'Бунёдкор' 'Ал-Ваҳда' 4:1, Ўзбекистон чемпиони кейинги босқичга чиқди, энди-чи?

'Бунёдкор'
Image caption Сурат "Бунёдкор"нинг расмий веб саҳифасидан олинди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон чемпиони "Бунёдкор" ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Ваҳда"сини йирик ҳисоб билан ер тишлатиб, Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан чиқишга муваффақ бўлди.

Сўнгги беллашув "Бунёдкор"нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги тақдирини ҳал қилажак учрашув эди.

Чунки Эроннинг "Зобаҳан"ига кетма-кет икки бор ютқазиб қўйиши ортидан "Бунёдкор"нинг гуруҳ босқичидан чиқиш имкониятлари қил устида қолганди.

Жамоа бунинг учун "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Ваҳда"га қарши ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозониши лозим эди.

Бундан аввал "Ал-Ваҳда"нинг "Зобаҳан"ни ер тишлатиши, сўнгги учрашувда "Зобаҳан"нинг "Ал-Иттиҳод"ни мағлуб этиши эса, "Бунёдкор"нинг имкониятларини янада яхшилади.

Ўзбекистон чемпиони бу йил ҳам Осиё ва клублар орасида Жаҳон чемпиони бўлиши ниятини яшираётгани йўқ.

Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар жамоаси бўлган "Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида Осиё Чемпионлар лигасининг ярим ва чорак финалларига чиқишга муваффақ бўлган.

"Бунёдкор"га футбол оламининг энг донгдор мураббийларидан Луиз Фелиппе Сколари бошчилик қилади. Жамоа сафларида эса, Ривальдо ва Денилсон каби дунёнинг юлдуз ўйинчилари тўп суришади.

Биз "Бунёдкор" клуби матбуот воизи Аброр Имомхўжаев билан боғланиб, сўнгги янгиликка уларнинг ўз муносабатлари билан қизиқдик.