Daimler Ўзбекистонда автобуслар ишлаб чиқаришга қарор қилди

Mersedes-Benz автобуслари
Image caption Daimler Ўзбекистонда Mersedes-Benz русумли автобусларни ишлаб чиқариш ниятида

Ўзбекистоннинг Узавтосаноат ва Олмониянинг Daimler атомобилсозлик ширкатлари Ўзбекистонда Mercedes-Benz русумли автобусларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона қуриш бўйича шартнома имзолаганлар.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги маҳаллий интернет саҳифалар ҳукумат мулозимига иқтибосан маълум қилганлар.

Қўшма корхона Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун сайёҳлик, шаҳар ичи ва шаҳарлараро автобуслар ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Унинг таъсис фондни 8 миллион доллар миқдорида экани айтилади.

Ҳукумат мулозимининг маълум қилишича, қўшма корхона ҳиссаларининг 51% Daimler, 49% фоизи эса Узавтосаноатга тегишлидир.

Ўзбек-олмон қўшма автомобилсозлик ширкати Daimler 22 давлат мулозимларига пора берганини тан олишидан бир ой ўтиб барпо этилмоқда.

Ёмонотлиқ бўлган ширкат

Апрел ойи бошида Олмониянинг Daimler автомобилсозлик ширкати раҳбарияти Ўзбекистон дохил дунёнинг 22 мамлакати давлат мулозимларига пора берганини тан олган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги Daimler-ни йирик давлат шартномаларини қўлга киритиш мақсадида, ҳаммаси бўлиб, 56 миллион доллар миқдорида пора беришда айблаган эди.

Daimlerни мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш қонунларини бузганликда айблаган Америка Адлия вазирлиги ширкатни поранинг бир қисмини АҚШда жойлашган бўлинмалари орқали ўтказганини даъво қилганди.

Ширкат пора берган 22 мамлакат расмийлари орасида Ўзбекистондан ташқари яна Россия ва Туркманистон давлат мулозимлари ҳам бўлганини эътироф этганди.

Ўшанда Daimler ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги эришилган келишувга мувофиқ, автомобилсозлик ширкати 185 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлди.

Ўтган икки йил ичида Daimler ўзининг пора беришга алоқадор 45 ходимини ишдан бўшатган.

Daimler ширкати ўтган йил 3.5 миллиард доллар зарар кўрди.