'Ҳамдамова ҳибсга олинишига масжидга келувчилар кўпайгани сабаб бўлган'

Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжиди(Архив сурати)
Image caption Охирги йилларда Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидига борадиган мусулмонлар сони кўпайган

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидининг отини Меҳринисо Ҳамдамова ва яна икки аёл қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Қарши шаҳар маҳкамаси аёлларни олти ярим ва етти йиллик қамоқ жазолари тайинлаган.

Ташаббус гуруҳининг озодликдан маҳрум этилган аёллар яқинларига таяниб хабар қилишича, маҳкама ёпиқ ўтказилган.

Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова ҳамда Шаҳло Раҳматовани Қаршидаги маҳкама Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш бандларида айбдор деб топган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, маҳкама жараёнида аёлларнинг жиноят содир этгани ўз исботини топмаган.

Аёллар бўйниларига қўйилган айбларни тан олмаганлар, жараёнга гувоҳ сифатида чақирилган кишилар айбланувчилар фойдасига кўрсатма берганлар.

"Бироқ ҳакам ушбу кўрсатмаларни, айбланувчиларга дастлабки тергов пайтида тазйиқлар бўлганини инобатга олмаган, маҳкама Ўзбекистон Жиноят-Процессуал кодекси қўпол бузилган ҳолда ўтган", дейди Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ўтган йили ноябрида 30 га яқин аёлни ҳибсга олган, уларнинг аксари Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидида расман отин вазифасида ишлаган ҳамда қонуний диний билим беришни йўлга қўйган Меҳринисо Ҳамдамованинг қариндошлари бўлганлар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" масжидида Меҳринисо Ҳамдамовадан олдин отин вазифасида ҳеч ким ишламаган.

Ҳибсдан сўнг 'ғойиб бўлган' аёллар

40 ёшли Ҳамдамова хоним 2007 йил Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва Қашқадарё вилоят хотин-қизлар бошқармаси тавсияларига биноан масжидга расман тайинланган.

Тошкент шаҳридаги диний билим юртида таҳсил олган Меҳринисо Ҳамдамова иш бошлаганидан кейин "Кўк гумбаз" масжидига борадиган аёллар сони кўпайган.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, масжидга келаётган хотин-қизлар сонининг кўпайиб бораётгани Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларини хавотирга солган, шундан сўнг Меҳринисо Ҳамдамовани ҳибсга олишга қарор қилганлар.

2009 йил ноябрида ҳибсга олинган қарийб 30 аёлнинг аксари қўйиб юборилган, бироқ ўшандан буён саккиз аёл "ғойиб бўлган", дея хабар қилади Ташаббус гуруҳи.

Миллий Хавфсизлик хизмати бу аёлларнинг ҳибсга олинганларидан беш кун ўтиб қўйиб юборилганини билдирган, аммо қариндошлари шу пайтгача ҳам уларнинг қаерда эканликларини билмасликларини айтишган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Қашқадарё Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари ҳибсга олинган ва маҳкамага тортилган аёлларнинг қариндошларига ҳануз босим ўтказмоқда, ушбу ҳодисалар юзасидан Тошкентдаги масъул идоралар ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиш оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида пўписалар қилинган.

Меҳринисо Ҳамдамова, унинг опаси Зулхумор Ҳамдамова ва Шаҳло Раҳматова устидан суд шу йил 11-мартда бошланган ва орадан бироз ўтиб тўхтатилган эди.

Қашқадарёдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳи маҳкама жараёни БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Бу мавзуда батафсилроқ