Ўзбекистонда нима муҳим: пулми ва ёки таниш-билишчилик?

Гулнора Каримова
Image caption Оддий ўзбекистонликлар Гулнора Каримованинг давлат теппасига келишига руҳан тайёргарлик кўриб қўйишган

Қирғизистондаги воқеалар минтақа давлатларини жиддий хавотирга солган бўлса, воқеалар марказида бўлган муаммолар, яъни давлат даражасидаги қариндош-уруғчилик, коррупция ва маҳаллийчилик Ўзбекистонда ҳам яқин танишлар суҳбатларида эҳтиёткорлик ила, лекин қизғин муҳокама қилина бошлаган.

Бироқ аксар кузатувчилар Қирғизистондаги каби муаммолар Ўзбекистонда ҳам мавжудлигини айтишсада, президент Ислом Каримовниниг қаттиққўл назорати туфайли қариндошчилик ва маҳаллийчилик кенг кўламда илдиз отишга имкон тополмаслигини ҳам таъкидлашади.

Ўзбекистонда жамият асрий анъаналар ва маҳаллий одатларга биноан яшагани учун ҳокимиятга келган шахснинг қариндош-уруғлари ҳам зудлик билан бу имкониятдан тўла фойдаланишга тушиши табиий ҳолга айланган.

Мамалкатда президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг давлат тепасига келиши мумкинлиги ҳақида бир неча йиллардан буён тўхтовсиз гапириладики, катта сиёсатнинг тагида нималар ётганидан бехабар аксарият оддий одамлар аллақачон бунга руҳан тайёргарлик ҳам кўриб қўйган.

Гулнора Каримованинг аввал Наманган, кейин эса Фарғона вилоятига ҳоким бўлиб келиши ҳақидаги гап сўзлар йиллар давомида халқ орасида юрди. Кейин эса водийдаги учта вилоят, Аниджон, Наманган ва Фарғона бирлаштирилиб, ягона Фарғона губернияси ҳосил қилиниши ва унга Каримова хоним губернатор бўлишини ҳақида гапирила бошланди.

Бу миш мишларнинг қандай тарқалиши ва тагида қанчалик ҳақиқат борлиги ҳанузгача номаълум. Бироқ оддий одамлар бундан умидвор ҳам бўлиб, агар шундай "башоратлар" рўёбга чиқса, ўзларининг ҳаётларида жиддий ўзгаришларт юз беришига кўз тиккан.

"Буни қанчалик ҳақиқатлигини билмадимку, лекин агар шундай бўлиб чиқса, бизга фақат яхши бўларди. У (Гулнора) марказдан катта маблағ ундириб, эҳтимол иқтисодни, газ ва электр муаммоларини ҳал қилган бўлармиди," дейди Фарғонадаги олий ўқув юртида ўқитувчилик қилувчи ўрта ёшли муаллим.

Ушбу муаллимнинг умидлари чўпчакка асосланганми ёки йўқми, лекин ҳокимиятни ўз яқинига мерос сифатида қолдириш масаласига аксарият халқ оддий ҳол, дея қарай бошлаган.

Бошқа жиҳатдан эса, жамият доимий қўрқувда ушлаб турилгани учун ҳам одамларнинг асл кайфиятини билиш мушкул, дейди кузатувчилар.

Яқинда маҳаллий интнернет саҳифаларидан бирида бир ўзбек профессори ўз "иқтисодий тезисларини" эълон қилиб, Гулнора Каримовани "малика" дея атагани ҳам ҳокимият мерослиги кайфиятини аксар кўпчиликка сингдириш усулларидан бири бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ Ўзбекистонда ҳокимиятни қариндош-уруғлар ўртасида талон-тарош қилиниши, кланларга бўлиниш ва коррупция Қирғизистондаги каби оммавий норозиликларга сабаб бўладиган даражада чуқур илдиз отмаган ёки бу ишлар очиқ-ойдин қилинмайди.

Қолаверса, Ўзбекистонда кейинги 10 йил ичида коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилди. Бу курашнинг даслабки тўлқинига давлатга қарашли турли корхоналар раҳбарлари дуч келган бўлса, кейин маҳаллий даражадаги турли ҳокимият мулозимлари, сўнг маориф ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари учради.

Ҳарбий соҳага яқин манбага кўра, ўтган 4 йил ичида 200 нафардан зиёд юқори лавозимли зобитлар айнан иқтисодий жиноятлар учун қамалган.

Тошкентлик мустақил шарҳловчига кўра, Ўзбекистондек авторитар тузумда бу каби иллатларни батамом тугатишнинг имкони йўқ. Лекин ҳокимият ва бойликларни уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва таниш билишлар ўртасида бўлишишни қайсидир даражада тийиб туриш мумкин холос.

"Ўзбекистондаги кланлар билан боғлиқ вазиятни бошқа бир қўшни мамлакатлардаги каби бир сўз билан ифодалаш мушкул. Масалан, Қирғизистонда ҳокимиятнинг барча даражасини қариндош-уруғлар орқали эгаллаш, Қозоғистонда эса жузларга бўлиниш бўлса, Ўзбекистонда турли омилларнинг қоришиб кетганини кўриш мумкин," дейди у.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда аввало пул ва ҳокимиятдаги шерикчилик, ундан кейингина қариндош-уруғчилик ва таниш-билишлар келади.

Шарҳловчининг таъкидлашича, ҳокимиятни эгаллаб турган кучли шахслар бойлигини қариндош-уруғлар орқали тарқатишга уринса, ҳокимиятга интилишини фақат молиявий шерикчилик орқали амалга оширади. Дўппи тор келиб қолганда барча қариндош-уруғлар ва таниш-билишлар ортга сурилиб, фақат молиявий шериклар қолади.

"Ўзбекистондаги вазиятни мен аввало молия ва қудрат (ҳокимият) шерикчилиги деб атаган бўлардим. Айтмоқчи бўлганим айнан маслакдошлик ва молия биринчи ўринда. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин," дейди у.

Унинг айтишича, бу шерикчилик олдида маҳаллийчилик ҳам ўз-ўзидан ортга сурилади.

Ўзбекистондаги вазиятнинг ўзига хослиги, на мулк ва на қудратга ишонч йўқлиги туфайли аксар амалдорлар қариндошларини ўзига ва ҳокимиятга яқинлаштирмай, якка ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

"Чунки, кутилмаган ҳолда амалдор ишдан кетганда қариндошлари ҳам занжир реакцияси каби унинг ортидан жўнаб қолмаслиги учун шундай қилинади. Чунки амалдор ишдан кетганда у топган бойликлар ҳеч қурса қариндошларида сақланиб қолиши керак," дейди у.

Аксар кузатувчиларнинг фикрича ҳам бугун Ўзбекистондаги мавжуд вазиятда на қавм-қариндошлар, на маҳалладошлар қўллов бўла олади.

"Тузум клан ва уруғчилик асосида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай кучни бошланишидаёқ яксон қилади, чунки яккаҳокимлик табиати шундай," дейди тошкентлик шарҳловчи.