Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги: милиция устидан шикоятлар ортмоқда

Image caption Ўзбек милицияси қийноқ усулларини кенг қўллаши айтилади

Ўзбекистон расмийлари милиция ходимлари орасида ҳуқуқбузарликларнинг ортаётганини тан олишган.

Ички ишлар вазирлигининг "Постда" рўзномасида эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси И.Абдуллаевнинг "президент девонига фуқаролар томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти юзасидан қилинаётган шикоятлар ортгани" ҳақидаги сўзлари келтирилади.

Расмий хабарда айтилишича, мулозим бу ҳақда аввалроқ Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида ўтган йиғилишларда гапирган.

Айни хабарда айтилишича, Ички ишлар вазирлигининг махсус йиғилишида вазир Баҳодир Матлубов ҳуқуқ-тартибот идораларининг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидлаган.

Расмий хабарга кўра, ушбу йиғилишда республикада баъзи жиноят турларининг ортгани ҳам қайд этилган.

Ўзбек милицияси фуқаролар ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этиши ва гумондорларга нисбатан қийноқ ҳамда бошқа ноинсоний усулларни қўллаши билан танилган.

Аввалроқ "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти милиция ходимлари томонидан қонун бузилиш ҳолларининг кенг тарқалганига эътибор қаратганди.

Ташкилотга кўра, милиция устидан шикоятлар фуқаролардан келаётган умумий шикоятларнинг 80 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда ҳанузгача милиция тўғрисида махсус қонун йўқ.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ушбу ҳолат милицияни амалда ҳуқуқий доирадан ташқарида, деб эълон қилади.

Уларнинг ишонишларича, милиция фаолиятининг махсус қонун билан тартибга солинмаслиги милиция ходимларига жазодан омон қолиш ишончини берган.

Ўтмишда қийноқ қўллагани учун бир неча милиция ходимлари жазога тортилган, аммо ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қийноқ қўллаш ҳолларининг кенг тарқалгани инобатга олинса, уларни фақат жузъий холатлар, деб тасвирлаш мумкин.

Жинсий зўрлаш иддаолари

Сўнгги пайтларда ўзбек милицияси жинсий зўрлаш ҳодисалари билан боғлиқ текширувларнинг ҳам марказида бўлган.

Шу йил бошида БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак ўзбек расмийларини Райҳон Соатованинг дастлабки тергов ҳибсхонасида милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳақидаги даъволарни текширишга чақирган.

Жаноб Новак ўзининг бу борадаги иддаолар юзасидан текширув олиб бориш учун Ўзбекистонга ташриф буюришига изн беришни сўраган.

Ўзбек расмийлари ҳодиса юзасидан текширувлар бошланганини айтишган, аммо сўнгги пайтларда матбуотда опа-сингил Соатоваларни бадном қилувчи бир неча мақолалар пайдо бўлган.

Яқинда Қашқадарёда бўлиб ўтган маҳкама жараёнида милициянинг гумондор аёлни зўрлагани ҳақидаги янги иддаолар янграган.

"Эзгулик" жамияти тарқатган хабарга кўра, Қашқадарё вилоят маҳкамаси нишонлик Шоҳиста Махсумовани милиция ходимлари томонидан жинсий зўрлаш таҳдиди билан олинган кўрсатма асосида 15 йилга озодликдан маҳрум этган.

"Эзгулик" хабар беришича, шу йилнинг 9-апрел куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят маҳкамаси Шоҳиста Махсумовани қотилликда айбдор деб топган ва узоқ йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Маҳкама ҳаками Нишон туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси бўлиб ишлаган айбланувчининг кўрсатмалари, шоҳидларнинг гувоҳликларини инобатга олмаган.

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятига кўра, маҳкамада Шоҳиста Махсумова Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Нишон туман прокуратураси ходимлариининг ўзини ечинтиришгани ва номусига тегишга уринишгани ҳақида гапириб берган.

Ўз иффатини сақлаб қолиш мақсадида қотилликни бўйнига олгани ва милиционерлар истаган ҳужжатларга қўл қўйиб бергани ҳақида кўрсатма берган Шоҳиста Махсумова.

"Эзгулик" хабарига кўра, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги далада ўлдириб, сўнгра ёқиб юборилган аёл жасади топилган, ушбу қотилликда Махсумовани айблашган.

Ташкилот бу ва бошқа жинсий зўрлаш ҳодисалари юзасидан халқаро ташкилотлар иштирокида шаффоф текширув ўтказишга чақирган.