Давлат қораловчиси Хайрулло Ҳамидовга 7 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради

Image caption Хайрулло Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни рад этган

Янгийўл туманида ўтаётган ёпиқ маҳкамада давлат прокурори таниқли журналист Хайрулло Ҳамидовга 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.

Ноқонуний диний гуруҳ аъзолари сифатида айбланган яна 18 нафар айбланувчиларга 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари сўралган.

Мустақил инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг маҳкама залида бўлган манбаъга иқтибосан маълум қилишича, ўзининг сўнгги сўзида Хайрулло Ҳамидов айбсиз эканини айтиб, суддан озод қилишни сўраган.

У маҳкамада жиноий далил сифатида келтирилган диний материаллар, аудио ва видео ёзувлар қонуний материаллар экани ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида ишлатилганини айтган.

Маҳкаманинг бундан олдинги мажлисларида гувоҳларнинг чиқишлари тингланган, аммо бу чиқишларнинг тафсилотлари маълум эмас.

Айбланувчиларнинг аксарияти тергов жараёнида қийноққа солинганликларини айтишган.

Аммо яқинларига кўра, Хайрулло Ҳамидов қийноқлар ёки бошқа ноинсоний муомаладан шикоят қилмаган.

Ўтган ҳафта Хайруло Ҳамидовнинг яқинлари унинг ҳимоячисига иқтибосан бошқа айбланувчиларнинг журналист фойдасига гувоҳлик берганликларини маълум қилишганди.

Маҳкама қаттиқ хавфсизлик чоралари остида ўтган ва унга айбланувчиларнинг яқинлари ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари қўйилмаган.

Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

Халқаро ташкилотлар 35 ёшли Хайруллло Ҳамидовни ҳибсдан озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, "ўзбек расмийларининг Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олиш учун қўйган важлари шубҳали ва ҳар бир мустақил инсонни экстремист сифатида кўрсатишга қаратилган".

Футбол шарҳловчиси сифатида спорт мухлислари эътиборига тушган Хайрулло Ҳамидов кейинроқ ўзининг диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан халқ орасида танилган.

Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.

Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.

Хайрулло Ҳамидов асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилган.

Ўзбекистонда Ислом давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади ва ҳукумат сиёсий ўзгача фикрга тоқатсиз бўлгани каби, диний ўзгача фикрни ҳам бостиришга уринади.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари борасида алоҳида хавотирга сабаб бўлаётган давлатлар қаторига киритган.

'Жиҳодчи'

Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистонда фаолияти тақиқлангани айтилган ва "Жиҳодчилар" деб аталган гуруҳга аъзо бўлиш ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган.

Айблов хулосасида ёзилишича, Ҳамидов ўзи билан судланаётган бир неча шахс билан биргаликда ташкил қилинган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимга аъзо бўлган, оқимнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда фаолиятини кенгайтириш мақсадида Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи, етарли диний билимга эга бўлмаган турли диний йўналиш вакилларини, яъни "Тариқат йўналиши, "Салафия" йўналиши ва бошқа диний йўналишга аъзо шахсларни жалб қилиб, турли диний курашчиларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2008-2009 йилларда, Тошкент вилояти ва шаҳри ҳудудида ўтказилган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимининг йиғилишларида иштирок этган ва ноқонуний равишда жиҳод, ҳижрат, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида маърузалар ўқиб келган.

Ушбу хулоса асосида таниқли журналистга жиноят кодексининг 244-моддаси 2 банди бўйича айблов қўйилмоқда. Мазкур айблов банди "диний экстремистик, сепарастик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок қилиш"ни назарда тутади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси тергов бўлинмаси катта терговчиси Адлия подполковниги Н. Р Аюпов томонидан ёзилган айблов хулосасига кўра, Хайрулло Ҳамидов Жиноят кодексининг 244- моддасининг 1-банди билан ҳам айбланган.

Ушбу айблов банди "жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"ни назарда тутади.

Хулосада ёзилишича, журналистнинг уйи тинтув қилинганда, Абдували қори Мирзаев ва Обид қори Назаровларга тегишли аудио овозлар ва араб алифбосидаги китоблар топилган.

Айблов хулосасида уларнинг Ўзбекистонда "Ваҳобийлик" ноқонуний диний-экстремистик оқимини ёйганликлари даъво қилинади.

Охирги вақтларда Ўзбекистон маҳкамалари "жиҳодчи" ва "ваҳҳобийлик" да айбланган ўнлаб инсонларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Хайрулло Ҳамидов ва бошқа айбланувчилар устидан маҳкама ҳукмининг жума куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ