Тошкентда қидирувдаги шахснинг уйи бузилиши мумкин

Қидирувдагилар
Image caption Юқори қатордаги ўнгдан биринчи Одил Абдурасулов ўта хавфли жиноятчилар сафига киритилган

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд қилишда айбланган шахснинг оиласига тегишли уйни бузишга қарор қилган.

Бу ҳақида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамияти хабар тарқатган.

Эзгуликка кўра, Анвар Қори Турсуновни ўлдиришга уринишда айбланган Одил Абдурасулов ном-нишонсиз йўқолган ва унга нисбатан мамлакат бўйлаб қидирув эълон қилинган.

Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар Турсунов ўтган йил июль ойи охирида номаълум шахслар томонидан пичоқланиши оқибатида оғир тан жароҳати олганди.

Қидурувда бўлган Одил Абдурасуловнинг онаси Раъно Абдурасулова Би-би-си билан суҳбатда расмийларнинг мақсади уни уйини бузиб, кўчада қолдириш эканини даъво қилди.

Унинг айтишича, ён атрофидаги уйлар бузилиши ҳақида ҳеч қандай қарор чиқарилмаган, фақат ака-ука Абурасуловларнинг 1950-йилларда ёнма-ён қурган 41 ва 43 рақамли уйлари "қарздор" экани даъво қилиниб, ҳокимият томонидан маҳкамага берилган ва маҳкама қарори ҳокимият фойдасига чиқарилган.

Абдурасулова хоним барча коммунал тўловларни тўлаганини тасдиқловчи маҳалла хати, ҳамда давлат архивида уйнинг қонунийлиги борасида ҳужжатлар мавжудлигини айтади.

У нима учун уйини бузишни истаётганларини аниқ билмаслиги, аммо қарорнинг ўғлининг бедарак йўқолгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди.

"Тўсатдан бўлди бу воқеа, августдан кейин. Нималигини ҳам тушунмайман. "Қарздорлар" деб келади хат. Борганимда манга "Ўғлингиз топилдими? Ўғлингиз қаерда юрибди?" деганидан ўйлаяпманда, қийнасак топиб беради деб ўйлашаяптими," - дейди Раъно Абдурасулова.

"Ўғлим мана шу ерда бўлганда, бўғиб бўлса ҳам, айби бўлса ўзим олиб борардим".

Абдурасулова хоним ўғли қорига қилинган суиқасд куни оиласи билан тоғда дам олишга кетгани, бироқ сўнгра уни қотилликка боғлиқликда излаб келишганини эшитгач, қўрққанидан ғойиб бўлганини айтади.

Одил Абдурасулов, Би-би-си аввал хабар қилганидек, онаси билан кўп ўтмай телефон орқали боғланган ва ўзининг қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқлини, ўз таъбирида, ҳақиқий қотил топилгач уйига қайтишини айтганди.

Айни дамда, унинг онасига уйидан ажралиши таҳдид қилинар экан, на ҳокимият ё на ҳуқуқ-тартибот идоралари оиланинг муқобил уй билан таъминланиши ҳақида гапирган.

"Уй ҳам бермас эмиш, ер ҳам бермас эмиш, уйимдаги нарсаларни мусодара қилиб, кўчага ҳайдармиш мени," - дейди Раъно Абдурасулова.

"Мени ўлдирса ўлдиришсин, уйимдан чиқмайман. Мен-ку майли, олтмишга кириб қолдим, куним ўтар, бу ерда 14та неварам бор, энг кичиги уч ойлик. Қаёққа борамиз?"