Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус оиласига зуғумлардан шикоят қилди

Мели Қобилов(Оилавий архив сурати)
Image caption Мели Қобилов ўзи ҳамда фарзандларига тазйиқларни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ходимларнинг ўчи деб атайди

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, собиқ сиёсий маҳбус ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мели Қобилов Жиззах вилоятидаги суистеъмолликларни фош этгани учун ўзи ва фарзандларига тазйиқ ўтказилаётганидан шикоят қилган.

Мели Қобилов шу кунларда ўғли Дадажон ва набираси Ғолибжон Қобиловлар, келини Муҳайё Қобиловани узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этиш ҳақида маҳкама қарор чиқарганини маълум қилади.

Унга кўра, фарзандларига нисбатан сохта жиноий ишни Жиззах вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ўзининг адовакатлик ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун ўч олиш мақсадида очган.

Мели Қобилов ўзи ташкил этган "Жаҳонгир" адвокатлик бюроси фуқароларнинг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилганини, тергов ҳамда маҳкама жараёнларида инсонларнинг ноқонуний ҳибсга олингани, устиларидан сохта жиноий ишлар очилганини фош қилган.

Ўзбекистон президенти ҳамда республиканинг масъул идоралари раҳбарларига йўллаган мурожаатида Мели Қобилов Жиззах вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ходимларининг ноқонуний амалларидан яхши хабардор эканини билдирган, масъул ходимларнинг жиноят содир этганини исботловчи ҳужжатларга эга эканини маълум қилган.

Мели Қобиловнинг айтишича, ўғли ва набирасини қийноққа солган ҳуқуқ органлари ходимлари "товламачилик" ва "пора олиш"ни "исботлайдиган" сохта ҳужжатларга қўл қўйишни талаб қилишган ва бу ишлар "отаси учун бўлаётгани"ни айтишган.

Айни пайтда Мели Қобилов ва яна бир ўғлининг устидан ҳам жиноий иш очилган ва тергов олиб борилмоқда.

Қобиловга кўра, Жиззах вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ўзбошимчалик, таъмагирлик мақсадидаги ноқонуний ҳибсга олиш ва сохта жиноий ишлар ташкил этиш ҳоллари кўпайган.

"Менинг республика Миллий Хавфсизлик хизмати, Республика Бош прокурори, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, бошқа кўплаб раҳбарларга бу ноқонуний ишлар ҳақида қилган мурожаатларим Жиззах вилоятида мен устидан шикоят қилган раҳбарларнинг ўзларига юборилаверди", деб айтди Мели Қобилов.

Мели Қобилов билан суҳбатни тингланг

67 ёшли Мели Қобилов мустақил Ўзбекистоннинг илк парламенти депутати бўлган.

1994-йилда йигирма йилдан зиёд хавфсизлик идораларида ишлаган Қобиловнинг уйидан гиёҳванд модда ва ўқ "топиб", сохта айбловлар билан саккиз йилга озодликдан маҳрум этадилар.

2002-йилда озодликка чиққан Мели Қобилов Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш учун борган Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен билан учрашган.

У 2006-йилдан буён "Жаҳонгир" адвокатлик бюросини бошқариб келган.