Исландиядаги вулқон туфайли Ўзбекистонга парвозлар бекор қилинди

Кул булутлар
Image caption Вулқон натижасида пайдо бўлган кул булутлар Оврўпо ҳаво транспорти ҳаракатини бутунлай фалажлаб ташлади

Исландияда жанубидаги вулқон Оврўподаги кўплаб мамлакатлар ўртасида авиа алоқани фалажлаб ташлади.

Оврўпо бўйлаб ҳаво ҳаракатини назорат этувчи - "Оврўназорат" хабарига кўра, жума куни 17 минг парвоз бекор қилинади.

"Ҳисоб-китобларга кўра, вулқон чангидан пайдо бўлган булутлар шарқ ва жануби-шарқ томон ҳаракат қилаётир. Бунинг оқибатлари камида келгуси бир-неча кунда сезилиб туради", - дейилади "Оврўназорат" тарқатган хабарда.

Ҳаво транспортидаги тартибсизликдан аллақачон юз минглаб йўловчилар зарар кўрган.

Оврўпо мамлакатларидан Ўзбекистонга парвозлар ҳам эртаси билан шанба кунига қадар бекор қилинган.

Тошкент халқаро аэропорти ахборот хизмати ходимига кўра, Тошкентга Оврўпо мамлакатларидан парвозлар бутунлай бекор қилинган.

"Биздан, кечикиб бўлса-да, Париж ва Лондонга парвозлар бўлаяпти. Лекин у ердан Тошкентга эртагача парвозлар бўлмаслиги аниқ," деб айтган Тошкент халқаро аэропорти ходими.

Айни ҳолат Ўзбекистоннинг бошқа халқаро аэропортларида ҳам кузатилаётгани айтилади.

Ирландия, Норвегия, Дания, Бельгия, Нидерландия, Финляндия, Литва ва Чехия ҳаво ҳудудларида ҳаракатлар бутунлай тўхтатилган.

Франса, Швеция, Олмония, Польша ва Австрияда парвозларга қисман чекловлар жорий этилган.

Исландия пойтахти Рейкявикдан 200 километр жануби-шарқдаги музликдаги вулқон жонланиши оқибатида пайдо бўлган кул булутлари ҳозирга қадар Британия ва яна қатор ғарбий Оврўпо давлатлари, Скандинавия, Финляндия ва Россиянинг шимоли-ғарбий минтақаларини қоплаган.