Ўзбекистонда хусусий нотариал идоралар бўлмайди

Image caption 15 майдан Ўзбекистонда хусусий нотариус идоралари фаолиятини тугатиш талаб қилинган

Ўзбекистон президенти хусусий нотариал идоралар фаолиятини тақиқлаш ҳақидаги фармонни имзолаган. Бунга хусусий нотариал идораларининг қонунга зид ҳужжатларни тасдиқлаши ҳоллари кўпайгани сабаб бўлгани билдирилган.

Ўзбекистондаги журналистларга кўра, Президентнинг нотариал идоралар фаолиятига бағишланган фармони матбуотда эълон қилинмаган, бироқ хусусий нотариал идоралар фаолияти бугундан тўхтатилганини кузатиш мумкин.

Ҳолбуки, фармонда хусусий нотариуслар тизимини 15 майдан бекор қилиш кўзда тутилган.

Тошкентдаги қатор хусусий нотариус идораларига қўнғироқ қилганимизда, улар чиндан ҳам ўзларининг кўчларини йиғиштиришаётганини айтишди.

Фармон матни билан танишганларга кўра, Ўзбекистон президентининг бундай қарорга келишига хусусий нотариал идораларининг қонунга зид ҳужжатларни тасдиқлаши ҳоллари кўпайгани сабаб бўлган.

Хусусий нотариуслар қонунларни бузишган ҳамда ғаразли мақсадни кўзлаб ўзларининг хизмат ваколатларини суистеъмол қилгани аниқланган, дейилади фармонда. Айтилишича, хусусий нотариуслар билан кўчмас мулк маклерлари ва автотранспорт савдоси билан шуғулланадиганлар орасида криминал вазиятни юзага келтирган.

Охирги икки йил мобайнида 110 хусусий нотариус турли жавобгарликка тортилган, 49 нотариус лицензияси тортиб олинган, 61 таси интизомий ва жиноий жавобгарликка тортилган, дейилади Ўзбекистон Президенти фармонида.

Бироқ тошкентлик журналист Сергей Ежков фикрича, президент фармонида жиноий унсурлар билан туташиб кетган ноҳалол нотариуслар сони ўнлаб деб камайтириб кўрсатилган, шубҳали ёки қонунга зид экани бошидан аён бўлган шартномаларни тасдиқлаб берган нотариуслар сони бундан бир неча баравар кўп. Бу фармон билан аҳвол яхшиланади, деб ўйлаш хато бўлур эди, дейди Сергей Ежков.

"Бу етарли даражада самарали чора, деб ўйламайман. Ҳеч кимга сир эмас, нотариат тизимида судья, прокурор ёки милицияда ишлаётганларнинг яқинлари, болалари шуғулланишади. Бу улар учун ҳужжатни нотариус муҳри билан тасдиқлаб бериш эвазига мўмай даромад олиш бизнесига айланган. Фармондан кейин ҳам "таниш-билиши" борларнинг нотариат тизимидан чиқариб юборилишига шубҳа қиламан", дейди Сергей Ежков.

Бундан кейин Ўзбекистонда Адлия вазирлигига бўйсунадиган нотариус идоралари фаолият юритади, "нотариусга иши тушадиган оддий фуқаролар энди кам сонли идоралар қаршисида узоқ навбатлар ҳосил қилишга мажбур бўладилар", деб ҳисоблайди журналист Сергей Ежков.