Ўзбекистонда доллар қиймати кескин тушиб кетмоқда

100 долларикларни ушлаб турган қўл
Image caption Доллар қийматининг кутилмаганда арзонлаб кетиши кўпчиликни саросимага солган...

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, қора бозорда америка доллари қиймати кескин арзонламоқда.

Чоршанба куни эрталабдан Ўзбекистонда долларнинг сўмга нисбатан ҳар соат сайин арзонлашиши мамлакат бўйлаб хорижий товарлар сотиладиган бозорларда чинакам ажиотаж қўзғаган.

Атиги бир ҳафта аввал 2400 сўм бўлган доллар чоршанба куни эрталаб 2150 сўмга тушган. Сўнг ҳар соатда 50 сўмдан арзонлаб, тушга яқин аксар "қора бозор"ларда бир долларнинг нархи 1800 сўмгача тушган.

Яқин йилларда долларнинг бу даражада арзонлашиши кутилмагани учун аксар кишилар орасида, айниқса, хорижий валютага савдо қиладиган дўкон эгалари товарларни баҳолашда жиддий қийинчиликка учраган.

Тошкентдаги йирик қурилиш бозорида бўлган тошкентлик кузатувчининг айтишича, эрталабдан долларнинг кескин тушиб кетиши кўпчиликни саросимага солиб қўйган.

"Паркент бозорида савдодан йиққан сўмларини бир кун аввал долларга баланд нархда алмашган кишилар кўрган зарарларини санаб ўтирибди. Ҳамманинг оғзида шу гап", дейди у.

Кейинги йилларда сўмнинг тобора қадрсизланиши туфайли аксарият одамлар ўз маблағларини долларда сақлашга кўниккан ва бугунги ўзгариш уларни ҳам саросимага солиб қўйган.

Қора бозордаги валюта алмаштирувчилар ҳеч ким доллар сотиб олмаётгани, сўм эса тобора камайиб бораётганини айтади.

"Эрталабдан буён доллар оладиган харидор йўқ. Одатда тескариси бўларди", дейди тошкентлик валютафуруш ва бунинг ортида катта ўйин бўлаётгани ва яқин орада доллар ўз ўрнига қайтиши мумкинлигини айтади.

Тошкентлик расмий манбаларга яқин кишининг айтишича, қора бозорда долларнинг сўмга нисбатан арзонлашиши май ойининг бошида Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банкининг йиллик олиймақом йиғини билан боғлиқдир.

"Тошкентга бутун дунёдан молиячилар ва банкирлар ташриф буюради. Ўзбекистонда расмийлар долларнинг деярли учта курси, қора бозорнинг эса умуман мавжудлигини кескин рад қилишади. Саммитга келадиган меҳмонлар расмийларнинг гапи ростлигини кўриш учун бу махсус қилинмоқда. Афтидан давлат бозорга катта миқдорда валюта киритган", дейди у.

Унинг айтишича, саммит кунлари Тошкент бозорларидаги нархлар ҳам мажбуран туширилиши мумкин. "Бундай вазият аввал ҳам кўп кузатилгани учун одамлар бозор пештахтасига ёзилган нарх аслида ёлғон бўлишига кўникиб кетган", дейди у.

Кузатувчиларга кўра, долларнинг қора бозор нархи Осиё тараққиёт банкининг 43 йиллик йиғинидан сўнг яна ўз ўрнига қайтиши мумкин. Уларга кўра, саммит кунлари қора бозордаги доллар нархи давлат курси билан тенглашиши керак. Шу кунларда Ўзбекистон Марказий банки белгилаган курс 1560 сўмдир.