Ўзбекистонда матбуот эркинлиги нима ёки бошдан кечирилмаган 'оғир дамлар'...

Тошкент
Image caption 'Ўзбек матбуоти ва телевидениеси жамият ҳаётини нотўғри кўрсатишига оддий одамлар кўникиб кетгани табиий ҳол...'

Ўзбекистон матбуотидаги бугунги шароит эҳтимолки ўзбек журналистлари учун ҳали шу пайтгача бошдан кечирилмаган энг оғир дамлар бўлса керак, дейди давлат матбуотида ишловчи маҳаллий журналист ўзаро суҳбатда ғамгинлик ила.

"Қийинлиги шундаки, ўзимиз ёлғонлигини билиб турган нарсалар ҳақида ҳар куни ёзишимизга тўғри келади, бунга баъзан кўникиб ҳам кетамиз, лекин барибир бунинг аслида маънисиз нарса экани виждонингни қийнайди," дейди у.

Бугун Ўзбекистон матбуотида ишловчи барча журналистлар раҳбарият томонидан берилган топшириққа биноан ёзиши, ҳаттоки, ўта юзаки танқидга ҳам йўл очиши мумкин бўлган фикрлардан узоқ туриши керак.

"Фақат ютуқ ва ғалабалар, мамлакатнинг иқтисоди гуркираб ўсаётгани ва демократик ўзгаришлар бутун дунё ҳамжамияти томонидан баралла эътироф этилаётгани ҳақида ёзишимиз керак," дейди у.

Оқибатда ташқарида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги "ёмонларнинг ёмони" дея баҳоланса, мамлакат матбуоти сўз эркинлиги ва демократия тўла барқарор экани ҳақида бонг уради.

Аксар маҳаллий журналистлар бу сўзларга ишонади ҳам ва ўзларининг қилаётган ишлари учун юқори даражада тақдирланади.

Яқин йиллардан буён Ўзбекистон Жаҳон матбуоти эркинлиги кунини кенг нишонлай бошлади. "Олтин Қалам" мукофотини таъсис қилди ва ҳар йили 3 май куни ҳукуматнинг энг фаол тарғиботчиларига бу мукофот тантанали равишда топширилади.

Аксар кузатувчилар бу тадбирни умуман сўз эркинлиги устидан кулиш сифатида баҳолайди ва чуқур истеҳзо билан қабул қилади.

Бу йилги тадбир Тошкентда шу кунларда ўтаётган Осиё Тараққиёт банкининг йиллик анжумани туфайли бошқа кунга кўчирилган.

"Йилт" этган ўзгача фикрга ўрин йўқми?

Маҳаллий журналистнинг айтишича, мавжуд босим ва назорат туфайли аксар матбуот нашрларида нафақа ёшига яқин кекса журналистлар ёки тажрибаси кам ёш журналистлар ишламоқда, холос. Ўз мақолаларида "йилт" этган ўзгача фикрга йўл қўйувчи журналистлар маъмурларга аллақачон таниш бўлиб қолган ва муҳаррирлар бошига бало орттирмаслик учун уларни ишга олишмайди.

"Оилани боқиш керак. Жамиятда, жамоада ола бўлиб ажраб қолмаслик керак. Хавфсизлик хизмати рўйхатига тушиб қолсанг, кейин бир умр муаммолардан бошинг чиқмай юради. Шу боис аксарият кишилар ҳозирги вазиятдан унча норози эмас. Қанча кўп ва ўзига хос мақтов ёзсанг, шунча кўп тақдирланасан. Одамлар эса кўникиб кетган. Уларнинг матбуот ва унда айтилаётган гаплар билан иши ҳам йўқ. Улар ўз дунёсида, биз ўзимизнинг дунёмизда яшаймиз," дейди ўзбек журналисти.

Тошкентдаги мустақил журналистлар бирининг айтишича, ўзбек матбуоти ва телевидениеси жамият ҳаётини нотўғри кўрсатишига оддий одамлар кўникиб кетгани табиий ҳол.

"Менинг назаримда аслида ўзбек жамияти учун демократия ва сўз эркинлиги деган нарсалар бегонага ўхшаб туюлади. Халқнинг ўзи шу пайтгача матбуотда ҳақ сўз айтилишини талаб қилгани йўқ. Бир неча йиллар аввал камсонли ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбек телевидениеси биноси олдида ўтказган кичик намойишдан ташқари," дейди бу журналист.

Унга кўра, одамлар бошқа жамиятлардаги каби ҳақ сўз учун курашадиган журналистни ҳимоя қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Уларнинг назарида матбуот давлат раҳбарларини қониқтириш учун ишлайдиган восита, холос.

"Аслида ҳам вазият ҳозир шундай. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, жаҳон агентлиги веб саҳифалари ва “Ахборот” дастурини кўришнинг ўзи кифоя. Бутун хабарлар оқими давлат раҳбарининг кўнглини кўтариш учун ёзилади, холос," дейди у.

Ўзбек журналистлари орасида истеҳзоли гап юради, "бизда сўз эркинлиги бор, ҳамма нарса ҳақида ёзиш мумкин, фақат мақтаб ёз".

Бу мавзуда батафсилроқ