Тожикистон: икки ўзбекистонлик чегарадан ноқонуний ўтишда айбланмоқда

Тожик чегарачилари
Image caption Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари барча қўшнилари билан виза тартибини жорий этган

Шимолий Тожикистонда икки нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очилган. Улар чегарадан ноқонуний ўтишда айбланишмоқда.

Яна саккиз нафар ўзбекистонликка нисбатан маъмурий чора кўрилган. Улар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро борди-келди юзасидан чегарадош туманларда бўлиш борасидаги шартномани бузишда айбланганлар.

Икки мамлакат орасидаги ўзаро борди-келдига оид шартномани бузиш ва чегарадан ноқонуний ўтишда айбланаётган шахслар Тожикистон шимолида ўтказилган махсус текширувлар давомида аниқланган.

Беш кун давомида асосан Ўзбекистоннинг Бекобод тумани йўналишида келаётган машиналар текширилган.

Шунингдек, Хўжанд шаҳрида ҳамда Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бекобод тумани билан умумий чегараси бўлмаган туманларда шубҳали кўринган кишилар ҳужжати текширилган.

Суғд вилояти Ички ишлар бошқармасидан билдиришларича, меҳнат муҳожирлиги, давлат автомобил назорати ва бошқарманинг бошқа бўлимлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг ўзаро борди-келди борасидаги шартномасини бузаётган инсонларни аниқлаш мақсадида махсус тадбир ўтказган.

"Бу шартномага мувофиқ чегарадош туманлар аҳолиси беш кун давомида қўшни туманларда бўлиш ҳуқуқига эга. Афсуски, Ўзбекистон томонидан Шимолий Тожикистондаги икки мамлакат чегара-ўтказиш нуқталари бир томонлама тарзда ёпиб қўйилди. Фақатгина иккита нуқта – Ойбек-Фотеҳобод ва Ҳаштияк нуқта лари очиқ. Текширишлар ўтказганимизда Бекобод туманида яшайдиган шахсларни Хўжандда ҳам, Бобожон Ғафуров туманида ҳам, вилоятнинг бошқа ерларида ҳам учратдик. Бу шартноманинг аниқ равишда бузилишидир. Чунки бекободликлар фақатгина чегарадош Спитамен туманида бўлиш ҳуқуқига эга," дейди Суғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рауф Юсупов.

Унинг айтишича, Суғд вилоятининг ўтишга рухсат берилмаган минтақаларига борган 10 нафар ўзбекистонлик аниқланган.

"Улардан икки нафари чегарадан ноқонуний тарзда ўтгани маълум бўлди ва бу икковлонга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда," илова қилади Рауф Усупов.

Қолган саккиз кишига нисбатан маъмурий чора кўрилган ва улар Тожикистондан чиқариб юборилган.

Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган Фарҳод Хуррамовнинг айтишича, кейинги пайтда ўзбекистонлик қариндошларининг келиб-кетиши янада қийинлашган:

"Қариндошларимиз ўта қийинчилик билан келиб-кетишяпти. Яқинда Бўкадан аммамнинг ўғли келиб-кетганди. Унга қўлингдаги нарсаларни ташлаб, ўзинг ўтасан, дейишибди. Уларнинг уйида менинг кийимларим, китобларим қолиб кетганди. Олиб кела олмади," дейди Фарҳод.

Чегаранинг ҳар икки томонида яшайдиган оддий одамлар икки қўшни мамлакат ораси-даги муносабатларнинг тезроқ яхшиланиши ва виза тартибининг бекор этилишига умид қилишади.