Иқтисод фанлари доктори, академик Рустам Абдуллаев билан суҳбат

Қрғоз ва қалам

Академик Рустам Абдуллаев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Рустам Абдуллаев асосан рус тилида нашр этилувчи интернет саҳифаларда ўзининг сиёсий иқтисодга оид лавҳалари билан танилган.

У Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб бозор иқтисодиётига оид мақолаларини "Правда Востока" ва "Сельская Правда" сингари рўзномаларда нашр этган.

Бир муддат Ўзбекистон Адлия вазирлигига қарашли "Инсон ва Қонун" газетасига иқтисодий масалаларда шарҳлар ёзган.

Рустам Абдуллаев, шунингдек, Россиянинг "Капитал Страны" ахборот таҳлилий интернет саҳифасида нашр этилган " Дунё иқтисодий ва сиёсий бўҳронларидан чиқиш йўли", " БМТ: Орол денгизини қутқариш ва Марказий Осиё сув муаммоларига ечим топиш мумкинми?" каби мақолаларида дунё ва Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ва атроф-муҳитга оид муаммолар атрофида фикр юритади.

Унинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин 12.uz интернет сайтида " Ўзбекистон: синовлар, таҳдидлар, муаммолар ва ечимлар" номли икки қисмдан иборат зиддиятли мақоласи ўқувчи ва таҳлилчилар орасида кескин баҳсларни уйғотган.

Айни саҳифада Рустам Абдуллаев томонидан чоп этилган Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақида мақола ҳам эътироз ва тортишувларни келтириб чиқарди.

Мазкур мақолада Рустамжон Абдуллаев Гулнора Каримовани "Ўзбекистон маликаси," деб атайди ва унинг танқидчиларини "ҳасадгўйлар ва Ўзбекистоннинг душманлари," дея тасвирлайди.

Мақолада расмий маълумотларга таяниб, Ўзбекистон иқтисоди "юқори суръатларда" ривожланаётгани ва аҳоли турмуш даражаси "барқарор юксалиб" бораётгани урғуланади.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар” дастурида тинглай оласиз.

Ахмад Абдулла, Нью Йорк: Киргизистондаги вокеалар нега юз берди деб уйлайсиз?

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Ахмаджон! Бугун 2010 йилнинг 28 апрели соат 01-41 да ЦентрАзия деган сайтнинг қуйидаги адреси бўйича: http://www.centrasia.ru/news.php?st=1272404460, менинг "Р.Абдуллаев. Республика или монархия? Какая форма государственного правления эффективнее для Кыргызстана и других стран Центральной Азии", деган сарлавҳали мақолам чоп этилди. Сиз менинг шу мақоламни ва ўша сайтдаги бошқа мақолаларни ўқисангиз, саволингизга тўлиқ жавоб оласиз, деган фикирдаман.

Odiljon Maxumiy, Osh:Muhtaram Rustam Abdullaev.I.Karimov mamlakatda oligarxlarga o'rin yo'q deb chuqish qildi.Biroq, o'zining to'ng'ich qizi Gulnora mamlakatda oligarxlarning eng yuqori pag'onasida. Bunga nima deysiz?

Рустам Абдуллаев: Мен адреси: http://www.kapital-rus.ru/index.php/articles/article/175120 бўлган РФнинг «Капитал страны» деган Интернет журналида иқтисод фанлари доктори, профессор С.А.Толкочевнинг «Пол Кругман и Гласс-Стигалл» деган мақоласига 2010 йил 30 январ куни қилган шарҳимда РАО «ЕЭС России» деган, Россиянинг энг йирик корхоналаридан бирининг ўз вақтида рахбари бўлган Анатолий Чубайс, бу корхонанинг қимматбаҳо қоғозлари нархини 2006 ва 2007 йилларда сунъий равишда кўтариб 1 триллион 141,702 миллиард рублига тенг, амалда эмас, балки фақат қоғоздагина фойда олиб, бу корхонанинг акциядорларига уларнинг улушларини тўламаслик тўғрисда қарор чиқаргизиб, кейинчалик бу ташкилотни тугатдириб юборганлигини, бу эса жаҳон миқёсидаги молиявий инқироз ҳам шунга ўхшаш йўл булан пайдо бўлганлиги тўғрисда фикр уйғотиши тўғрисида сўз юритган эдим. Бу гапларни шу ўринда айтаётганлигимга сабаб эса, шу сиз айтаётган «олигарх»лар, деб аталувчи ишбилармон одамларнинг бир қисми ҳам шундай йўл билан, яъни ҳеч қандай маҳсулот ишлаб чиқармай, корхоналарни хусусийлаштириш жараёнида ўшаларга ўхшаш одамларга бекорга давлат томонидан берилган мулклари нархини шишириш орқали кўтариб, фойда олиб бойиганликлари, маълум бўлиб қолди. Президентимиз Ислом Каримов балки шундай сабабларга кўра «олигарх»ларга қарши бўлаётган бўлса, ажаб эмас. Лекин бизда ҳам америкалик Бил Гейтсга ўхшаб, энг илғор технологиялар, компютр дастурлари яратиб ва ҳар-хил ихтиролар қилиб, сўнгра уларни сотиш орқали фойда кўриб, «олигарх» тушинчасига тўғри келадиган бадавлат одамлар пайдо бўлса, бунга Президентимиз ҳам қарши бўлмаса керак, деган фикрдаман. Шу гаплардан хулоса чиқариб Гулнорахон тўғрисидаги саволингизга мурожат қиладиган бўлсак, у «олигарх» тоифасига кирмаслигини даров билиб олишимиз мумкин. Чунки Гулнорахон олима аёл ва фақат давлат ҳамда жамоат ишларида банд бўлган ва унинг завод ва фабрикалари йўқ ва у тадбиркорлик фаолияти билан шуғилланмайди. Гулнорахон тўғрисидаги сиз айтаётган барча гаплар унинг ҳасадгўйлари ва душманлари томонидан тарқатиладиган бўхтон гаплардан бошқа гаплар эмас, деб ўйлайман. Агар мен ҳақ бўлмаганимда эди Европанинг нуфузли ташкилотлари, олий ўқув даргоҳлари, давлат ва жамоат арбоблари Гулнорахоннинг номзодини Тинчлик ўрнатиш борасидаги ишлари учун 2011 йил бериладиган Нобел мукофатига тавсия этишмаган бўлар эди.

Muhojir: Salom, Rustam aka Man uzim ham iqtisodchiman, talabalik yillarida kitoblarizni uqiganman, Hozir iqtisodiyotimizni kelajagiga qanday qaraysiz, shu darajada korruptsiyalashgan, davlat tomonidan boshqariladigan iqtisodiyotn faqatgina faqat kitoblamizdagina erkin iqtisodiyot bulib qolmayaptimikan? Javobingiz uchun rahmat

Рустам Абдуллаев: Коррупция деган иллат нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Ўзбекистонда ҳам бу иллат билан тегишли ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари шуғилланади. Лекин шахсан мен сира ҳам коррупционерларга дуч келмаганман. Балки улар мендан қўрқиб яширинишиб юрармикин? — Билмадим…

Энди эркин иқтисодиёт деган тушунчага келсак, бизда ҳам давлат идоралари хусусий сектор ишларига аралашмайди, деган фикрдаман. Тўғри, қишлоқ ҳўжалигида ҳали ҳам бундай аралашувларга дуч келиш мумкин. Лекин бунга ҳам яқин орада барҳам берилади. Мени фикримча, тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини яхши билсалар, уларни ишига ҳеч ким аралаша олмайди. Афсуски, амалда кўпчилик тадбиркорларимиз жуда ҳам билимсиз ва ҳуқуқий маданиятдан йироқ. Ўйлайманки, сизга ўхшаш янги авлод улардан фарқли ва шунинг учун ҳам эркин бўла олади.

Odil, Toshkent:Хурматли Рустам Абдуллаев! Мамлакат ривожланишида таргибот канчалар мухим рол уйнайди?

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Одилжон! Содда қилиб айтганда: мамлакат ривожланишида тарғибот, ҳудди товарлар рекламасидек, муҳим ўрин тутади.

Xurshid:"O'zbekiston malikasi"ning tanqidchilarini xasadgo'y va O'zbekistonning dushmanlari deb atabsiz, nima sizningcha O'zbekiston va malika bir narsami? fransuz qiroli Ludovik XIV ning "davlat bu men" degan gapi bilan sizning bu mulohazalaringiz o'rtasida nima farq bor? Umuman Malikaning tanqidchisi bo'lishning O'zbekistonning dushmani bo'lish bilan nima bog'liqligi bor?

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Хуршид! Саволингиздан кўриниб турибдики сиз асил нусхаси «Капитал страны»деган журналнинг http://www.kapital-rus.ru/articles/article/176565/ адреси бўйича жойлашган менинг «Узбекистан: вызовы, угрозы, проблемы и решения», деган мақоламни ўқимагансиз ёки рус тилини билмайсиз. Акс ҳолда сиз кўрсатилган адрес бшйича чоп этилган мақоламда Гулнорахон тўғрисида: «Фақатгина унга ҳасад қиладиган ва унинг душманларигина уни тўғрисида ёмон гапириши мумкин», деб ёзилганлигини ва бу сўзларнинг давомида эса: «Ахир, у тўғрисида салбий фикр билдирадиганларнинг мутлақо кўпчилиги ичида, у билан бирон кимса ҳаттоки шахсан таниш ҳам эмас-ку. Ва улар ўзларининг мулоҳазаларида далилларга эмас, балки унинг отаси мухолифлари бўлган ичи қора одамлар ёки Ўзбекистон Республикасининг Президентига қарши ишлайдиган қандайдир махсус хизматлар томонидан атайин тарқатилаётган кўча-кўйдаги фисқу-фасод ва уйдирмаларга таянадилар, холос. Гулнора Каримова – бу ажойиб қиз ва ҳар томонлама ўқимишли бўлган – етук ўзбек аёлидир. Етар, бизнинг маликамиз тўғрисида айтилаётган ёмон фикрларни тўхтатайлик, энди! Ахир бу фисқу-фасод ва уйдирмлар айниқса, – Гулнора Каримова тўғрисида уни ўзига эмас, балки Ўзбекистон ўтказаётган сиёсатга аччиқ қилиб ёзадиган – эркак кишилар шаънига ҳам тўғри келмайди…», деб ёзилганини билиб, ўзингизнинг ўринсиз ва ёлғон сўзлардан иборат саволингизни бермаган бўлар эдингиз.

Гулнорохон тўғрисида ҳам сизга ўхшаган кимсалар мана шу сиз ёзган гаплар каби ёлғон гапларни қўшиб гапириб, нафақат унинг шаънига, балки бу қиз Президентимиз қизи бўлгани учун Ўзбекистонимиз шаънига ҳам бўхтон ёғдираётганларини билмай, яна бошқаларни ҳам ёмонлаш орқали, ҳаммани чалғитишга ҳаракат қиладилар…

Хилола, Фаргона: Сиз маколаларингиздан бирида "Узбекистон баркарор юксалиб бораяпти" деган экансиз. Аник мисолларда айта оласизми Узбекистоннинг юксалаётганини?

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Ҳилола! Рус тилида чоп этилган «Ўзбекистон: синовлар, таҳдидлар, муаммолар ва ечимлар», деган мақоламда, чет элнинг нуфузли ташкилотлари томонидан ҳам тан олинган қуйидаги фикрларни айтганман: «…порлоқ келажак қуришни Ислом Каримов бизнинг мамлакатимиз учун танлаган моделининг тўғри ва ҳаётий эканлигини нафақат ўтаётган вақт, балки, мени фикримча, енгил деб баҳолаб бўлмайдиган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ташкил этган синов ҳам исботлаб турибди. Жумладан, кўп мамлакатларда Ялпи Ички Маҳсулотнинг қисқаришига олиб келиб, давом этаётган инқирознинг салбий таъсирига қарамасдан, Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти 2009 йилда 8,1 фоизга ошди. Жалб этилаётган сармяларнинг ўсиши 33 фоизни, аҳоли реал даромадларининг ўсиши – 26,5 фоизни, ўртача ойлик, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг ўсиши эса – 40 фоизни ташкил этди».

Buston, Uzb:Rustam aka!"O'zbekiston hali ham kommandnuy ekonomikada" degan fikrga qushilasizmi, qushilmasangiz kontr argumentlariningiz qanaqa? O'zbekistondagi korrupciya bilan qanday kurashish mumkin. Siz agar O'zbekiston iqtisodiga ma'mur bolganinigizda ishni nimadan boshlar edingiz, programmangiz qanaqa bolar edi? rahmat.

Рустам Абдуллаев: «Командная экономика» Совет ҳокимияти даврида қолиб кетган. Ҳозир Ўзбекистонда майда ва ўрта бизнесни ишига ҳеч ким аралашмайди. Ҳатто уларни текшириш ҳам фақат тўрт йилда бир марта амалга оширилади. Катта ташкилотлар ишига эса давлат, бошқа мамлакатларда бўлгани каби, фақат уларнинг акционери бўлсагина, қонуний равишда аралашади. Коррупция масаласини эса юқорида гапириб ўтдим, такрорлашга ҳожат йўқ. Ўзбекистон маъмурлари ўз ишларини жуда яхши билишади ва мен юқорида айтиб ўтганимдек, улар Президентимиз тузган режани амалга оширмоқдалар. Бу эса аста секин яхши натижа бермоқда.

Jamshid, London:Hurmatli Rustam aka Andijon 2005 xamda Qirgizistonda bulib utgan voqealar haqida xolis bir fikrizzi bilmoqchi edim ..??? iltimos?? Xamda Uzbekistonning buyuk kelajagiga xali xam iwonasizmi uzi..???Oldindan tashakkur!!

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Жамшид! Шунга ўхшаш саволга юқорида жавоб берган эдим, яна такрорлашим мумкин: 2010 йилнинг 28 апрелида «ЦентрАзия» деган сайтнинг қуйидаги адреси бўйича: http://www.centrasia.ru/news.php?st=1272404460, менинг "Р.Абдуллаев. Республика или монархия? Какая форма государственного правления эффективнее для Кыргызстана и других стран Центральной Азии", деган сарловҳали мақолам чоп этилди. Сиз менинг шу мақоламни ва ўша сайтдаги бошқа мақолаларни ўқисангиз, саволингизга тўлиқ жавоб оласиз, деган фикрдаман.

Ozodbek Soyipov, London:Muhtaram Professor janoblari sizga bir savol bn murjat qilmoqchi edim...iltimos..??Nega xozirgi Uzbekiston hukumati mamlakat ichkarisidan muxolifat liderlari va partiya vakillarini emin erkin faoliyat yuritishina taqiqlab chetga surgun qildi..?? Xammamizga malimki Hurmatli Rustam aka erkin demokratik davlatlarning barchasida oppozitsion ,muxolif partiyalar faoliyatlarini erkin yurita oladilar..Xush nega ularning faoliyati Uzbekistonda cheklangan..?? shu haqida bir fikrizni bilmoqchi edim..? raxmat!

Рустам Абдуллаев: Ҳурматли Озодбек! Бошқа мамлакатларнинг оппозиционерлари ўз ватанини севадилар ва улар мард. Шунинг учун ҳам улар қамалсалар ҳам, қийналсалар ҳам, кўпинча ўз ватанларида яшайдилар ва тинч йўл билан халқ манфаатларини ҳимоя қиладилар. Бизда эса бундай расмий оппозиция вазифасини Ўзбекистонда мавжуд партиялар бажаряпти. Чет элга қочиб кетган кимсалар тўғрисида эса, уларни оппозиция деб атаб, қандайдир ижобий фикр айта олмайман, чунки уларнинг Ўзбекистонга бирон-бир нафи текканлигини билмайман ва эшитмаганман. Аксинча, улар Ўзбекистонда нима ишлар бўлаётганидан бехабар, ўз ватанлари устидан ғийбат қилишдан бошқа нарсани билмайдиган кўринишади ҳолос…

Абу Бакр, Тошкент: Мухтарам "академик" айтингчи нима учун Узбекистонни амалдаги президенти конституцияга зид равишда 3-марта сайланди? Факат мавзудан четга чикмасдан саволларга аник жавоб берсангиз.

Рустам Абдуллаев: «Муҳтарам» Абу Бакр! Сизга ўхшаган одамларга аслида жавоб бериш ҳам ошиқча иш бўлишига қарамай, сизга ҳам юқорида бошқаларга айтиб ўтанимдек «ЦентрАзия» деган сайтнинг http://www.centrasia.ru/news.php?st=1272404460, адресида жойлашган менинг "Р.Абдуллаев. Республика или монархия? Какая форма государственного правления эффективнее для Кыргызстана и других стран Центральной Азии", деган сарлавҳали мақоламни ўқиб чиқишни тавсия этаман. Мен сиз сўраган саволларга нисбатан қандай фикрда эканлигим ўша менинг мақоламда батафсил ёритилган. Шунинг учун ҳам бу ерда сизнинг саволингизни муҳокама қилишга ўрин йўқ деб ўйлайман.