Фарғонада аҳолидан тилхатлар ёздириб олинаяпти

Image caption Қирғизистондаги ғалаён ўзбек расмийлари орасида хавотир уйғотган

Ўзбекистонда амал қилувчи мустақил Узметроном интернет саҳифасига кўра, ўн кундирки Фарғона шаҳри маъмурияти аҳолидан ҳукуматга содиқлигини кафолатловчи тилхатларни ёздириб олмоқда.

Тилхатда ҳар қандай оила бошлиғи қандайдир амал қилишга ёки қилмасликка ваъда беради.

Веб саҳифа тилхатларнинг баъзиларини мисол тариқасида келтиради. Улар орасида иш жойида ва иш вақти намоз ўқимасликка, Ўзбекистон ҳақида салбий маълумотга эга чет эл рўзнома ва журналларини тарқатмасликка, диний экстремизмда гумон қилинган шахслар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга кафолат берадиган тилхатлар бор.

Би-би-си билан суҳбатлашган фарғоналик мустақил инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, тилхат ёздириб олиш қўшни Қирғизистонда 7 апрель куни бошланган ғалаёнлардан бир неча кун ўтиб бошланди.

Фаолнинг айтишича, кўп қаватли бинолар олдида маҳалла қўмитаси раисларининг "бегона одамларни ўз уйларига киритмаслик" ва "нотаниш ва шубҳали одамларни кўрса" расмий идораларга хабар бериш ҳақида маҳалла аҳлидан тилхат ёздириб олаётганига гувоҳ бўлган.

"Биз оиламиз билан сафарга кетгандик, қизим келиб ўтириб турувди уйимизда. Менга телефон қилиб, шундай хатга имзо чекишни сўраб маҳалладан келишганини айтди. Кўзим тушганди, ҳаммадан олишаяпти деди қизим," - дейди Абдусалом Эргашев.

Мустақил фаолга кўра, бунга Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида ҳукуматдан четлатилган Президент Қурманбек Бакиевга содиқ қуролли кишилар тарқалгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.

У билан суҳбатлашган жанубий қирғизистонлик расмийлар Бакиевга тегишли ўта яхши тайёрланган мерганлар гуруҳи ҳудудга келганидан хавотир билдиришган.

"Бакиев Жалолободдан қочиб кетиши ортидан бу мерганлар аҳоли орасига сингиб кетди деган гаплар бўлганди, эҳтимол шу одамлар Ўзбекистонга ўтмасин деган мақсадда чора кўрилаяпти деб ўйладим," - дейди жаноб Эргашев.

"Ўшдаги бир митингида Бакиев борганида, аҳоли ичида қанча фуқаролар кийимидаги қуролланган одамлар борлиги, қандай қилиб осмонга қарата ўқ узганини кўпчилик кўрди. Ёнимиздаги мамлакатда шунча қуролланган одамлар аҳоли ичига сингиб кетганидан кейин ташвиш пайдо бўлди."

Мустақил фаол бу каби чорага Фарғона шаҳрида биринчи марта гувоҳ бўлаётганини айтади.

У Фарғона вилоятига қирғиз воқеалари таъсир қилади деган расмийлар хавотирига асос йўқ деб билади.

"Мен бундай хавотир йўқ деб ўйлайман, чунки 20 йилдирки халқимиз менталитетида бундай воқеалардан илҳомланиб, ёки уларни қўллаб-қувватлаш фикри йўқлигига кўп гувоҳ бўлдик."

Бу каби тилхатларнинг Фарғона водийсининг бошқа қисмларида ёздириб олинаётгани борасида хабарлар йўқ.