Тошкентда Осиё Тараққиёт Банкининг йиллик анжумани ўз ишини якунламоқда

Осиё Тараққиёт Банки Президенти Харухико Курода
Image caption Курода жаноблари анжуманда асосий эътибор қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва минтақавий интеграция масалаларига қаратилишини маълум қилганди

Осиё Тараққиёт Банкининг Тошкентда ўтаётган йиллик анжумани ўз ишини якунламоқда. Душанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва банк Президенти Харухико Куродалар саммитнинг расмий очилиш маросимида сўзга чиқишганди.

Осиё Тараққиёт Банкига кўра, глобал иқтисодий инқироз ва моливий бўҳрон манзарасида қаралса, анжуман ўз вақтида ўтказилмоқда.

Саммитда 67 аъзо давлатдан ҳукуматлар ва марказий банклар раҳбарлари ҳамда молия вазирлари дохил жами 3 минг вакил иштирок этишяпти.

Аммо, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари анжуманни ўтказиш учун матбуот эркинликлари чекланган, инсон ҳуқуқлари поймол қилинадиган ва иштирокчилар рўйхати расмийлар тарафидан қаттиқ назорат қилинувчи Ўзбекистон танланганини танқид остига олганлар.

Осиё Тараққиёт Банки Президенти Харухико Курода анжуманда асосий эътибор қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва минтақавий интеграция масалаларига қаратилишини маълум қилганди.

'Cувсиз ҳаёт йўқ'

Банк Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаол бўлиб, транспорт, энергетика, сув ва тозалик, таълим ва молия соҳаларига алоқадор қатор лойиҳаларни дастаклаб келади.

Осиё Тараққиёт Банки Марказий Осиёда Шўролар Иттифоқи парчаланганидан сўнгги қарийб 20 йил асносида йирик сармоядор ҳисобланади.

Банки Президенти Харухико Курода очилиш маросимидаги баёнотида Ўзбекистондаги болаларга бошланғич таълим бериш сифатини яхшилашга қаратилган икки лойиҳани тилга олди. Лойиҳа болалар учун дарсликлар ва техник жиҳозлар етказиб беришга қаратилган.

Ўз ўрнида Ўзбекистон Президенти Осиё Тараққиёт Банки мамлакат учун ўта муҳим бўлган таркибий (ёки структуравий) ислоҳотлар ва иқтисодни кенгайтириш дастурларини амалга оширишда асосий ҳамкорга айланиши мумкинлигини айтди.

У Ўзбекистон ва Осиё Тараққиёт Банки келажакдаги ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириши муҳимлигини қайд этган.

Ўзбекистоннинг 95 фоиздан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари суғориладиган ерлардан олинишини таъкидлар экан, Каримов жаноблари сувни тежовчи технологиялар сув заҳиралари камайиб бораётган минтақа учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгалигини қўшимча қилган

Президент қўшни давлатларни ўз сув сиёсатларида минтақа экологияси билан боғлиқ хавотирларни инобатга олмасликда танқид қилган.

"Ўзбекчада "сувсиз ҳаёт йўқ" деган гап бор. Шунинг учун ҳам, биз бу муаммога жиддий ёндашамиз", деб айтган Ўзбекистон Президенти.

Осиё Тараққиёт Банки Президенти Харухико Курода иқлим ўзгаришига қарши кенгроқ кўламли амалларга қўл уришга чақирди. Жаноб Куродага кўра, ёруғроқ келажак яшилроқ келажак билан бирга яратилиши керак. "Биз шиддатли тараққиёт атроф-муҳитга бундан ортиқ зиён етказмаслиги учун имкон даражасида ҳаракат қилишимиз зарур", деб айтган у.

Осиё Тараққиёт Банки келаси уч йил асносида 3.000 меговатт энергия ишлаб чиқариши мумкин бўлган ва қуёш энергиясига асосланган янги лойиҳа ташаббуси билан ҳам чиққан.

Банкининг Бош Бошқарувчиси Ражат Наг лойиҳа аҳамиятини урғуларкан, Осиё ва Тинч уммони ҳавзасида энергияга бўлган эҳтиёж қарийб икки баробар ортиб кетади ва шу сабабдан ҳам энергия ишлаб чиқаришнинг янгича усулларига фавқулодда эҳтиёж бордир

Осиё Тараққиёт Банки ўз йиллик анжуманини Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилгани баҳсу мунозараларга сабаб бўлган. Бунга мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг абгорлиги сабабдир. 1992 йилдан бери банкнинг кузатувчиларидан ҳисобланган NGO Forum ташкилоти 43-саммитни бойкот қилишини эълон этди.

Саммит Ҳюман Райтс Уотч Андижон ҳодисаларининг беш йиллиги муносабати билан янги ҳисоботи чиқариши билан бир вақтга тўғри келган. Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати Андижонда кечган намойишларга алоқадорликда гумон қилинганларнинг яқинларини қаттиқ таъқиб қилаётгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ