Қирғизистон жунбушда, Ўзбекистон сукутда

Чегара
Image caption Қирғизистондаги воқеалар ҳақида Ўзбекистон матбуоти сукут сақламоқда

Қирғизистондаги воқеалар бир ҳафтадан буён деярли бутун жаҳон матбуоти диққат марказида бўлиб турар экан, унга қўшни бўлган Ўзбекистон матбуоти ҳалига қадар бирор лавҳа ёда бир жумла хабар бермади.

Лекин Россия телеканаллари ва хорижий радиолар орқали хабар топган одамлар қирғизларнинг навбатдаги қўзғолонига турлича муносабат билдирмоқда.

Қирғизистондаги воқеалар бошлагандан бир неча кун ўтиб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнот қаттиқ давлат назорати остида бўлган ўзбек матбуотида шу кунга қадар янграган ягона хабар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги навбатдаги ҳукумат ўзгаришига олиб келган воқеаларга муносабат билдириб, буни "Қирғизистоннинг ички иши", деб атаган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган эди.

Аксар ўзбекистонликлар Россия телеканалларини кўришга имкони бўлмагани туфайли Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти ила кифояланиб, "Қирғизистонда яна тўполон бўлибди-да, ишқилиб тинчлик бўлсин," дея муносабатини қисқа ва лўнда ифода қилишади.

Ўзбекистон матбуоти аввалдан ҳам қўшни мамлакатларнинг ижтимоий, сиёсий ёки иқтисодий ҳаёти ҳақида ҳеч қандай хабар тарқатмаслиги туфайли аксарият кишилар воқеаларнинг қандай ривожлангани ва сабаблари ҳақида ҳам ҳеч нарса билишмайди.

Ҳатто Қирғизистон чегараси яқинида яшовчи аҳоли ҳам.

"Қирғизлар билан чегарани ёпиб қўйган деяпти. Шу қирғизлар сира тинчимади," дейди Тошкентга келган чустлик савдогар.

У Қирғизистонда нималар бўлаётганидан хабарсизлиги, лекин одамлар орасида "яна уруш бўлгани, одамлар отилгани" ҳақида гаплар юрганини айтади.

Кўпчилик қўшни мамлакатдаги бу воқеалар ҳақида ҳеч нарса билмаслиги, билганлари ҳам кўча-кўйда чала-ярим гаплар қулоғига чалинганини айтади.

Ўзбекистон ахборот изоляциясида яшар экан, кўпчилик бундай шароитга кўникиб кетган ва ҳар қандай инқилобий воқеалар олдида саросимага тушиб қолмаслик учун бу хил хабарлар ҳақида эшитишни ҳам истамайди, дейди маҳаллий кузатувчилардан бири.

"Ўзбекистондаги сиёсат ҳам омма фикрини шу тариқа тизгинда ушлаб туришга қаратилган," дейди у.

Лекин пойтахт Тошкентда кишилар ахборот танлаш ва топишда нисбатан эркин бўлгани учун кўпчилик Қирғизистондаги воқеаларни Россия телеканаллари орқали мунтазам кузатиб келмоқда.

"Қирғизларга билмадим ўзи нима бўлган? Акаевдек яхши президентни ағдаришди. Энди булар тинчимаса керак," дейди тошкентлик бир ҳайдовчи. Унга кўра, бундай инқилобларнинг на иқтисодий ва на сиёсий нафи бор.

"Яна ўша шўрлик камбағалга қийинда. Телевизорда кўрдим, одамлар кундалик савдосини қилолмай, кўчага чиқолмай тирикчиликдан айрилиб ўтирибди. Қанчасининг дўкони таланган, кимга кераги бор бунақа инқилобнинг?!" дейди у.

Тошкентликнинг бир зиёлининг айтишича, Қирғизистондаги воқеаларнинг ортида улкан давлатлар манфаати турибди.

"Бакиев АҚШ базаси атрофида Россия билан ўйин қилиб, Путиннинг ғазабига учради. Россия Марказий Осиё давлатлари билан нимани хоҳласа шуни қилишини исботлаб қўйди," дейди у.

Умуман, ўзбек матбуотида қўшни давлатлар ҳаёти ҳақида йиллар давомида умуман ҳеч нарса берилмаслиги туфайли аксар ўзбеклар бугунги воқеаларга қандай муносабат билдиришни ҳам билишмайди.

"Мен Қирғизистонда отишма бўлгани ҳақида курсдошимдан эшитдим. У эса Би-би-си радиосидан эшитган экан. Кечқурун талабалар ётоқхонасидаги интернет кафега кириб, бўлаётган воқеалар ҳақида ўқимоқчи эдим. Бироқ интернет кафе ўша куни ёпиб қўйилган экан. Беш кундан кейин очилди," дейди бу талаба.

Бошқа талабаларнинг ҳам айтишича Қирғизистонда намойишлар бошланган дастлабки кундаёқ талабалар ётоқхоналаридаги интернет кафелар турли баҳоналар билан бир неча кунга ёпиб қўйилган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда жамиятнинг ўта ёпиқлиги учун ундаги сиёсий кайфиятни билиш қийин, лекин давлат органлари аҳоли орасидаги ижтимоий норозилик кучли эканини билади ва шу сабаб ҳар қандай илкис ўзгаришларга сабаб бўлувчи воқеаларга ўта ҳадик ила қарайди.

"Расмий матбуот қилаётган иш латифага ўхшайди. Туркманбоши ўлганда "президентлар ҳам ўлар эканда," деган фикр уйғонмаслиги учун сукут сақлаганди. Энди эса "президентларни ҳам ағдарса бўлар эканда," деган гап тарқалмаслиги учун жим туришган бўлса керак," дейди тошкентлик кузатувчи.

Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда бўлгани каби, муаммолар, коррупция, қариндош-уруғчилик ва таниш-билишчилик мисли кўрилмаган даражада авж олиб кетган эса-да, одамлар бу иллатларга қарши Қирғизистон усулида норозилик кўрсатишни тасаввурларига ҳам сиғдира олмайдилар.

Талас ва Бишкекда намойишлар бошланиши арафасида Тошкентда бир неча йирик аксилтеррор машқлари ўтказилди. Бу машқлар асосан аҳоли яшаш ҳудудларида, айнан маҳаллалар ичида, минглаб оддий одамлар кўзи олдида ўтказилгани ҳам бежиз эмас, дейди кузатувчилар.

Уларга кўра, бу каби машқлар, яъни аҳоли яшаш ҳудудидаги "шартли хонадонларни штурм қилиш" шу кунларда ҳам давом этмоқда.

"Кўп мамлакатларда бундай машқлар шаҳардан ташқарида, махсус машқ майдонларида ўтказилади. Бизда эса ҳукумат шу йўл билан одамларга куч-қудратини намойиш этаётганга ўхшайди," дейди маҳаллий кузатувчилардан бири.

Москва метросидаги худкушлик ҳужумларидан кейин Тошкентдаги ҳар бир метро бекатини ўнлаб милиция ходимлари қўриқлаётгани, марказий кўчаларда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳам Ўзбекистонда бир нафас бўлса ҳам назорат сусаймаслигини англатади. Кўпчилик одамлар Қирғизистонда давлатчиликнинг Ўзбекистондаги каби кучли бўлмагани туфайли ҳам инқилоб қилиш осонлигини айтади.

"Ҳатто нормал армияси ҳам йўқми дейман қирғизларнинг. БТРларини ҳам қўзғолончилар тортиб олибдику," дейди тошкент бозорларидан бирида савдо қилаётган киши ҳайратини яшира олмай.

Сиёсий масалаларга қизиқишини билдирган тошкентлик 50 ёшли ҳисобчи аёлнинг айтишича, Қирғизистондаги каби бир президентни кетказиб ўрнига бошқасини қўйиш билан вазиятни ўнглаш қийин.

"Бу қирғизларга сира тушунмадим. Янги келадиган президентни бола-чақаси йўқми?" дейди у.

Исми ошкор этилмаслигини билгач, қўшимча қилади: "Мана, Ўзбекистонда ҳам кўпчилик тирикчиликдан нолийди. Лекин ҳаммага қийин. Президент (Ўзбекистонда) қизини ўрнига тайёрлаяпти, деган гаплар юрибди. Мен сира қарши эмасман. Бошқаси келса оч бўлади, уни яна 20 йил тўйдиришимиз керакми?!" Бишкекдаги воқеалар юзасидан тўла сукутга чўмган Тошкентда душанба куни жуда катта дабдаба ила халқаро анжуман ўтказилди. Маҳаллий матбуот "400 зиёд хорижлик мутахассислар ва давлат арбоблари Ўзбекистониниг иқтисодий моделини ўрганиш" учун келгани ҳақида бонг урди.

Ўзбекистон тажрибасининг жаҳон миқёсидаги эътирофи дея айтилаётган бу анжумандан мақсад - мамлакат тутган йўл ва иқтисодий ютуқларни кўкларга кўтариш ва ҳаётни янада тўкин ва барқарор кўрсатиш.

Бироқ, бу каби анжуманларда иқтисоднинг ўсиши ва янги иш ўринлари яратилиши ҳақида ҳар қанча рақамлар келтирилмасин, бу гапларга оддий одамлар ўз ҳаётларида ижобий ўзгаришлар сеза бошлагандан кейингина ишониши мумкин.

Шунингдек, кузатувчиларга кўра, телевизор орқали айтиладиган гапларга халқ заррача ишонмаслиги инобатга олинса, кучли ижтимоий норозилик туфайли қачондир Қирғизистондаги каби воқеалар келиб чиқиши эҳтимолини ҳам инкор қилиб бўлмас экан.