Андижон қирғинининг беш йиллигига бағишланган анжуман ва 'қирғинга оид янги тафсилотлар'

Андижон ҳодисаларида нобуд бўлганлар
Image caption Андижонда ўлганларнинг аниқ сони ҳануз номаълум...

Брюсселда Андижон қирғинининг беш йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон ташаббус гуруҳи, "Андижон-Адолат ва тикланиш" ташкилоти аъзолари, хориждан бошпана топган қочқинлар, шу билан бирга қатор нуфузли ташкилотлар, жумладан Оврўпо парламенти ва Оврўпо Комиссиясидан ҳам вакиллар иштирок этишган.

Брюсселда бўлган мухбиримизнинг айтишича, бу каби тадбирлар Андижон ҳодисаларидан кейинги йилларда ҳам ўтказиб келинган, аммо бу йилги анжуман Андижон қирғинининг беш йиллиги муносабати билан ўтказилаётгани учун ҳам аҳамиятлидир. Брюссел анжуманида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти мубоҳаса этилган, айни пайтда Андижон ҳодисалари гувоҳларининг чиқишлари тингланган.

Гувоҳларга кўра, улар "Андижон-Адолат ва тикланиш" ташкилоти фаолияти доирасида Андижонда нобуд бўлганлар сонини аниқлаш учун ўзлари тадқиқотлар олиб боришмоқда. Мухбиримизга кўра, уларнинг мониторинглари хориждан бошпана топган қочқинлар билан суҳбатларга асосланган. Ҳозирча улар Андижонда 2005 йил 13 май куни ўқ тегиб нобуд бўлган 87 нафар инсоннинг исмларини, 11 киши бедарак кетганини аниқлашга муваффақ бўлишган. Бунга қўшимча яна 244 нафар киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълумотлар тўпланган, аммо, уларнинг ҳали исм-шарифларини аниқлашнинг имкони бўлмаган.

"Андижон-Адолат ва тикланиш" ташкилоти ўз изланишлари давом этаётгани, бироқ кўп қийинчиликларга дуч келинаётганини айтади. Ташкилот аъзоларининг даъво қилишларича, улар бу инсонларнинг қаерларда ҳаётдан кўз юмганлари ҳамда қаерларда оммавий бир тарзда кўмилганларини ҳам аниқлашга муваффақ бўлганлар.

'Хунрезлик' Андижон қирғинидан кейин ҳам давом этганми?

Бундан ташқари анжуманда Андижонда ўликхонада ишлайдиган шифокор билан қилинган видеотасвир ҳам намойиш этилган. Гуё шифокорнинг шахсини ошкор қилмаслик учун суҳбат қоронғу хонада ташқи қиёфаси аниқ кўрсатилмай олинган. Бу видеотасвир "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилоти тарафидан туширилган.

Яъни, андижонлик шифокорлиги айтилган аёл видеосуҳбат давомида 2005 йилнинг сентябридан 2006 йилнинг илк ойларигача 300га яқин жасадни кўрганини айтган. Шифокор ўлганларнинг ҳаммаси Андижон ҳодисаларига алоқадор бўлганини даъво қилган. "Унинг айтишича, ўликларни оёқларига боғлаб қўйилган яшил карточкалар билан ажратишган ва улар махсус хизматлар ходимларининг қаттиқ назоратлари остида бўлган", дейди мухбиримиз.

Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ва бошқа инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу одамлар Андижондаги намойишларидан сўнг сўроққа тутилган ва ё мазкур ҳодисаларда иштирок этган одамлар ҳамда қочқинлар яқинларининг жасадлари бўлиши мумкин. Фаолларнинг иддао қилишларича, бу инсонлар терговлар пайти қийноққа тутилиши ва ўқ тегиши натижасида ҳаётдан кўз юмганлар.

Шу билан бирга андижонлик шифокор деб таништирилган аёл видеосуҳбатда жасадларда қийноқ аломатлари бўлганини ҳам айтган. Яъни, бу одамлар Андижон ҳодисалардан кейин ҳаётдан кўз юмганлар.

"Шифокор аёлнинг видеосуҳбатда даъво қилишича, ўликхонага улар ўлганидан 2-3 соатдан кейин олиб келишган. Яъни, 2005 йилнинг сентябридан то 2006 йилнинг илк ойларигача 300га яқин жасад келтирилган", дейди мухбиримиз.

Оврўпонинг Ўзбекистонга қаратилган сиёсати

Брюсселдаги Би-би-си мухбири билан суҳбатда бўлган Оврўпо парламентининг италиялик вакили Оврўпонинг Ўзбекистонга қаратилган сиёсати иш бермаётганини тан олган. Унинг айтишича, Оврўпонинг хатоси Ўзбекистонга қарши чекловлар киритиш билан бир пайтда мулоқотлар ҳам олиб борилгани бўлган. Оқибатда икки усул ҳам иш бермаган.

Оврўпо парламенти вакилига кўра, аслида парламентда Ўзбекистонга қаратилган бир сиёсат ишлаб чиқилмаган. Ва Брюссел анжумани иштирокчиларининг таъкидлашларича, Ўзбекистонга қарши жазо чораларининг бекор қилиниши Андижон қирғинига оид "иш ёпилди" деган ишора берган.

Аммо қатор журналистлар, фаоллар ва гувоҳларнинг саъйи ҳаракатлари туфайли Андижон қирғинига доир янги тафсилотлар ўртага чиқа бошлаганига ишоралар мавжуд.

Хусусан, Андижон қирғинидан омон қолганларнинг кўрсатмалари Андижон фожеаси ҳали давом этаётганидан дарак беради.

Бу мавзуда батафсилроқ