Таниқли журналист Хайрулло Ҳамидовга қўйилаётган айбловлар тафсилотлари маълум бўлган

Хайрулло Ҳамидов
Image caption Хайрулло Ҳамидов январ ойи охирида ҳисбга олинганди

Таниқли журналист ва спорт шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов устидан маҳкама жараёни пайшанба кунига қолдирилгани хабар берилар экан, журналистга қўйилган айблов бўйича Би-би-сига қуйидагилар маълум бўлган. Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган "Жиҳодчилар" гуруҳига аъзо бўлиш ва жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда.

Айблов хулосасида ёзилишича, Ҳамидов ўзи билан судланаётган бир неча шахс билан биргаликда ташкил қилинган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимга аъзо бўлган, оқимнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда фаолиятини кенгайтириш мақсадида Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи, етарли диний билимга эга бўлмаган турли диний йўналиш вакилларини, яъни "Тариқат йўналиши, "Салафия" йўналиши ва бошқа диний йўналишга аъзо шахсларни жалб қилиб, турли диний курашчиларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2008-2009 йилларда, Тошкент вилояти ва шаҳри ҳудудида ўтказилган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимининг йиғилишларида иштирок этган ва ноқонуний равишда жиҳод, ҳижрат, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида маърузалар ўқиб келган.

Ушбу хулоса асосида таниқли журналистга жиноят кодексининг 244-моддаси 2 банди бўйича айблов қўйилмоқда. Мазкур айблов банди "диний экстремистик, сепарастик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок қилиш"ни назарда тутади.

Агар ушбу айблов маҳкама жараёнида ўз исботини топса, журналист 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси тергов бўлинмаси катта терговчиси Адлия подполковниги Н. Р Аюпов томонидан ёзилган айблов хулосасига кўра, Хайрулло Ҳамидов Жиноят кодексининг 244- моддасининг 1-банди билан ҳам айбланмоқда.

Ушбу айблов банди "жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"ни назарда тутади. Хулосада ёзилишича, журналистнинг уйи тинтув қилинганда, Абдували қори Мирзаев ва Обид қори Назаровларга тегишли аудио овозлар ва араб алифбосидаги китоблар топилган. Терговчи ушбу юқорида номлари келтирилган одамларни Ўзбекистонга "Ваҳобийлик" ноқонуний диний экстремистик оқимини ёйганлигини айтиб ўтган.

Жиҳодчилар кимлар?

2009 йилнинг май ойида Андижон ва Хонободда бўлган портлашларни ўз зиммасига олган гуруҳ ўзларини "Жиҳодчилар" дея атаган ва шундан сўнг Ўзбекистонда диндорларга нисбатан янги ҳибсга олишлар бошлаб юборилганди.

Илк бора 2009 йилнинг август ойида қаршилик 11 киши ушбу гуруҳда аъзоликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Кейин андижонлик, жиззахлик ва сирдарёлик диндорлар мана шу гуруҳга аъзоликда айбдор дея топилди.

Аммо кузатувчилар ушбу гуруҳ ҳукумат томонидан диндорларни озодликдан маҳрум қилиш учун ўйлаб топилган бўлиши мумкинлигини ҳам айтишади.

Сўнаётган умидлар

Кузатувчилар журналист Хайрулло Ҳамидов тергов жараёни бошқа диний айбловлар билан айбланганларникидан бироз фарқ қилишини айтиб ўтганди. Яъни, апрел бошида бўлиши керак бўлган маҳкаманинг тергов хулосаларида камчиликлар борлиги айтилиб, қайтариб юборилиши бу каби ишлардаги илк ҳолат дея қайд этилганди.

Ўшанда Хайрулло Ҳамидов ва у билан бирга тергов қилинаётганлар маҳакама залидан озод қилинишлари мумкин деган умидлар билдирилганди. "Аммо МХХ терговчисининг сўнгги хулосаси умидларни пучга чиқарган кўринади," дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов.

Хайрулло Ҳамидов 1975 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

Ижодий фаолиятини "Туркистон" рўзномасида бошлаган, кейинроқ Ўзбекистон телевидениесида спорт шаҳловчиси сифатида фаолият кўрсатган.

"Футбол плюс", "Футбол ичида, футбол атрофида" (ФИФА), "Интерфутбол", "Еврофутбол", "Кучли бешлик" ҳамда "Футбол мундиал" номли муаллифлик ва бошқа кўрсатувлари спорт, хусусан, футбол ишқибозлари орасида шуҳрат қозонган.

Сўнгги пайтларда диний-маърифий мавзудаги чиқишлари билан танилган. Диний-маърифий мавзудаги "Холислик сари" радиодастурлари бутун минтақа давлатларида машҳур бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ