Би-би-си меҳмони Мустафо Абдулжамил Қримўғли билан суҳбат

Мустафо Абдулжамил Қримўғли
Image caption Мустафо Абдулжамил Қримўғлининг ёшлиги Ўзбекистонда ўтган

Би-би-си меҳмони Қрим татарлари Мажлисининг раиси, Қрим татарлари миллий озодлиги ҳаракатининг таниқли арбоби - Мустафо Абдулжамил Қримўғли.

Шу кунларда Қрим татарлари ўз тарихидаги энг қора саҳифани хотирлайдилар - 18 майда Қрим оролида истиқомат қилган татар миллатига мансуб инсонларнинг ўзларининг тарихий ватанидан бадарға этилганига 66 йил тўлади.

Сталин фармонига биноан татарлар 1944 йил бир кечада СССРнинг бошқа ҳудудларига сургун этилганлар.

Ўшанда бир ёшда бўлган Мустафо Абдулжамил Қримўғли ақлини таниганидан бошлабоқ ўз халқига қилинган ноҳақликка қарши бош кўтарган.

Мустафонинг оиласини дастлаб Ўзбекистоннинг Ангрен шаҳрига, кейин эса Сирдарё вилояти Мирзачўл туманига сургун қилишган.

У 1961 йилда яширин "Қрим татарлари ёшларининг иттифоқи" ташкилоти асосчиларидан бири бўлади.

Кўп ўтмай ташкилот аъзолари КГБнинг назоратига олинади.

Шунга қарамасдан, Мустафо Абдулжамил ўз халқи озодлиги йўлидаги фаолиятидан воз кечмайди, Тошкент Ирригация институти талабасини миллатчи, антисовет ташвиқотида айблаб 1965 йилда ўқишдан ҳайдашади.

У Шўро армиясида хизмат қилишдан расман бош тортади, бунинг учун уни икки йилга озодликдан маҳрум этишади.

У 1969 йилда илк бор ташкил этилган "СССРда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ташаббус гуруҳи"нинг таъсисчиларидан бири бўлади.

Кўп ўтмай Мустафо Абдулжамил Қримўғлини СССРдаги тузумни обрўсизлантирадиган материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айблаб қамашади.

1969-1986 йил ўрталарида озодликка чиқиши билан ўз эътиқодидан қайтмаган Мустафони қайта-қайта қамашади, у жами 15 йилни қамоқ ёки сурганда ўтказади.

У 1989 йилда оиласи билан Қримга кўчиб ўтади.

1991 йилда биринчи марта Қрим татар халқининг Қурултойи ўтказилади, Қрим татарлари Миллий Мажлисининг раиси этиб Мустафо Абдулжамил Қримўғли сайланади.

У бугунгача Мажлис раисидир.

Мустафо Абдулжамил Қримўғли 1998 йилда Украина парламенти Верховная раданинг депутати этиб сайланади, ундан кейинги сайловларда ҳам у кўп овоз тўплашга эришган.

Мустафо Абдулжамил Қримўғли ўз халқининг тарихидан халқаро ҳамжамиятни бохабар этиш, хусусан, атоқли мутафаккир, маърифатпарвар Исмоил Ғаспирали ижоди ва меросини тарғиб этиш ишларига ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.

У Украина, Туркиядаги нуфузли мукофотлар совриндори бўлган.

Қатор жамоат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Мустафо Абдулжамил Қримўғли номзодини Нобел мукофотига тавсия этганлар.

Мустафо Абдулжамил Қрим ўғли билан суҳбат

Би-би-си: Бизга мактуб юборган қатор ўқувчиларимиз Қрим татарларининг ўзларининг ватанидан 1944 йилда Совет Иттифоқининг ҳар хил ҳудудларига сургун қилиниши сабаби ҳақида сўрашган.

Мустафо Абдулжамил Қримўғли: Маълумки, Совет замонида фақатгина Қрим татарлари ёки Месхети туркларини ўзларининг ватанларидан мажбуран кўчирмадилар. Жами 13 миллат ўз тупроқларидан, ўз ватанларидан сургун этилди. Ҳар бир миллат кўчирилган пайт турли хил сабаблар айтилди, аммо буларнинг ҳаммаси ёлғон эди. Масалан, Қрим татарларини олмонлар билан ҳамкорлик қилишди, деб ватан хоинига чиқардилар. Аммо Иккинчи Жаҳон уруши бошланган пайтда барча эркакларимизни Совет режими Совет армиясига олиб кетган эдилар. Қримда фақат болалар ва кекса аёллар қолган эди. Булар олмонлар билан қандай ҳамкорлик қила олардилар? Асосий сабаб этник тозалаш мақсади эди. Ҳали 1783 йилда Қрим Россия тасарруфига ўтган пайтда уларнинг князи Потёмкин Қримга келиб деди: "О, ноз-неъматларга бой замин Қрим! Иложи борича тезроқ бу ердан мусулмонларни ҳайдаб солиш керак. Бу жойда бирорта ҳам татар бўлмайдиган кун учун дуо қилайлик". 1783 йилдан бошлаб охирги йилларгача инсонларимизни Қримдан кўчиб бошқа жойларга кетишига мажбур қилдилар, ана шу мақсаддаги сиёсатни юргиздилар. Кўпчилик Усмонли Туркия тупроқларига кўчиб кетди. 1944 йилда Совет режими Қримдан тубжой аҳолиси бўлган татарларни қувиб ҳайдаш мақсадига етиш учун кескин қадам қўйди. Ҳатто Шўро армиясида хизматда бўлган, икки карра қаҳрамон унвонига сазовор бўлган инсонларнинг ҳам оила аъзоларини бу ердан чиқардилар. Уларнинг ўрнига Россиядан одамларни олиб келиб жойлаштирдилар. Мақсад Қримни рус заминига айлантириш эди. Агар халқларнинг ўзларининг тарихий ватанидан кўчириш учун келтирилган важ рост бўлса, Месхети турклари Қрим татарларига ўхшаб, олмонлар билан, олмон ҳарбийлари билан юзма-юз келганлари йўқ эди-ку. Аммо шунга қарамасдан, уларни ҳам чиқардилар. Уруш бошланганидан кейин шу ҳудудларда истиқомат қилиб келган 50 минг олмонларни ҳам сургун қилдилар. Уларнинг нима айби бор эди? Шунинг учун немис-фашистлари билан ҳамкорлик қилдими, қилмадими, бунинг фарқи йўқ эди уларга.

Самарқанддан Отабек Шукуров ҳозир дунёдаги Қрим татарлари сони қанчани ташкил этади ва улар қайси мамлакатларда истиқомат қилишади, деб сўрапти.

Мустафо Абдулжамил Қримўғли: Мен аввал айтганимдек, Россиянинг сиёсати туфайли Қрим татарлари ватанларидан бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлдилар. Табиийки, Қрим татарларига дин, урф-одат, маданият жиҳатидан энг яқин халқ бу турклардир. Шунинг учун ҳам кўп Қрим татарлари Усмонли Туркия императорлиги ҳудудларига кетдилар. Усмонли Туркия Қрим татарларига ерлар берди, бу ерларда бизнинг миллатдошларимиз жойлашдилар. Аммо турклар билан Қрим татарлари ўртасида айнан урф-одат, маданият ўртасида фарқ йўқлиги сабабидан бизнинг у ерга кетган инсонларимиз қисқа вақт ичида ўзларининг миллийлигидан ажралгани ҳам қайд этилди. Исмоил Ғаспиралининг ўзи нашр этган "Таржимон" газетидан чоп этилган рақамларга кўра, 1912 йилга қадар Усмонли Туркияга қарашли ҳудудда 1 миллиондан зиёд Қрим татари шаган. Агар биз ўша даврдаги аҳволни ва Усмонли Туркия тасарруфидаги ҳудудларни инобатга олсак, бу анча катта рақам. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида олмонлар тарафидан кўп инсонлар Олмония ҳудудига олиб кетилди, кўп одамлар ҳалок бўлди. Ҳозир бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича дунёда икки миллиондан зиёд Қрим татарига мансуб инсонлар бор. Туркиядаги Қрим татарига мансублар бир миллион атрофида деб биламиз. Бир замонлар Усмонли Туркияга қарашли бўлган ҳозирги Руминия ҳудудида 30-40 минг Қрим татари бор. Булғористонда ҳам анча катта сонда бизнинг миллатдошларимиз истиқомат қилишарди. Тодор Живковнинг террор замонида турк миллатига мансуб инсонлар, Қрим татарлари Туркияга кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ҳозир Олмония ва Америка Қўшма Штатларида ҳам Қрим татарлари яшашади, аммо уларнинг сони унча кўп эмас. Биз ўтган йили бутун дунё Қрим татарларининг конгрессини ўтказдик. Бу конгрессда 13 мамлакатдан бизнинг диаспорамиз вакиллари бор эди.

Би-би-си: Матбуотдаги хабарларга кўра, Қримга қайтиб бориб истиқомат қилаётган Қрим татарларининг аҳволи унчалик яхши эмас, бунга у ерда рус миллатига мансуб инсонларнинг сони кўплиги сабаб, деган хабарлар пайдо бўлган. Бу хабарлар қанчалар ҳақиқатга тўғри келади?

Мустафо Абдулжамил Қримўғли: Бу тўғри. Чунки Қрим татарлари бу ердан сургун этилганларидан кейин Совет пропагандаси ўзларининг жиноятларини оқлаш мақсадида Қрим татарларига қарши тарғибот бошлади. Россиядан келтирилган, бизнинг ерларимиз, мулкларимиз тарқатиб берилган русларга бизни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш йиллаб, ўнлаб йиллар давом этди. Бу пропагандани бу ерга келганлар мамнуният билан қабул қилдилар, оқибатда бугунги кунда ҳам Қрим татарларига душман каби боқиш сақланиб қолган. Бу ерга келган русларда бир қўрқув борки, улар татарларда Қримда кучайса, ўзларига қарши чиқиб, бизларни бу ердан қувиб ҳайдайдилар, деган хавотирдалар. Бу ерда бўлгинчи рус кучлари мавжуд. Улар Қримнинг келажагини Россия таркибида кўрадилар. Қрим татарлари эса бу ғояга кескин қаршилар, улар Қрим Украина таркибида мухтор жумҳурият бўлишини хоҳлайдилар. Шунинг учун ўзаро муносабатлар яхши эмаслигига икки сабаб бор, бири узоқ йиллик тарғибот натижаси бўлса, иккинчиси сиёсий масаладир. Шу боисдан ҳам бу ердаги руслар билан Қрим татарларининг муносабатини порлоқ ва яхши дейиш қийин.

Voris Usmonli: Qrimda Islom rivoji qanday? Va buning uchun nima ishlar qilinmoqda?

Мустафо Абдулжамил Қримўғли: 1944 йилда татарларни Қримдан сургун қилишганидан кейин бизнинг жоъме масжидларимиз йўқ қилинди. Кўп миллатдошларимиз Ўзбекистонга сургун қилинган эди. Ўзбекистонда бўлганимизда биз исломий илдизларимиздан ажралмадик. Аммо Шўролар замонида барча динларга муносабат қандай бўлгани ҳаммага маълум. Ўзбекистонда диний идора, мадрасалар бор эди. Аммо шу йиллар давомида бизнинг диний кадрларимиз етишиб чиқмади. Чунки Қрим татарларига ишонмаганлар, дин ишларини КГБ назорат қилгани туфайли Қрим татар миллатига мансуб инсонларни диний ўқув юртларига ўқишга киришларига изн бермас эдилар. Қримга қайтиб келганимиздан кейин муқаддас Ислом динимизни жонлантириш ишлари бошланди, бу амалларни ҳозир ҳам давом эттираяпмиз. Қрим татарлари яшайдиган жойларда диний жамиятлар ташкил этганмиз, жами ҳозир 312 диний жамиятимиз бор. Бундай жамиятлар мавжуд жойларда жоъме масжидлари барпо этиш, диний билимларни йўлга қўйишга ҳаракатлар қилинаяпти. Аммо бу ерда янги муаммолар ҳам юзага чиқди. Ҳаммага маълум бўлгани каби Ислом динида турли оқим, тариқатлар бор. Масалан, Ваҳобийлик, "Ҳизб-ут-Таҳрир". Бизнинг миллатдошларимиз орасида бу оқимларнинг ҳам тарафдорлари пайдо бўлди. Бу нарсалар эса бизнинг миллатимиз бирлигига зарар келтираяпти. Диний ишларни ривожлантириш учун ҳам маблағ керак, аммо инсонларнинг моддий имкониятлари чеклангани сабабли ҳам айрим режадаги ишларимиз кўнгилдагидек бормаяпти. Соғ бўлсинлар, Туркия тарафидан, баъзи Араб ўлкалари тарафидан дастаклар бўлиб турипти. Уларнинг ёрдамлари билан жоъме масжидлари қурилди. Аммо ҳамма ҳудудларимизда ҳам етарли сондаги жоъме масжидларимиз йўқ. Албатта, бу йўналишдаги ишларни давом эттириш керак бўлади.

Shuhrat Ahmadjonov: Assalomualaykum Mustafo og'a! Men Sizni Toshkentda, "O'zbekiston" mehmonxonasi oldidagi xiyobonda 1986 yilda Qrimlarning tinch mitingida nutq so'zlaganingizda ko'rgan edim. O'shanda Siz yaxshi nutq so'zlagandingiz. Mening savolimga doir. Ma'lumki, turkiy xalqlarning buyuk ma'rifatparvari, Jadidchilik harakatining asoschisi Ismoilbek G'aspirali 1851 yil 21 mart kuni Qrimda tug'ilgandi. 2011 yilda uning 160 yillik yubileyi nishonlanadi. Shunga doir qanday tayyorgarliklar olib borayapsizlar?Мустафо Абдулжамил Қримўғли: Албатта, Исмоил Ғаспирали Қрим татарлари миллатимиз орасидан етишиб чиққан буюк инсонлардан биридир. У нафақат Қрим татарлари, балки бутун туркий халқлар учун курашган инсон. Бизнинг миллий ҳаракатимиз ҳам, Исмоил Ғаспиралининг идеялари, идеалларига асосланиб, унинг фикрлари, унинг демократик тушунчаларига асосланиб фаолият юритаяпти. Биз Қримга қайтиб келганимиздан кейин бу қимматли инсонимизнинг номини абадийлаштириш ишларига қўл урдик. Ақмасжид шаҳрида, биз Ақмасжид деб атаймиз, русча Симферопол дейдилар, Исмоил Ғаспирали ҳайкалини ўрнатдик. Унинг музейи барпо этилди. Китобларини нашр этдик. Исмоил Ғаспирали ҳақидаги аксар маълумотлар Туркияда сақланган. Унинг меросини оммалаштиришда туркиялик дўстларимиз кўп ёрдам бердилар. Келгуси йили - 2011 йилда Исмоил Ғаспиралининг 160 йиллиги санаси. Биз албатта, у кишининг юбилейини ўтказиш бўйича ташкилий ишларни олиб борадиган бир қўмита тузамиз. Бу қўмитага барча туркий мамлакатлардан вакилларни киритамиз. Ва Исмоил Ғаспиралининг фикрларини бутун дунёга билдирмоқ учун, танитмоқ учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ