The Guardian: "Ўзбекистон маданий мероси хавф остида"

"гардиан" рузномаси
Image caption "Гардиан"да чоп этилган мақолада Ўзбекистон маданий мероси хавф остида эканлиги айтилади

"Гардиан"даги мақола муаллифи Сония Зиберманнинг ёзишича, "жаҳондаги энг репрессив ва тоталитарларидан бўлган мамлакат маданий ривожланишнинг ўз шаклини ишлаб чиқишга интилмоқда".

Муаллифга кўра, Ўзбекистон расмийлари яқиндан бери "ўзбек маданияти ва халқини ҳақорат қилган" дея кўрилган нафақат инсон ҳуқуқлари фаоллари балки диний озчилик ва маданият вакилларини ҳибсга ола бошладилар.

"Бу ерда маданият ўзи нима деган саволни ўртага ташласак", дея ёзади Зиберман. Кўплаб нуфузли имло луғатлари маданиятга "инсоният қўлга киритган билимлар, эътиқод ва равишларининг мутассил мажмуини ўрганиш ва авлодлар оша узатиш қобилияти", дея таъриф беришади.

Тарихан, дейилади мақолада, Ўзбекистонда бу каби билимлар мажмуини авлодлар оша узатиш ўта кенг равишда рўй бериб келган. Алишер Навоий, Имом Ал-Бухорий, Ибн Сино каби адиб, уламо ва олимларга ватан бўлган ҳудуд янги ғоялар туғулувчи, санъат гуркираган ва зиёлийлар учун жаннатмакон ер эди.

Аммо 1991 йили президент Ислом Каримовнинг бошқаруви бошланганидан бери ўзбек зиёлийлари маданий ривожланишни мерос қилиб олиш имконидан деярли маҳрум бўлдилар, дея хулоса қилади Сония Зиберман.

"Фуқаролар ҳукуматдан рухсатсиз ташкилотлар туза олмайдилар. Ҳукумат томонидан қонли равишда бостирилган Андижон исёнидан сўнг 300 га яқин ноҳукумат ташкилотлари ёпилди. Буларнинг ҳаммаси мустақиллик эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон имзо чеккан дастлабки халқаро битимлардан бири Инсон ҳуқуқларига оид Халқаро Декларация бўлганлигига қарамай рўй бермоқда",-дейилади мақолада.

Мамлакат матбуотининг қаттиқ назорат остида эканлиги, кўплаб вебсаҳифалар очилмаслиги ва шу туфайли фуқароларнинг ахборот алишишлари мушкул эканлиги кайд этилган мақолада матбуот ўз-ўзини цензура қилиши ҳам эсга олинган.

Охирги йил мобайнида эса эркин фикрга тазйиқлар сиёсий бўлмаган соҳаларга ҳам кириб келди. Эндиликда ҳукуматга очиқчасига мухолиф бўлмаган шахс ҳам тазйиқлардан қўрқувда. Ўзбекистон маданиятига қайсидир маънода мухолиф кўринган шахс халқ душамни сифатида кўрилиши мумкин. Яқинда этногроф-сураткаш ва ОИДСга қарши кураш фаолининг тазйиқларга учрагани замонавий Ўзбекистон маданиятида келажак авлодни ривожлантириш йўлида янги маълумотлар ёда билимлар мажмуининг эркин ҳаракати учун жой йўқлигидан далолатдир, дея ёзади "Гардиан.

Бу ҳолатлар Ўзбекистонда нафақат фуқаро жамитяига босимнинг миқёси кучайиб бораётгани, балки мамлакатнинг ижтимоий-маданий ривожланиши йўлида тўсиқ бўлаётганидан белгидир, дейилади мақолада.

Ушбу мақолага рузнома ўқувчиларидан фикр-мулоҳазалар битилган қатор номалар ҳам илова қилинган.

Айви Лигернинг ўз мактубида ёзишича, Сония Зиберман томонидан Ўзбекистонни "энг тоталитар ва репрессив мамлакат" дея таърифланиши бир оз ошириб юборишдир.

"Ўзбекистон тоталитар давлат эмас....лекин авторитар эканлиги аниқ. Мен ўз китобимда ҳар қандай мусулмон давлатидаги дунёвий режим инсон тараққиёти ва фикр ривожланишини ортга қайтарувчи исломий ақидарапарастликдан кўра яхшироқ, деб ёзганман", дейди Айви Лигер.

Бу фикрга жавобан яна бир махлиснинг ёзишича, АҚШ ҳукумати ҳам ҳудди шундай фикрда. Чунки АҚШ ҳукумати ҳам исломий ақидапарастлар истаган тарзда инсон тараққиёти ва эркин фикрни ортга қайтрмоқчи бўлган ҳукуматдир.

"Қўшнининг оши ҳамиша ширинроқ", дейилади яна бир мактубда. "Ўзбеклар чегара оша Туркманистонга назар ташлаб, ўзларининг бахтлари не қадар чопганлигига ва Туркманистонда яшамаётганликлари учун шукур қиладилар. Бу мақола нима учун пайдо бўлди, Чунки ҳеч бўлмаса Ўзбекистондан одамларни асоссиз ҳибсга олганликлари, қийноққа тутилганликлари ҳақида эшитиб турамиз. Доктор Бердимуҳаммадов диктатураси остидаги давлатдан ҳеч қандай хабар келмаётгани у ерда ҳамма нарса рисоладагидек, деган тасаввурни уйғотмаслиги керак. Аммо Туркманистон АҚШнинг содиқ газ ва нефт ишлаб чиқарувчи ҳамкори. Ана шуниси ғалати", деб ёзибди ўзига Бомелли дея тахаллус олган мухлис.

"Мен бир қатор "муаммоли давлатларда" бўлганман. Уларнинг ичида энг ёмон бошқарилгани Ўзбекистон эди. Мамлакат ҳақиқатан ҳам тоталитар ва мен бўлган давлатлар орасида халқи қўрқув ичида яшаётган ягона ер эди. Яманда ҳам халқ қўрқувда эди, лекин у ерда фуқаро уруши кетаётганди. Мен ЎЗбекистонда учратган одамларим милиция ва Хавфсизлик хизматидан мутлақ қўрқувда эдилар. Каримов атрофида шахсга сиғиниш маданиятини ҳосил қилиш ҳаракатлари олиб борилади. Мен у ерда бўлганимда турли ҳужжатларда қайд этилган қийноқ ва инсон ҳуқуқларининг топталиши ҳолатларига гувоҳ бўлмадим, аммо мамлакатнинг ажойиб мероси ва табиатининг гўзаллигига қарамай яшаш учун ўта даҳшатли ер бўлса керак", деб ёзибди Керли Скот исмли "Гардиан" мухлиси.