'Жаслиқ' қамоқхонасида яна бир маҳбус ҳаётдан кўз юмди

Қамоқхона
Image caption Нурулло Мусаев "Жаслиқ" қамоқхонасида ҳаётдан кўз юмган биринчи маҳбус эмас

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи тарқатган хабарларга кўра, шу йил апрел ойининг ўрталарида Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" жазони ўташ колониясида узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Нурулло Мусаев ҳаётдан кўз юмган.

26 ёшли Нурулло Мусаевнинг 2 фарзанднинг отаси ва Тошкент туманининг Назарбек посёлкасидан бўлгани айтилади.

У бундан 10 йил бурун, "Ўзбекистон Республикасидаги конституцион тузумга тажовуз қилиш," "Жиноий уюшма тузиш," ҳамда "Жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартибга таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"да айбланиб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Эксперт Ишчи гуруҳининг билдиришича, Мусаевнинг яқинлари унинг жасадини 13 апрел куни кечқурун уйга олиб келишади ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кучли назорати остида эртаси куни эрталаб дафн этишади.

"Нурулло Мусаевнинг ўлими ҳақида қамоқхона маъмурияти томонидан берилган билдиришномада унинг ўпкасидан қон кетиши туфайли ҳаётдан кўз юмгани айтилади. Аммо қон кетиши сабаби кўрсатилмаган," дейилади ташкилот хабарида.

Марҳумнинг оила аъзолари эса, Нуруллони сўнгги бор шу йилнинг 8 январ куни бориб кўришгани ва учрашув чоғида унда бирор бир касаллик аломатларини кўришмагани, ўзи ҳам соғлиғидан шикоят этмаганини айтишган.

Нурулло Мусаевнинг яқинларига кўра, майитни юваётган пайтларида унинг умуртқа поғонаси синган ёки жиддий шикаст егандек туюлган. Чунки марҳумнинг боши ноодатий равишда бўйни атрофида айланиб турарди, дейишган улар.

Эксперт Ишчи гуруҳининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, "Жаслиқ" колониясида тутиб турилган яна бир маҳбус Бухородаги 3-сонли тергов изоляторига ўтказилгандан сўнг ўша ерда жон таслим қилган. Аммо ўлими сабаби маълум эмас.

Янги тартиб-қоидаларга кўра эса, энди қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган маҳбуснинг жасадини уйга келтириш унинг ўз яқинлари зиммасига юкланган, дейди ташкилот.

"Диний маҳбусларга босимлар ошган"

Эксперт Ишчи гуруҳи Ўзбекистондаги кўплаб қамоқхоналарда сақланаётган диний маҳбусларга нисбатан босимлар кучайганига оид хабарлар ҳам олаётганликларини билдирган.

Диний маҳбусларнинг бирор киши билан мулоқот қилишлари буткул чекланган ва улар бунинг учун қаттиқ жазоланишади, агар диний маҳбус бошқа бир диний маҳбус билан сўзлашса, ягона мақсад йўлида бошқа диний маҳбуслар билан алоқаларини кучайтириш учун фитнага бош қўшаётган, деб кўрилади дейди ташкилот.

Эксперт Ишчи гуруҳининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бошқа турдаги маҳбусларни динийларига қарши қайраш ҳоллари ҳам ортган.

Ташкилот хабарида мисол тариқасида келтирилишича, Қашқадарё вилоятидаги икки қамоқхонада бир нечта диний маҳбус Ўзбекистон мадҳиясини айтишдан бош тортганлиги учун қолган ҳамма маҳбуслар уни куйлашга мажбур қилинган.

"Қамоқхона назоратчилари аввалига у ерда турган 80 га яқин маҳбусни роса калтаклашган, кейин бир неча соат давомида уларга мадҳия айттиришган," дейилади ташкилот тарқатган хабарда.

Бошқа бир ҳодисада эса, ўша гуруҳда бўлган диний маҳбуслар намоз ўқиганликлари учун қолганларини кўп бора ўтириб-туришга мажбур қилишган.

Қатор халқарою маҳаллий ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар воситасида ҳаётдан кўз юмиши ноодатий ҳол эмаслигини айтишади.

Оврўпо Иттифоқи 2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатларнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирганди.

2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюрган БМТ маърузачиси эса, мамлакатда қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган эди.