ёки суратнинг" тезкор тарқалишига сира халақит бермайди, одамлар йўл-йўлакай телефондан-телефонга ахборот узатиб кетаверади, дейди у.

Шу тариқа мобил телефонлар мамлакатдаги юз бераётган воқеаларни одамлар орасида тарқалишида жуда катта рол ўйнайди ва аксар мутахассислага кўра, Ўзбекистонда интернет асри ҳали бошланғич босқичда бўлиб, мобил телефонлар асри эса энг навқирон даврда.