Андижонга қайтган қочқин аёл қийноқларга тутилмоқда

Image caption Дилором Абдуқодирова Ўзбекистон Олий судида ҳукумат кучлари намойишчиларга ўт очгани ҳақида кўрсатма берган Маҳбуба Зокированинг опаси

Австралиядан Андижонга қайтиб борган қочқин аёл Дилором Абдуқодирова қийноқларга тутилган. Унинг бугун давом этган маҳкама ишида иштирок этган қариндошларига кўра, унинг юзлари кўкариб, шишиб кетган ва аҳволи жуда ёмон. "У нима деяётганини ўзи билмайди" - дейди унинг синглиси.

Дилором Абдуқодирова конституцион тузумга тажовуз қилиш ва Ўзбекистонга ноқонуний киришда айбланмоқда.

Унинг устидан маҳкама иши Андижонда ўтган ҳафта очилган. Қариндошлари хабарисиз, ёпиқ ҳолда ўтказилган маҳкама ишининг илк кунида Абдуқодирова хоним айбловларни рад қилган.

Унинг оиласи бешинчи адвокатни ёллашига қарамай, уларнинг Абдуқодирова хоним билан учрашишларига рухсат берилмаган. Адвокат ҳатто судланувчининг оиласига маҳкама иши очилгани ҳақида хабар бермаган.

Бундан норози бўлган оилага адвокат "менинг ҳам бола-чақам бор" деб жавоб берган.

Маҳкаманинг иккинчи куни

Бугун маҳкама ишининг иккинчи куни бўлиб ўтди, унда иштирок этган Абдуқодирова хоним оила аъзолари ва қариндошлари унинг ўта абгор жисмоний ҳолда эканини айтишди.

Унинг оила аъзолари айтишича, у ўтган ҳафта маҳкама иши очилганида айбларни бўйнига олмагани учун бугунга қадар қийноқларга тутилган ва дўппосланган.

Дилором Абдуқодирова тўрт фарзанди ва эрини Ўзбекистонда қолдириб, аввалига Қирғизистон, сўнг Австралияда бошпана топганди.

У Андижон воқеалари бўйича Олий судда ҳукумат қўшинлари халққа қарата ўқ очди дея гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг опаси.

Хавфсизлик ваъдаси

Дилором Абдуқодирова билан Ўзбекистонни тарк этган укаси Муҳаммаджон Мўминовнинг Би-би-сига айтишича, опасининг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандларига Андижондаги маҳалла фаоллари томонидан босим бўлган, Дилором Абдуқодированинг ватанга қайтиши лозимлиги қарийб беш йил мобайнида яқинларига айтиб келинган.

"Уйларига маҳалла комиссияси фаоллари киришиб, мажлисларда ҳам "келининглар келсин, ўзлари келишмаяпти экан. Айтинглар келсин, президентимиз аёлларни авф этган экан. Уларга ҳеч ким тегмайди", деб қайта-қайта айтаверишганидан кейин опам қайтишга қарор қилганди, дейди Муҳаммаджон Мўминов.

2010-йил январида Тошкент аэропортида Дилором Абдуқодировани чет элга ноқонуний чиқиш айблови билан ушлашади, бироқ тўрт кундан кейин у оиласи аъзолари билан кўришади.

Муҳаммаджон Мўминов айтишича, опасини Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасига "савол-жавоб"га чақириб туришган, бироқ 12-мартда Дилором Абдуқодировага нисбатан жиноий иш очишганини маълум қилишган.

2005-йил 13-майида Андижон қирғинидан кейин юзлаб Ўзбекистон фуқаролари қочқин сифатида Оврўпо, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда бошпана топишган, орадан икки йил ўтиб бир гуруҳ қочқинлар Андижонга қайтишга қарор қилгандилар.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Андижонга қайтган собиқ қочқинлар ҳукумат таъқибига учраганини хабар қилганлар.