Ўзбекистон: Қирғизистондаги воқеалар минтақани беқарорлаштириши мумкин

Image caption Кузатувчиларга кўра, Президент Бакиевни ҳокимиятдан ағдарган ижтимоий норозилик Ўзбекистонда ҳам кучли

Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги воқеаларга биринчи расмий муносабатида воқеаларни "Қирғизистоннинг ички иши", деб атаган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган.

Пайшанба куни давлат телевидениесининг кечки "Ахборот" дастурида ўқиб эшиттирилган Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида ўзбек томони Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг қўшни ҳудудларига ёйилмаслиги учун чегарани ёпишга қарор қилгани айтилади.

Расмий Тошкент "вазиятнинг беқарорлашуви давом этгани тақдирда қўшни давлатлар билан чегарада муаммолар юзага келиши мумкин"лигидан хавотир изҳор қилган.

Бу Ўзбекистоннинг Қирғизистонда уч кун аввал бошланган ва Президент Бакиевнинг ағдарилишига олиб келган воқеалар юзасидан илк муносбатидир.

Аввалроқ Президент Бакиев 7 апрел куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзига ёрдам таклиф этганини айтган.

"7 апрелга қадар менда Ўзбекистон ва Қозоғистон билан алоқа бор эди. Уларнинг иккаласи ҳам "Сизга қандай ёрдам беришимиз мумкин? Биз тайёрмиз",-деб сўрашди деб айтган жаноб Бакиев "Эхо Москвы" радиосига берагн интервьюсида.

У воқеалар Қирғизистоннинг ички иши экани ва вазиятни ўзлари ечишларини билдирганини маълум қилган.

'Қўрқув'

Кузатувчиларга кўра, расмий Тошкент Қирғизистондаги воқеаларни хавотир билан кузатмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистонда беш йил муқаддам кечган "лола инқилоби"ни қоралаган эди.

Президент Ислом Каримов қўшни давлатдаги "рангли инқилоб" ортида ғарб турганини иддао қилган.

Ўзбекистон расмийлари 2005 йил 13 майида Андижонда ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилган намойишчиларнинг малакатда Қирғизистондаги каби рангли инқилобни амалга оширишнии кўзлаганликларини айтган.

Ҳукумат Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси намойишчиларни маблағ билан таъминлаганини ҳам даъво қилган.

Аммо кузатувчиларга кўра, Қирғизистондаги сўнгги воқеалар аввалгисидан фарқли ва Президент Каримовнинг шунчаки "ғарбдаги инқилоб ҳомийлари"ни айблаши осон бўлмайди.

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистон раҳбари воқеаларда Москванинг қўлини кўраётган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин этишмоқда.

Кремлнинг воқеалар юзасидан билдирган муносабати шу каби тахминларга йўл очган.

Россия 7 апрел куни "томонларрни куч ишлатишдан тийилиш"га чақирган ва Президент Медведев "Қирғизистондаги воқеалар "халқнинг ҳокимиятдан қанчалик ғазабда экани"ни кўрсатганини айтган.

Кремл аввалги рангли инқилоблар пайтида бу каби баёнотлар бермаган, Андижонда ҳукумат кучлари тинч намойишчиларни ўққа тутган пайтида эса, Президент Каримовни тўла қўллаб-қувватлаган эди.

Россия Бош вазири Владимир Путиннинг Бишкекдаги муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева билан телефон мулоқоти, таҳлилчиларга кўра, амалда Москва Бишкекдаги янги ҳукуматни расман тан олганини англатади.

Аммо ҳозирда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Россия собиқ совет ҳудудидаги вазиятни назорат остида ушлаб туришни истайди ва унинг Бишкекдаги муваққат ҳукумат билан мулоқот ўрнатгани Кремл воқеалар ортида турганини англатмайди.

Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Президент Каримовнинг хавотири Бакиевнинг шахси эмас, балки Қирғизистондаги нотинчликларни келтириб чиқарган омиллар билан боғлиқ.

"Ўзбекистонда ҳам ижтимоий шароит оғир ва Президент Каримовнинг оиласи бутун иқтисодни назорат қилмоқда. Одамлар порахўрлик ва коррупциянинг урчиётганидан норози", - дейди собиқ дипломат.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги каби норозиликларнинг ўз ҳудудида ҳам юз бериши мумкинлигидан хавотирда.

Расмий Тошкентнинг Бишкек билан муносабатлари муаммоли бўлган, аммо кузатувчиларга кўра, Қирғизистондаги собиқ бошқарувнинг яккаҳокимликка мойиллиги Президент Каримовни қониқтирар эди.

Қирғизистондаги ўзгаришлар демократия ўзанида давом этгани тақдирда, таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг шундоқ ҳам қаттиқ чегара тартиби амалда бўлган қўшнисидан янада кўпроқ ихоталанишини кутиш мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистондаги кам сонли фуқаро жамияти вакиллари Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдиришган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти эълон қилган баёнотда талас ва Бишкекда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши юзасидан текширув ўтказишга чақирилади.

Жамият "хунрезлик" деб тасвирлаган ўнлаб одамларнинг умрига зомин бўлган қонли воқеалар "бошқа ҳукумат раҳбарларига ҳам сабоқ бўлиши" кераклигини айтган.